Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбСайёҳликЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

25/Июнь/2022   Ҳамкорлик

БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг бош қароргоҳида «Uzbekistan Lounge» маданий зали очилди

ТОШКЕНТ, 25 июнь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев бошчилигидаги делегация Римга ташриф буюрди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.


Вазирлик маълумотига кўра, икки кунлик ташриф давомида Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси иштирокида халқаро ташкилотлар, Италия қишлоқ хўжалиги уюшмалари, илмий-тадқиқот институтлари ва йирик компаниялар вакиллари билан бир нечта учрашувлар ўтказилди. БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг бош қароргоҳида мазкур халқаро тузилма бош директори Суй Дунюй иштирокида «Uzbekistan Lounge»  маданий залининг очилиш маросими ташриф доирасидаги алоҳида эътиборга молик тадбирга айланди.

Жамшид Ходжаевнинг БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош директори Суй Дунюй билан музокаралари чоғида ФАОнинг техник кўмаги, қўшимча молиявий маблағлар, хусусан, Глобал экология жамғармаси ва Яшил иқлим жамғармасининг грантини ишлаб чиқиш юзасидан келишувга эришилди. Шунингдек, ФАО билан қишлоқ хўжалиги ерлари, ўрмон ва яйловлардан самарали фойдаланишга қаратилган 10 миллион долларлик иккита янги грант лойиҳаси бўйича шартнома имзоланди.

 Учрашув доирасида ФАО Ўзбекистон Президентининг озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотларини юксак баҳолаши таъкидланди. Шунингдек, ташкилот бош директори сўнгги икки йил давомида Ўзбекистон ФАОнинг Европа бўйича 32-минтақавий конференцияцига вазир бошчилигида муваффақиятли раислик қилгани ва бу даврда муҳим ташаббуслар ва ҳужжатлар ишлаб чиқилишига муносиб ҳисса қўшганини таъкидлади.

 Жамшид Ходжаев, шунингдек, Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси  президенти Жилбер Унгбо, жамғарманинг минтақавий директори Дина Салеҳ ва мамлакат бўйича директор Фиди Ражонсон билан ҳам учрашди. Музокаралар чоғида Ўзбекистонда Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси идорасини очиш масалалари муҳокама қилинди.

 2023-2027 йилларга мўлжалланган Янги стратегик имкониятлар дастури доирасида Ўзбекистон ва Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси ўртасида кичик фермерлар, шунингдек, аёллар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш имкониятлари хусусида фирк алмашилди.

 Қишлоқ хўжалиги уюшмалари, илмий-тадқиқот институтлари ва йирик агрокомпаниялар билан учрашувда вазир Жамшид Ходжаев ва Италия қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ассоциацияси президенти Жанфранко Гречи Ўзбекистонда ассоциация ваколатхонасини очиш ва амалий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “йўл харитаси”ни имзоладилар.

 Италия кўчатлари уюшмалари концорциуми президенти Гандоминико Консалво ва Қишлоқ хўжалиги конфедерацияси бош директори Франческо Порсини билан музокаралар чоғида Ўзбекистонда мевали дарахт кўчатларини сертификатлаштириш тизимини жорий этиш бўйича қўшма лойиҳа тафсилотлари муҳокама қилинди.

ФАОнинг Римдаги бош қароргоҳида «Uzbekistan Lounge»   маданий зали очилиши алоҳида эътиборга молик ҳодисага айланди. Очилиш маросимида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош директори Суй Дунюй ва бошқа юқори мартабали  меҳмонлар иштирок этди.

 ФАО ходимлари ва меҳмонларини қабул қиладиган миллий маданий зал лойиҳаси Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг бевосита ташаббуси ва ташкилий-ижодий иштирокида ўзбек халқининг миллий ўзига хосликларини халқаро доираларда кенг тарғиб этиш мақсадида амалга оширилди.

 Суй Дунюй ФАО биносида анъанавий, аммо замонавий ўзбекча маданий зал яратилганини юқори баҳолаб, унга БМТ тизимидаги энг диққатга сазовор жойлардан бири, дея таъриф берди. Таъкидлаш жоизки, Римдаги бош қароргоҳда дунёнинг яна бир қанча давлатларининг миллий тематик зоналари мавжуд. Ҳозирда ФАО бош қароргоҳида 100 дан зиёд давлатдан 2 минг 600 га яқин ходим ишлайди.

 -Ўзбекистон ҳукуматига ушбу маданий масканнинг таъмирлаш ва лойиҳалашга қўшган саховатли ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирмоқчиман,- деди Суй Дунюй очилиш маросимидаги нутқида.-  Бугун кўрганимиздек, бу жойни гўзал санъат асари дейиш мумкин. Энди бу ерда таомлардан баҳраманд бўлиш билан бирга анъанавий ва замонавий Ўзбекистоннинг урф-одатлари, ўзига хосликлари, кайфияти билан ҳам танишиш мумкин. Унда биз ўзбек маданиятининг қадр-қимматини ва бетакрорлигини кўриб турибмиз.

ФАО бош қароргоҳининг 8-қаватида жойлашган «Uzbekistan Lounge»   маданий залида ФАО ходимлари ва ташкилот меҳмонларининг бизнес тушликлари, учрашувлари, норасмий музокаралари ўтказилади.

 -Лойиҳа ФАО Логистика хизматлари бўлими ва Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ходимларидан иборат бўлган ўзбек ва италян жамоаларини, шунингдек, Влад Замонов каби жалб этилган дизайнерлар, шунингдек, мамлакатимизнинг турли вилоятларидан ҳунармандларни бирлаштирди, – деди қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев. – Бундай ҳамкорлик қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ асосий ғояни биргаликда яратиш ва сақлаб қолиш, шу билан бирга, уни замонавий концептуал дизайн, энг муҳими, халқимизнинг миллий анъаналари, дунёқараши ва меҳмондўстлик маданияти билан уйғунлаштириш имконини яратди. Ушбу ўзбек маданий зали ФАО ходимлари ва ташкилот меҳмонларини гўзал юртимиз ва унинг бетакрор маданияти билан яқиндан таништиришга ҳисса қўшишига чин дилдан умид қиламан. Бу ерга кирган ҳар бир киши ўзбек халқининг меҳмондўстлиги ва эътиборини ҳис қилиши биз учун жуда муҳим.

Мавзуга оид

9-12 август кунлари Ўзбекистонда Давлат ...

Бугун Ўзбекистонда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Бирлашган Миллатлар...

Ўзбекистон АҚШ учун жозибадор тўқимачили...

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева «Ўзтўқимачисаноат» уюшмаси ва Ўзбеки...

Жанубий Корея билан ёнғин хавфсизлиги со...

Мамлакатимизнинг Сеулдаги элчихонасида ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги икки томонлама ҳамкорл...

Сўнгги янгиликлар