Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


27/Август/2021   Медиа

Ҳиндистондан муносабат: Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси билан беш йил


ДЕҲЛИ, 27 август. /«Дунё» АА/. Ҳиндистоннинг сиёсий-таҳлилий нашрларидан бири - «Business Central Asia» журналида «Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси билан беш йил: Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш йўлидаги муҳим ислоҳотлар» сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мақолада Ўзбекистон тараққиётининг замонавий босқичида қўлга киритилган ютуқлар, амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларнинг самаралари баён этилган.

Унда таъкидланганидек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси  мамлакатнинг ўзига хос истиқболи йўлидаги янгиланиш жараёнларини белгилаб берди. Ушбу ҳужжатдаги биринчи рақамли вазифалардан бири ҳам айнан давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган ҳамда Ўзбекистонда олиб борилаётган маъмурий ислоҳотлар «Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари» концепцияси қоидаларига асосланади.

«Парламентга янги ваколатлар берилди ва улар ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан таъсирчан назоратни ўрнатиш, давлат ва жамиятни ривожлантиришнинг стратегик йўлларини белгилашда Олий Мажлиснинг ўрни ва ролини сезиларли даражада оширди, - дея таъкидланади нашрда. - Давлат раҳбари томонидан парламентга Мурожаатнома йўллаш институти давлат ва жамиятни барқарор ривожлантиришни стратегик жиҳатдан самарали режалаштиришни таъминловчи муҳим сиёсий-ҳуқуқий жараён сифатида қарор топди».

Мақолада 2017 йилда Ўзбекистон раҳбарияти умуммиллий ислоҳотлар дастурини бошлагани қайд этилган. «Бундан кўзланган асосий мақсад ҳукуматни фуқаролар манфаатлари ва фаровонлигини устувор қўядиган шаффоф тизимга айлантиришдан иборат эди», - дейилади материалда.  

Ўзбекистонда ўтган тўрт йил мобайнида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, вазирлик ва идоралар фаолияти қайта кўриб чиқилди, баъзилари эса қайта ташкил этилди.

«2017 йил 12 декабрь куни Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди. Ҳар бир туманда, мамлакат бўйича жами 205 та давлат хизматлари маркази, олис ҳудудларда уларнинг 100 дан ошиқ филиаллари ташкил қилинди. Шу билан бирга, 150 турдаги давлат хизматларини яшаш жойидан қатъи назар, экстерриториал тамойил асосида олиш имконияти яратилиб, фуқаролар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар сони ва хизмат кўрсатилиши учун талаб этиладиган муддат сезиларли даражада қисқартирилди, сифат ва самарадорлик оширилди», - деб ёзади ҳинд нашри.

Мақолада Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш тартиби, уларнинг устав фонди, хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарнинг устав фондига қўйилган талаблар каби қатор ҳолатлар оптималлаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. «Амалга оширилган мазкур саъй-ҳаракатлар натижасида 2020 йил якуни бўйича Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” рейтинги “бизнесни рўйхатдан ўтказиш” индикаторида Ўзбекистон 4 поғонага кўтарилиб, 190 та давлат ичида 8-ўринни эгаллади», -деб ёзади «Business Central Asia».

Ҳинд нашри таъкидлаганидек, Ўзбекистон Президентининг барча ҳудудлардаги Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхоналарининг очилиши натижасида аҳоли билан бевосита мулоқот йўлга қўйилди.  2017 йилнинг ўзида Виртуал ва Халқ қабулхоналарига жисмоний ва юридик шахслардан 1,4 миллиондан ортиқ мурожаат келиб тушган. 2019 йилдан бошлаб эса Президентнинг Халқ қабулхоналари муаммоларни уйма-уй юриш орқали аниқлаш ва ҳал қилишнинг фаол тизимига ўтди. 2020 йилда Президент Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига 1,2 миллионга яқин мурожаат бўлди.

«Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида «Жамият — ислоҳотлар ташаббускори» деган ғоянинг илгари сурилиши натижасида ҳукумат ислоҳотларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларини иттифоқчи сифатида кўра бошлади», - дейилади манбада

Ҳинд нашри мақола интиҳосида «Ҳаракатлар стратегияси доирасида давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш йўлидаги муҳим ислоҳотлар янги Ўзбекистоннинг халқаро майдонда кенг эътироф этилишига ҳамда имижини оширишга хизмат қилиб келмоқда», - деб эътироф этган.

Мавзуга оид

Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ҳимояси с...

Украинанинг «Укринформ» Миллий ахборот агентлиги веб-саҳифасида Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқ...

Ўзбекистон сайлов қонунчилигидаги ўзгари...

Ўмон Султонлигининг етакчи нашларидан бири - «Асда Оман» газетаси («Ўмон садоси») веб-сайт...

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида ҳамкорл...

Бу ҳақда бугун Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида Ҳин...

Сўнгги янгиликлар