Uz / Ўз Ru En

Toshkent

19/Ноябрь/2020   Жамият

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг етакчи ходимлари учун инсон ҳуқуқлари мавзусига бағишланган маърузалар ўқилади


ТОШКЕНТ, 19 ноябрь. /«Дунё» АА/. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида чоршанба куни “Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият” мавзусида  махсус ўқув модули машғулотлари бошланди. Ўқув модули мамлакатимиз судлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари раҳбар ходимлари учун мўлжалланган, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири  

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов барча иштирокчиларни қутлади. Ушбу махсус ўқув модули машғулотларини ташкил этишнинг халқаро ва миллий ҳуқуқий асослари ҳақида тўхталди.

Халқаро асослар ҳақида сўз борганда, махсус ўқув модули машғулотлари Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятлари ижроси доирасида ташкил этилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Жумладан, бу БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ҳамда Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси тавсиялари тақозосидир.

Ушбу ўқув курсини ташкил этиш ташаббуси жорий йил 30 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида илгари сурилганди. Шу асосда ўтган қисқа даврда махсус ўқув модули ишлаб чиқилди.

Ўқув курсида барча судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбар ходимларини икки босқичда ўқитиш кўзда тутилмоқда. Олий суд, Бош прокуратура, Адлия, Ички ишлар ва Мудофаа вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизмати раҳбар ходимлари - жами 2 минг 300 дан зиёд тингловчини махсус ўқув модули машғулотларига жалб этиш режалаштирилган.

Машғулотлар икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқичда – вазирлик ва идораларнинг марказий аппарати ҳамда  Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри даражасидаги раҳбарлар; иккинчи босқичда – шаҳар ва туман судлари раҳбарлари ўқитилади. 

Ўқув модули судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро стандартлар ҳамда миллий қонунчиликни суд-ҳуқуқ тизимида қўллашга оид амалий кўникмаларини янада оширишга мўлжалланган.

Маълумки, ҳозирги вақтда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро шартнома, жумладан, БМТнинг 6 та асосий шартномаси ва 4 та факультатив протоколига қўшилган. Мамлакатимиз ушбу халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалга оширилиши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузалар тақдим этиб келмоқда.

Бу ўринда миллий қонунчиликни инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий стандартлар билан уйғунлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар қабул қилинганини ҳам алоҳида қайд этиш зарур.

Онлайн тарздаги махсус ўқув модулининг биринчи куни машғулотларида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги марказий аппарати бошқарма бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаси бошлиқлари иштирок этди.

Машғулотлар БМТнинг шартномавий қўмиталарида индивидуал мурожаатларни кўриб чиқиш амалиётини ўрганишдан бошланди.

Ўқув модули жараёнлари муаммовий маърузалар, амалий машғулот ва мустақил таълим шаклларида олиб борилади. Дарслар масофадан туриб ўқитиш асосида амалга оширилади.

Машғулотлар доирасида инсон ҳуқуқлари соҳаси бўйича етакчи миллий ва хорижий экспертларнинг маърузалари тингланади. Амалий машғулотлар ва мустақил таълим жараёнида тақдимотлар ўтказиш, тест топшириш, казуслар ечиш, ўзаро мулоқот, “ақлий ҳужум”, муаммовий дарс каби педагогик технологиялардан фойдаланиш кўзда тутилган.

Мавзуга оид

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар...

2020 йилги Рамазон ҳайити (Ийдул фитр) намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имкония...

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий коми...

Ҳужжатда БМТ томонидан инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатл...

Ўзбекистонда ҳарбий хизматни ўташ тартиб...

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари ...

Сўнгги янгиликлар