17/Май/2022 Спорт
ТОШКЕНТ, 17 май. /«Дунё» АА/. Латвия пойтахти Рига шаҳрида ўтказилган «Rimi Riga Marathon-2022» халқаро марафонида ҳамюртимиз Марина Хмелевская кумуш медалга сазовор бўлди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг маълум қилишича, бу мамлакатимиз тарихида аёллар марафонидаги иккинчи юқори натижа сифатида қайд этилди. Сўнгги бор 1984 йил Литвада ўтган собиқ иттифоқ миқёсидаги мусобақада Надия Усманова 2:30:36 вақт билан ўзбекистонлик марафончи қизлар рекордини ўрнатган эди.
Марина Латвиядаги мусобақада 2:33:19 ичида маррага етиб келган. Қайд этиш жоизки, ҳамюртимиз пойга давомида мазкур йўналишда етакчи сифатида эътироф этилган африкалик, америкалик, шунингдек, европалик рақибаларини ортда қолдиришга муваффақ бўлди.
76 мамлакатдан атлетлар ўзаро кураш олиб борган Рига марафонида маррага биринчи бўлиб Эфиопия вакили Мекурия Зеннебе етиб келди.