Uz / Ўз Ru En

Toshkent

16/Сентябрь/2020   Таҳлил

Глобал Инновацион Индекс - инновацион тараққиёт ўлчови


ТОШКЕНТ, 16 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Глобал инновацион индексга қайтиши – янги Ўзбекистонда бошланган ислоҳотларнинг дастлабки натижаси ва кўзланган катта марралар сари ташланган биринчи қадамдир.

Глобал инновацион индекс (The Global Innovation Index) – давлатларнинг инновацион ривожланиши даражасини баҳоловчи глобал тадқиқотдир. Бу рейтингни баҳолаш усул илк бор Франциянинг INSEAD халқаро бизнес-мактаби томонидан ишлаб чиқилган. Ҳозирги кунда Глобал инновацион индекс 80 та кўрсаткичдан иборат бўлиб, иқтисодий ривожланишнинг турли даражаларидаги мамлакатларнинг инновацион ривожланишини тавсифлайди. Шунинг учун мазкур индекс икки гуруҳ кўрсаткичларининг ўртача қийматидан келиб чиқиб ҳисобланади.

Биринчи гуруҳга инновацияларни жорий этиш учун мавжуд ресурслар ва шароитлар (Innovation Input) – институтлар, инсон капитали ва тадқиқотлар, инфратузилма, ички бозор ва бизнеснинг ривожланиш даражаси киради. Иккинчи гуруҳ эса инновацияларни жорий этишда эришилган амалий натижалар (Innovation Output) – технология ва билимлар иқтисодиётининг ривожланиши ҳамда ижодий фаолият натижаларини ўз ичига олади.

Жорий йилнинг 2 сентябрь куни Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти ва Корнел университети томонидан Глобал инновацион индекс рейтингининг навбатдаги «Инновацияни ким молиялаштиради?» мавзусидаги 13-сони эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов жаҳон мамлакатларининг жорий йилги инновацион кўрсаткичлари бўйича ўз таҳлилларини тақдим этди.

Жорий йилда дунё мамлакатларининг инновацион фаолияти динамикасида қандай ўзгаришлар юзага келди?

2020 йилда олиб борилган Глобал инновацион индекс тадқиқотлари пандемия шароитида инновацияларга ажратилган молиявий маблағларнинг кескин камайиб кетаётганини кўрсатган бўлса, иккинчидан, ушбу молиявий етишмовчиликлар нотекис бўлиб, асосан “ёш” фирмаларга, илмий-тадқиқотга йўналган ва тез ривожланаётган стартап компанияларга ҳамда ривожланаётган иқтисодга эга мамлакатларга таъсир кўрсатиши қайд этилди.

2020 йилги Глобал инновацион индекс тадқиқотларидан олинадиган энг катта сабоқ ва ташкилотчиларнинг мамлакатлар етакчилари ҳамда сиёсатшуносларига мурожаати – пандемия шароитида инновацион фаолиятга эътиборни сусайтирмаслик, давлат кўмагининг муҳимлиги ва инновацион фаолият учун янги молиялаштириш механизмларини ишга тушириш зарурати бўлди. Зеро, пандемия сабабли вужудга келган ва келадиган инқирозлардан чиқишда, пандемия оқибатларини самарали бартараф этишда инновацияларнинг ўрни беқиёсдир.

Шундай бўлса-да, ҳар қандай инқироз янги креатив имкониятларни тақдим қилганидек, 2020 йилги Глобал инновацион индекс таҳлиллари пандемия даврида инновациялар бўйича халқаро ҳамкорлик даражаси кенгайиб, қатор соҳаларда, масалан, соғлиқни сақлаш, телекоммуникация, таълим ва ҳаракатчанликни таъминлашда инновацияларнинг яратилиши ва жорий қилиниши тезлашганини кўрсатди.

2020 йилги Глобал инновацион индекс рейтингидаги яна бир муҳим жиҳат – инновациялар бўйича ривожланган иқтисодга эга давлатлар (Швейцария, Швеция ва АҚШ) етакчилик қилаётгани ва инновацияларнинг ривожланганлик даражаси ялпи ички маҳсулотга ва уни инновацион ривожланишга йўналтирилганига боғлиқ экани кўринса-да, аслида инновацион ривожланиш Осиё давлатларига кўчаётгани яққол қайд этилди. Айниқса, Хитой давлатининг йиллар давомида кетма-кет 14-ўринни эгаллаши, Осиёдаги Сингапур (8-ўрин) ва Жанубий Корея (10-ўрин) давлатларининг юқори ўнталикка кириши бунинг очиқ исботидир. Шуниси қизиқарлики, 2020 йилги Глобал инновацион индекс рейтинги маълумотларига кўра, 25 давлат ўз иқтисодий ривожланишига нисбатан яхши кўрсаткичларга эришгани ва бу қаторда 8 та Африка мамлакатлари ҳам жой олгани инновацияларнинг Африка қитъасида шиддат билан ривожланаётганини ва унга берилаётган эътиборнинг ошганини кўрсатмоқда.

Шунингдек, 2020 йилги Глобал инновацион индекс дунёда илм-фан кластерлари ривожланган 100 та мамлакатни баҳолади ва бунда Токио-Иокогама, Шэньчжэнь-Гонконг-Гуанчжоу, Пекин, Сеул, Сан Хосе-Сан Франциско энг ривожланган кластерлар деб топилди. Қизиғи, дунёдаги 42 фоиз инновацион кластерлар АҚШ ва Хитой мамлакатларига тўғри келиши мазкур мамлакатларнинг инновациялар яратишдаги имкониятларини яққол очиб берди.

2020 йилги Глобал инновацион индекс рейтингида Ўзбекистоннинг ўрни қандай?

Ўзбекистон Глобал инновацион индекс рейтингида сўнгги маротаба 2015 йилда, 141 давлат орасидан 122-ўриндан жой олган. 2015 йилда Россия – 48, Қозоғистон – 82, Қирғизистон – 109, Тожикистон – 114 ўринни эгаллаган.

Ўтган 5 йил давомида Ўзбекистон Глобал инновацион индекс рейтингидан тушиб қолган. Бунинг асосий сабаби Глобал инновацион индекс индикаторлари бўйича маълумотларнинг етарли даражада эмаслиги ва мавжуд статистик маълумотларнинг эскиргани эди. 2015 йил ҳолати бўйича ўрганилганида республикамиз ушбу рейтингда 141 та давлат ичида маълумотларнинг етарли даражада эмаслиги ва мавжуд статистик маълумотларнинг эскиргани бўйича 4-ўринда деб топилган.

Ўзбекистонни Глобал инновацион индекс рейтингига қайтариш ва инновацион ривожланишда миллий ўлчамларни тўғри белгилаб олиш, мамлакатнинг халқаро миқёсда инновацион ривожланишини таъминлаш учун 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси қабул қилинди. Ундаги асосий вазифалардан бири этиб 2030 йилга қадар республикамизни Глобал инновацион индекс баҳолаш рейтингида етакчи 50 та давлат қаторига киритилиши қатъий белгилаб берилди.

Ушбу юқори маррага эришиш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги жорий йилда Корнел университети, Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO), ЮНEСКО статистика институти, Халқаро валюта жамғармаси (IMF), Халқаро меҳнат ташкилоти (ILO), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг халқаро савдо-сотиқ бўйича статистика бошқармаси (Comtrade) ва Жаҳон савдо ташкилоти (WTO), Жаҳон банки, Халқаро стандартлаштириш ташкилоти (IOS), Thomson Reuters, БМТнинг Саноатни ривожлантириш ташкилоти (UNIDO), Викимедиа (Wikimedia Foundation) каби 15 дан ортиқ халқаро ташкилот билан қатор учрашув ҳамда индивидуал музокаралар олиб борилиб, Ўзбекистоннинг рейтингга киритилиши учун тўсиқ бўлиб турган муаммолар ўрганилди.

Ўзбекистонни Глобал инновацион индекс рейтингига киритиш ва мавжуд муаммоларни тизимли ижобий ҳал этиш мақсадида 2019 йил 29-31 октябрь кунлари “InnoWeek.uz-2019” инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти раҳбарияти, Elsevier вакиллари ва бошқа хорижий ташкилотлар иштирокида “Ўзбекистон Республикасини Глобал инновацион индекс рейтингидаги ўрнини яхшилаш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Глобал инновацион индексидаги 18 та халқаро индикаторли, 5 та Жаҳон иқтисодиёт форуми (World Economic Forum) томонидан олиб бориладиган сўровномалар ва 57 та кўрсаткичларга тегишли миқдорий статистик маълумотлар борасида фикрлар муҳокамадан ўтказилди.

Аниқланган муаммолардан келиб чиққан ҳолда, Глобал инновацион индекснинг 2020 йилги талабларига мувофиқ, мамлакатларнинг баҳоланиши учун талаб этиладиган энг камида 66 фоиз индикатор (80 тадан) бўйича статистик маълумотлар қайта шакллантирилиб, тегишли вазир ва идоралар орқали халқаро ташкилотларга етказиб берилди.

Натижада узоқ муддатли танаффусдан сўнг 2020 йилги Глобал инновацион индекси рейтингида Ўзбекистон 43 та кириш индикатори ва 22 та чиқиш индикаторига кўра баҳоланиб, 131 та дунё мамлакатлари ичида 93-ўринда яна қайта рўйхатга киритилди. 2020 йилда Швейцария – 1, Швеция – 2, АҚШ – 3, Россия – 47, Қозоғистон – 77, Қирғизистон – 94, Тожикистон – 109-ўринни эгаллади.

Ўзбекистоннинг Глобал инновацион индексга қайтиши ва унинг 5 йил аввалги кўрсаткичдан 29 поғона юқорилагани - янги Ўзбекистонда бошланган ислоҳотларнинг дастлабки натижаси ва кўзланган катта маррага қараб ташланган биринчи қадамдир. Буни, албатта, республикамизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг, хусусан шаффофлик ва очиқлик сиёсати ҳамда инновацион фаолиятдаги ижобий ўзгаришларнинг натижалари дея эътироф этиш мумкин.

2020 йилда 80 та кўрсаткичдан иборат бўлган Глобал инновацион индекс рейтингида Ўзбекистон дунё мамлакатлари ичида инновацион ресурслар, яъни кириш суб-индекси бўйича 81-ўринни, рейтинг устунлари бўлмиш институционал ривожланиш (Institutions, 95-ўрин), инсон капитали ва илмий-тадқиқот фаолияти (Human capital & research, 77-ўрин), инфратузилма (Infrastructure, 72 ўрин), билим ва технологиялар натижадорлиги (Knowledge & technology outputs, 90-ўрин) каби йўналишлардаги индикаторларда ижобий натижаларга эришганини кўриш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси 2020 йили Глобал инновацион индекс рейтингида қуйидаги суб-индикаторларда юқори ўнталик давлатлари қаторига кирди: бизнес бошлашнинг оддийлиги (Ease of starting a business) – 8-ўрин, илм-фан ва техника соҳасида битирувчилар (Graduates in science&engineering) – 7-ўрин ва капитални ялпи равишда жамлаш (Gross capital formation) – 8-ўрин. Шу билан бирга, 8 та муҳим индикаторлар бўйича 12-45 ўринларни эгаллади.

Шунингдек, қуйидаги индикаторларда ҳозирча қуйи ўринларда қолмоқда: меъёрий сифат (Regulatory quality) – 127-ўрин, қонун устуворлиги (Rule of law) – 124-ўрин, АКТ хизматлари экспорти (ICT services exports) – 129-ўрин, хорижда молиялаштириладиган тадқиқот ва ишланмаларнинг ялпи харажатлари (GERD financed by abroad) – 96-ўрин.

Ўзбекистоннинг мазкур халқаро рейтингга кириши ва унда юқори ўринлардан бирини эгаллаши нима учун керак?

Айтиш жоиз, Глобал инновацион индекс бу – ҳар қандай давлатда рўй бераётган ислоҳотларнинг самарасини акс эттирувчи холис манбадир. Глобал инновацион индекс ҳар бир мамлакатнинг инновацион ривожланишдаги имкониятлар ва амалга оширган ишлари ўлчови, мамлакатнинг инновацион фаолият борасидаги кучли ва кучсиз томонларининг қиёсий баҳоси ҳамда миллий инновацион кўрсаткичларни баҳолаш ва яхшилашда йўриқномадир.

Рейтингда юқори ўринни эгаллашнинг муҳим жиҳатларидан яна бири - мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги юқорилигининг эътирофидир. Сир эмас, инвесторлар ривожланаётган мамлакатларга инвестициялар киритиш ҳақида қарор қабул қиларкан, албатта мамлакатнинг у ёки бу халқаро рейтинглардаги ўрнини эътиборга олади. Бунда илмий тадқиқотларнинг ривожлангани, ишлаб чиқаришга жалб қилиниши мумкин бўлган маҳаллий ишчиларнинг малакаси, илмий ҳажмдор маҳсулотларни ишлаб чиқариш имкониятлари ҳамда мавжуд инновацион инфратузилма муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон кейинги йилларда Глобал инновацион индексда ўз мавқеини сақлаб, рейтингда юқорига кўтарила оладими?

Инновацион ривожланган мамлакатлар қаторига кириш қатор ислоҳотларнинг амалга оширилишини назарда тутади. Бу – инсон капиталига қаратилган инвестицияларни орттириш, илм-фан ва технологияларни ривожлантириш, қонун устуворлиги ва хусусий мулкни ҳимоя қилиш, жаҳон иқтисодиётига интеграциялашиш ва саноатлаштиришнинг ўсишидир. Юқорида айтилганидек, 2020 йили Ўзбекистон Глобал инновацион индексда аввалги кўрсаткичдан 29 поғона юқорилаб, 93-ўринни эгаллаганлиги кўзланган катта маррага қараб ташланган биринчи ишончли қадамдир. Кейинги йилларда Глобал инновацион индекс поғоналарида янада юқорилаб бориш ва албатта 2030 йилга келиб илғор 50 мамлакат қаторида бўлишимиз кафолатлари сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин.

Биринчидан, 2020 йилдаги Глобал инновацион индекс кўрсаткичлари ва маълумотлар шуни кўрсатадики, Ўзбекистон жорий йилда баҳоланган 80 индикатордан 14 тасида дунёдаги илғор 50 мамлакат қаторига кирган. Булар – “Таълимда давлат харажатлари (ЯИМдаги фоизига кўра, 31-ўрин)” “Ўқувчи ва ўқитувчилар ўртасидаги нисбат, ўрта таълим” (38-ўрин), “Электрон ҳукумат хизматлари” (48-ўрин), “Миноритар инвесторлар ҳимоясининг оддийлиги” (36-ўрин), “Келиб чиқиши бўйича патент буюртманомалари” (45-ўрин), “Унумдорлик ортиши” (12-ўрин) ва “Маданий ва ижодий хизматлар экспорти” (33-ўрин).

Иккинчидан, 2020 йилдаги Глобал инновацион индекс рейтингини шакллантиришда маълумотлар етарли бўлмагани ёки эскиргани сабабли (масалан 2017 йилга оид “Таълимга сарфланган маблағ, ЯИМга кўра фоиз ҳисобида, ”“Ўқувчи-ўқитувчи нисбати” каби) Ўзбекистон 15 та индикатор бўйича умуман баҳоланмаган ва қолган 13 индикатор бўйича паст балларни олган. Масалан, “Ҳар бир ўқувчининг таълим олиши учун давлат харажатлари, ўрта таълим”, “Илм-фанга асосланган соҳаларда бандлик”, “Олий маълумотли аёлларнинг бандлиги” кабилар аслида мавжуд, лекин баҳоланмай қолган. Ёки яқин йилларда ислоҳотлар асосида ташкил қилинган соҳа индикаторлари: “Кластерни ривожлантириш ҳолати”, “Глобал бренд қиймати, юқори 5000, ЯИМга кўра фоиз ҳисобида”, “АКТ ва бизнес-моделни яратиш”, “Ўқиш, математика ва илм-фанда баҳолаш – PISA” (бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон 2024 йилда баҳоланади. Агар OECD талабларида ўзгариш бўлиб қолса 2021 да ҳам танловда Ўзбекистон синов тариқасида эмас, балки ҳақиқий иштирокчи бўлиб қатнашиши мумкин) кабиларни мисол қилиб келтириш мумкин. Бу индикатор маълумотларнинг инобатга олиниши рейтингдаги поғонамизни албатта кўтаришига шубҳа йўқ.

Учинчидан, натижадорлик, яъни чиқиш суб-индексида 2020 йилги кўрсаткичимиз паст даражада, яъни 118-ўринда қоляпти. Бунинг сабаби, мазкур кўрсаткич бўйича баҳо 3 йиллик фаолиятнинг ўртача қийматидан ҳисобланади. Ваҳоланки, 2020-йилдаги кўрсаткичларда асосан 2016, 2017, ва 2018 йилги маълумотларнинг ўртачаси олинган. Қолаверса, илмий тадқиқотларни молиялаштиришда Ялпи Ички Маҳсулотга нисбатан ажратиладиган маблағлар кейинги йилларда 0.2 фоизгача ўсган бўлса-да, 2020 йил ГИИ рейтингида 0.1 фоиз миқдорида қайд этилган.

Келгусида янги маълумотларнинг киритилиши ҳамда 2019-2020 йиллардаги инновацион ўсиш суръатларининг ҳисобга олиниши Ўзбекистон учун катта имкониятлар тақдим қилади. Айниқса, Ўзбекистонда таълим қамровининг кенгайиши (2018 йилги 9 фоиздан 2020 йилга келиб 25 фоизгача кўтарилиши, олий таълим муассасалари сони 2018 йилдаги 84 тадан 2020 йилга келиб 124 тага етиши, 2030 йилгача Олий таълим концепцияси доирасида университетлар сифатини оширишга қаратилган чора-тадбирлар, тадқиқотчилар сонининг кўпайиб бораётганлиги, аёлларга олий таълимда яратилаётган имкониятлар, мамлакатда кластерлар сиёсатига алоҳида эътибор берилаётгани, математика, биология, кимё ва геология соҳаларида мактабгача таълим-мактаб-олий таълим ва илм-фан уйғунлигини таъминлайдиган, айниқса “Ўқиш, математика ва илм-фанда баҳолаш – PISA” мезонларини татбиқ қилиш чора-тадбирларининг амалга оширилаётгани, илмий-тадқиқотларни молиялаштиришда ЯИМга нисбатан ажратиладиган маблағларни кейинги йилларда камида 0.8 фоизгача ошириш чоралари кўрилаётгани Ўзбекистон учун катта имкониятлар эшигини очади.

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йилда Глобал инновацион индексидаги ўрнини янада ошириш учун доимий мулоқот ва диққат талаб қилинади. Шу мақсадда, 2020 йил сентябрь ойида Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти, Корнел университети ва халқаро экспертлар иштирокида Ўзбекистон Республикасининг Глобал инновацион индекс рейтинги кўрсаткичларидаги кучли ва заиф томонларини муҳокама этишга қаратилган мунтазам онлайн мулоқотлар ташкил қилинмоқда.

Шу билан бир қаторда, статистик маълумотларнинг мавжуд эмаслиги сабабли баҳоланмаган ёки паст баҳоланган индикаторлар бўйича масъул вазирлик ва идоралар 2021 йилда тўлиқ баҳоланишини назарда тутувчи чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, доимий ишлар йўлга қўйилди. Глобал инновацион индекс рейтингини баҳолаш жараёнида статистик маълумотлар халқаро ташкилотлар орқали олинишини инобатга олган ҳолда, барча зарурий маълумотлар 2021 йил февраль ойи якунига қадар тегишли ташкилотларга етказиб берилади. Шу билан бирга, Жаҳон иқтисодий форуми томонидан олиб бориладиган сўровномаларда Ўзбекистон Республикасининг иштирок этишини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда, чунки бу - юртимизнинг нафақат Глобал инновацион индексда, балки бошқа халқаро рейтингларда ҳам муносиб ўрин олишини таъминлайди.

Ўзбекистонда инновацияларни ким молиялаштиради?

Коронавирус пандемияси шароитида, инновацион фаолиятни молиялаштиришни камайтирмаслик имкониятлари устида ишлаш ривожланаётган иқтисодга эга Ўзбекистон учун ҳам ўта долзарб вазифадир. Сабаби, мамлакатдаги деярли барча инновацион стартаплар ёш ва яқинда ташкил қилинган, илмий-тадқиқот инфратузилмаларини янгилаш ишлари бошланғич босқичларда, илмий фаолият билан шуғулланувчилар елкасига энди “офтоб теккан”, инновацион инфратузилмалар ниш ураётган босқичда турибди. Инновацион фаолиятни молиялаштиришни тўхтатмаслик, янги шарт-шароитлар яратиш устида доимий ишлаш ва янгича молиялаштириш механизмларни жорий қилиш устувор вазифа бўлиши лозим.

Авваломбор, ўтган 3 йиллик янги давр мобайнида инновацион ривожланишга қаратилган барча қадамларни давлат бош ислоҳотчи сифатида молиялаштираётгани ва пандемия даврида бу жараён умуман тўхтамаганлиги, аксинча, илмий фаолиятда 4 та (математика, биология, кимё ва геология) асосий йўналишларга устуворлик берилиб, соҳаларда инновациялар яратишга ва рақамлаштиришга қўшимча маблағлар ажратилгани, илмий-тадқиқот институтларининг тегишли тармоқлар билан ҳамкорлиги таъминланганини эътироф этиш зарур. Инновацияларни жорий этувчи асосий бўғин - кичик корхоналарни ривожлантиришга урғу берилиши ҳамда пандемия даврида инқирозга қарши махсус бюджет ажратмаларининг берилиши глобал инқироз даврида инновацион фаолиятни молиялаштиришни камайишининг олдини олди.

Давлат томонидан илмий фаолиятга оид дастурларни тўла бюджетдан молиялаштирилиши ва бу кўрсаткич янги даврда йилига камида 20 фоизга оширилиб борилгани, илм-фан ва инновацияларни қўшимча молиялаштириш учун Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида махсус Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш, ишланмаларни тижоратлаштириш учун Президент ва Ёшлар академиясининг иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари тузилганлиги, инновацияларни молиялаштириш учун хўжалик юритувчи субъектлар, шунингдек корхоналар ва ташкилотларнинг ажратмаларини тегишли корхонанинг инновация жамғармаларига ажратиш механизми йўлга қўйилганлиги, олий таълим муассасаларида ишланмаларни тижоратлаштириш жамғармалари ташкил қилинганлиги каби омиллар мамлакатда инновацияларни молиялаштиришнинг барқарор тизимини яратди.

Келгуси йилларда ҳам Ўзбекистонда инновацион фаолиятда давлат асосий молиялаштирувчи сифатида намоён бўлиши ва бунда илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига ажратилган маблағларнинг ЯИМга нисбатан улушини 2021 йилда 0,56 фоиз, 2022 йилда 0,8 фоизга етишини таъминлаб бериши кутилмоқда.

Шундай бўлса-да, 2020 йилги Глобал инновацион индекс тадқиқотлари натижасига кўра, мамлакатда глобал пандемия таъсири туфайли инновацияларга ажратилаётган маблағларнинг кескин камайиб кетишининг олдини олиш мақсадида молиялаштириш механизмларининг диверсификация қилиниши зарур.

Бунинг ечими сифатида, авваламбор, хорижий мамлакатлар билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш кўлами кенгайтирилмоқда. Халқаро илмий ҳамкорликлар доирасида Германия, Россия ва Беларусь билан жами 9,6 миллиард сўмлик 38 та қўшма илмий лойиҳа амалга оширилмоқда. Евроосиё ҳамжамияти, Туркия, Хитой ва Ҳиндистон давлатлари билан қўшма лойиҳаларга танловлар ташкил қилинди. Бундай ҳамкорликлар кенгайтириб борилиши керак.

Илмий фаолиятга хусусий сектор маблағларини жалб қилиш мақсадида, илмий лойиҳаларни хусусий сектор ва тармоқ ташкилотлари билан тенг шерикликда молиялаштириш амалиёти йўлга қўйилиб, илмий фаолиятга оид дастурларни молиялаштиришга хусусий сектор ва тармоқ корхоналарининг 30 миллиард сўмлик қўшимча маблағи жалб қилинмоқда. Бу, бир томондан, хусусий корхоналарга давлат томонидан киритилаётган инвестиция ҳисобланса, иккинчи томондан, инновацияларни жорий қилишни тезлатишга олиб келадиган самарали механизмдир. Хусусий корхоналарда илмий тадқиқот ва инновацияларни ривожлантиришни ҳамкорликда молиялаштириш ишларини кенгайтириш лозим.

Шу билан бирга, халқаро ҳамкорликлар доирасида мамлакатга инвестиция оқимини кучайтириш зарур. Илмий фаолиятга халқаро ташкилотлар инвестициялари оқимини кенгайтириш учун жами 219 миллион АҚШ доллари миқдоридаги халқаро техник кўмак ва грантлар жалб қилиш бўйича 21 та лойиҳа танлаб олиниб, донор ташкилотлар билан мақсадли музокаралар ўтказилмоқда.

Илмий-инновацион лойиҳаларни қўшимча молиялаштириш мақсадида Жаҳон банкининг Ўзбекистонда миллий инновацион тизимни шакллантиришга ажратиладиган 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли заём маблағларини жалб қилиш юзасидан келишувга эришилди. Лойиҳа 2021 йил давомида ишга туширилиб, илмий фаолиятга оид лойиҳалар халқаро талабларга кўра шакллантирилади, халқаро экспертлар томонидан баҳоланади ва молиялаштириш учун танлаб олинади.

Шунингдек, венчурга асосланган молиялаштиришни жорий этиш ва инновацион лойиҳаларга тадбиркорлик субъектларининг молиявий маблағларини кенг жалб қилиш ўта зарур. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24-ноябрдаги фармони қабул қилинди ва мамлакатда венчур фондларни тузиш бўйича ишларни жадаллаштириш истиқболлари белгилаб берилди.

Энг муҳими, 2020 йилги Глобал инновацион индекс тадқиқотларидан келиб чиқиб, глобал пандемия шароитида инновацияларни молиялаштиришдаги инқирозни янада камайтириш мақсадида мавжуд инновацион фаолиятга йўналтирилган жамғармаларни унификация қилиш орқали Инновацияларни қўллаб-қувватлаш Миллий жамғармасини ташкил этиш зарур. Янги механизм сифатида хўжалик юритувчи субъектлар ялпи фойдасининг бир фоизини Миллий жамғармага йўналтириш истиқболларини чуқур ўрганиш ва таклифлар ишлаб чиқиш лозим. Зеро, инновацияларни молиялаштириш қийинлашиб бораётган ушбу шароитда, илм-фан ва инновацияларни молиялаштиришда бюджетдан ташқари маблағлар улушини ошириш давр талаби бўлиб қолмоқда.

Мавзуга оид

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар и...

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия универси...

Марказий Осиё давлатлари ва «Валдай» хал...

«Афғонистонда Россия ва Марказий Осиё давлатлари имкониятлари» мавзусида онлайн-конференци...

Ҳиндистонлик экспертлар Ўзбекистон Прези...

Жорий йил 23 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида иштиро...

Сўнгги янгиликлар