07/Октабрь/2020 Сиёсат
ҚОҲИРА, 7 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига мувофиқ Қоҳира университети Археология факультети декани Аҳмад Ражаб Муҳаммад Али Ризқ «Дўстлик» ордени билан тақдирланиши Миср оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Жумладан, мамлакатнинг нуфузли «Аш-Шуруқ» газетасида нашр этган мақолада Президент Шавкат Мирзиёев томонидан мисрлик олимнинг юқори даражали давлат ордени билан мукофотланиши икки давлат ўртасидаги дўстона алоқаларнинг нечоғлик мустаҳкамлигидан далолат бериши таъкидланган.
Мақолада, шунингдек, Аҳмад Ражаб томонидан Ўзбекистон шаҳарларининг жаҳон тарихидаги ўрнини акс эттирувчи кўплаб асарлар тайёрланиши, хусусан «Бухородаги обидалар ва Ислом цивилизацияси» китобининг нашр этилиши мамлакатлараро маданий ҳамкорликда янги саҳифа очгани қайд этилган.
«Ўзбекистон элчихонаси ва Миср-Ўзбекистон дўстлик жамияти томонидан ташкил этилган маросимда кўплаб юқори мансабдор шахслар, нуфузли олий таълим муассасалари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилари ва талабалари, ОАВ вакилларининг иштирок этгани Ўзбекистонга бўлган қизиқишнинг ортиб бораётганини кўрсатмоқда», - деб ёзади нашр.
Ушбу мавзудаги таҳлилий материал «Events Magazine» журналида ҳам чоп этилди. Мақолада Ўзбекистон элчисининг Қоҳира университети ректори Муҳаммад Усмон Ал-Ҳўшт билан учрашуви тафсилотлари тўғрисида маълумот берилган.
«Ислом меросини яратишда улкан ҳисса қўшган Хоразмий, Имом Бухорий, Термизий, Беруний ва Ибн Сино сингари ўзбек уламоларининг диний ва дунёвий фанлар ривожланишидаги ўрни учрашувда муҳокама қилинди», - деб ёзади муаллиф.
Нашрда Қоҳира университети ректори Миср ва Ўзбекистон олимларининг ислом илми ва унинг ривожидаги саъй-ҳаракатлари тўғрисида тўхталгани, ўзбек алломалари томонидан яратилган ноёб асарлар Ислом тарихининг асосий қисмини ташкил этиши таъкидланган.
«Events Magazine» журнали, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияси қабул қилингани Қоҳира университети ректори томонидан юқори баҳоланганига эътибор қаратган.
Шунингдек, журнал мисрлик олимнинг Ўзбекистоннинг юқори мукофоти билан тақдирланиши нафақат Қоҳира университети жамоаси, балки бутун Миср таълим соҳаси вакиллари учун шараф эканини қайд этган.