09/Август/2022 Ҳамкорлик
ТОШКЕНТ, 9 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасининг яқинда Чехияга уюштирилган хизмат сафари давомида гематология соҳасидаги янги имкониятлар ўрганилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Прага Гематология ва қон қуйиш институти (ÚHKT) фаолияти билан танишув чоғида, жумладан, замонавий Биобанкинг ташкил этишнинг Чехия тажрибаси ўрганилди. Биобанкинг беморлар текшируви жараёнида ташкил этиладиган биологик намуналар сақлаш жойи бемакдир. Чех шифокорларида, шунингдек, жаҳон биобанк тармоғига ҳам уланиш имконияти мавжуд экан. Бу эса беморлар ва илмий ишлар устида рак, қон касалликларини даволаш учун муҳим бўлган чуқур изланишлар олиб бориш имкони ва самарасини сезиларли даражада оширади.
Миллий палата мутахассислари чехиялик ҳамкасблари билан Ўзбекистонда биобанк тизимининг замонавий даражасини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, молекуляр-генетик ташхис, янги авлодни секвенирлаш, биологик даволаш дори воситалари каби йўналишларнинг ривожи ўрганиб чиқилди.
Прага Гематология ва қон қуйиш институтида «Ўзбекистонда гематология соҳасида амалий ёрдам ҳамда ушбу йўналишдаги энг илғор жаҳон тажрибасини қўллаган ҳолда илмий тадқиқотларнинг ривожлантириш масаласига сўнгги йилларда жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу борада 2021 йил май ойида Президентнинг «Аҳолига гематологик ва онкологик хизматлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди», дея таъкидлади Миллий палата раҳбари Равшан Изамов.
Шубҳа йўқки, дунёдаги илғор тажрибани ўзлаштириш даволаш даражасида бурилиш ҳосил қилиш имконини беради. Мазкур институтда қоннинг онкологик касалланишини беморларнинг ўз ҳужайралари билан даволаш усуллари ўрганилмоқда. Ўтган йили октябрь ойида Чехия олимлари ва ОАВ томонидан хабар қилинишича, бунинг учун янги тадқиқот павильони очилган бўлиб, у ерда ҳужайралар устида тадқиқот ўтказадиган ва хавфли ўсмалар билан кураша оладиган ҳужайралар ишлаб чиқилар экан. Улар беморлар учун тайёрланади ва инфузия шаклида қўлланилади. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, янги усул юзасида маълум антиген мавжуд бўлган ва модификация этилган ҳужайралар уларни аниқлаши мумкин бўлган ёмон ўсмаларнинг учта турини самарали даволаши мумкин. Қутқарувчи ҳужайралар маълум бемор учун тайёрланади. Уларни тайёрлаш учун бир ой вақт кетади. Бу персонлаштирилган тиббиётдир.
Мазкур тадқиқотлар орқали келажакда «умумий ҳужайралар» деб аталмиш ҳужайралар ишлаб чиқариш режалаштирилган. Ва бундай ҳужайраларни беморга кечиктирмасдан, ўз вақтида узатилиши мумкин бўлади.
Мухтасар қилиб айтганда, Чехия тажрибасининг мақбуллиги шундаки, бу ерда беморга фундаментал тадқиқотлар ва ишлаб чиқаришдан тортиб, уларни даволашда қўлланишгача бўлган барча жараёнларни қамраб олган тиббий кўмак механизми ишлаб чиқилган.
Хизмат сафарининг амалий натижаси ўлароқ, ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ва ўзбекистонлик беморларини даволашда Чехия тажрибасини амалда қўллаш мақсадида мазкур институт билан ҳамкорлик муносабатлари ўрнатилди.