Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбСайёҳликЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

28/Июнь/2022   Конституциявий ислоҳотлар

Ҳиндистондан муносабат: Ўзбекистон Конституциясига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар мамлакатни яқин истиқболда етук демократик тузум ва юқори ривожланган иқтисодиётга эга давлатга айлантиради

ДЕҲЛИ, 28 июнь. /«Дунё» АА/. Ҳиндистоннинг Жаваҳарлал Неру университетининг Россия ва Марказий Осиё тадқиқотлари маркази профессори Санжай Пандей «Дунё» АА учун шарҳида Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотларнинг нечоғли долзарблигини изоҳлади.


-Ўзбекистонда сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида кенг қамровли, чуқур демократик ислоҳотлар жараёни амалга оширилмоқда. Барча соҳаларда – сиёсий, маъмурий, ҳуқуқий, ижтимоий, диний, иқтисодий, савдо ва бошқа йўналишларда рўй берган ўзгаришлар ва муваффақиятли ислоҳотларнинг энг муҳим жиҳатларидан бири бу жараёнларнинг ортга қайтмайдиган тус олганлигидир. Ўз навбатида, Ўзбекистондаги кенг қамровли ислоҳотлар жараёни Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги минтақавий ҳамкорликнинг ривожланишига ва сифат жиҳатидан янги босқичга чиқишида муҳим аҳамият касб этаётганлиги алоҳида таҳсинга сазовор.

 Сиёсий соҳадаги ислоҳотлар вақт ва изчил саъй-ҳаракатларни талаб қилувчи мураккаб жараён ҳисобланади. Бу жараён давомида парламент, президентлик, суд, сиёсий партиялар, сайлов тизимида босқичма-босқич ва аниқ ўзгартиришлар киритилади. Ушбу ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши давлат ва жамиятнинг демократлашувини кафолатлайди.

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис томонидан ташкил этилган Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда, мамлакатдаги ислоҳотлар жараёнини навбатдаги, муҳим босқичга олиб чиқиш юзасидан ўз фикр ва таклифларини билдирди.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, қисқа вақт давомида Конституциявий комиссияга фуқаролардан 50 мингга яқин турли таклифларнинг келиб тушганлиги ушбу ўзгаришларнинг нақадар долзарблигини яққол кўрсатди.

Президент комиссия аъзолари билан мулоқоти чоғида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари устувор масала эканлигини таъкидлади. Бу борада тегишли муҳим тузатишлар таклиф этилди. Хусусан, ўлим жазосининг мамлакатда бекор қилинганлигини конституциявий мустаҳкамлаш, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан шахс қўлга олинганида унинг ҳуқуқлари ва нима сабабдан ушлангани содда тилда тушунтирилишини таъминлаш, «Хабеас корпус» институтини ривожлантириш, судланган шахсларнинг қариндошлари маҳкумнинг қилмишлари учун жабр тортмасликларини таъминлаш лозим. Мазкур масалаларда тегишли нормаларни Конституцияда акс эттирилиши таклиф қилинди.

Ўзбекистон Президенти ижтимоий тенгсизликни камайтириш, фуқароларни зарур уй-жой, сифатли таълим, тиббий хизмат, ичимлик суви, муносиб иш ҳақи, хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, аҳоли турмуш тарзини яхшилаш бугунги кундаги энг муҳим вазифа эканлигини таъкидлаб, «Ўзбекистон – ижтимоий давлат» деган тамойилни асосий Қомусда мустаҳкамлаш конституциявий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири бўлишини билдирди.

Эркин ва адолатли фуқаролик жамияти ривожланиши билан боғлиқ масалалар яна бир устувор йўналиш сифатида кўрсатиб ўтилди. Бу борада маҳалла институтини эзгулик ва миллий анъаналар бешиги сифатида ривожлантириш бўйича билдирилган таклифлар ҳар томонлама ўринли ва долзарб, деб ҳисоблайман.

Давлат раҳбари томонидан Ўзбекистонда инсонпарвар, демократик ҳуқуқий давлат қуриш масаласи  тўртинчи устувор йўналиш сифатида қайд этилди. Бу борада давлат органлари фаолиятида очиқлик, ошкоралик ва ҳисобдорликни таъминлаш қоидаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Олий Мажлиснинг ҳукуматни шакллантириш ва муҳим лавозимларга тайинлаш бўйича ваколатлари кенгайтириш, жойларда ҳокимиятнинг бўлиниши тамойилини ҳаётга татбиқ этиш, маҳаллий кенгашлар фаолияти самарадорлигини ошириш, ҳокимларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини ошириш масалаларини бугунги кундаги ислоҳотлар жараёнининг муҳим қисми эканлигига тўлиқ қўшиламан.

Шунингдек, таклиф этилаётган ўзгартиришларда Конституцияга «Ўзбекистон барча давлатлар, энг аввало, ўзининг яқин қўшнилари билан тинчликпарвар ва дўстона сиёсат юритиши, унинг ташқи сиёсати инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш, давлатларнинг ҳудудий яхлитлигига оид принцип ва нормаларга асосланиши» ҳақидаги моддани қўшиш таклифини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайман. Бу Ўзбекистоннинг аввало минтақада олиб бораётган очиқ, дўстона ташқи сиёсатида қатъий эканлигини дунё ҳамжамиятига намойиш этади.

Ўйлайманки, таклиф этилаётган конституциявий ислоҳотларнинг референдум йўли билан амалга оширилаётганлиги Асосий қонуннинг мамлакатдаги ҳар бир фуқаронинг фаровон ҳаёти ва келажаги учун тутган аҳамиятини кўрсатади.  

Конституцияга киритиладиган кенг қамровли ўзгартиришлар яқин истиқболда Ўзбекистонни етук демократик тузум ва юқори салоҳиятли иқтисодиётга эга бўлган давлатга айлантиришига ишончим комил.

Мавзуга оид

БААдаги ватандош: Бош қомусимизда оилани...

БААдаги етакчи «DU» телекоммуникация компанияси ходими Ғайрат Холиқов Ўзбекистонда амалга...

Сингапурдаги ватандош: Ўзбекистон Консти...

Cингапурда истиқомат қилаётган ватандошимиз, “Jackson Miller” мажмуаси менежери ёрдамчиси ...

Австриядаги ватандош: Конституциявий исл...

Вена давлат университети магистранти Рамиля Рўзи Мамати «Дунё» АА учун интервьюсида Консти...

Сўнгги янгиликлар