27/Март/2023 Ўзбекистон дунё нигоҳида
ДEҲЛИ, 27 март. /«Дунё»АА/. Ҳиндистонда чоп этиладиган «Business Central Asia» журналининг март ойидаги сонида Ўзбекистонга бағишланган туркум мақолалар чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
«Сўнгги йилларда Ўзбекистонда очиқлик сиёсати олиб борилмоқда, бизнес ва сармоя киритиш йўлидаги тўсиқлар олиб ташланди, - дейилади мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий сармоялар жалб этилишига бағишланган мақолада. – Бугунги кунда республика Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестициялари банки каби йирик халқаро молия институтлари ва ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда»
Ҳаётга тадбиқ этилаётган фаол ташқи сиёсат самарасида Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритаётган мамлакатлар географияси кенгаймоқда. 2022 йилга келиб барқарор сармоячи-давлатлар сони 50 тага етди. Улар орасида Россия, Хитой, Туркия, Германия ва Жанубий Корея етакчи ўринларни эгаллаб турибди.
Мақола муаллифи 2022 йил якунига кўра мамлакатга йўналтирилган хорижий инвестициялар ва заёмлар ҳажми 9,8 миллиард долларга етгани, бу кўрсаткич 2017 йилда 3,3 миллиард долларни ташкил этганини таъкидлаган. Бунинг натижасида иқтисодиётга киритилган инвестицияларнинг умумий ҳажмида хорижий сармоялар ва заёмларнинг улуши 2017 йилдаги 23,8 фоиздан ўтган йили 40,5 фоизга ошган.
Хорижий сармоя жалб этилган корхона ва ташкилотлар сафи ҳам йил сайин кенгайиб бормоқда. Агар 2017 йилда чет эл капитали иштирокидаги 5,5 минг корхона фаолият кўрсатган бўлса, 2022 йилга келиб уларнинг сони 15,8 мингтага етди. Шундан 6,4 мингтаси қўшма корхоналар, 9,3 мингтаси эса тўлиқ хорижий компаниялардир, дейилади журналда.
«Ўзбекистонда инвесторлар учун қулай шарт-шароит яратилмоқда» сарлавҳали навбатдаги мақолада мамлакатимизда қарийб 8 минг турдаги товарларга импорт божлари камайтирилгани, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун 70 турдаги лицензиялар ва 34 турдаги рухсатномалар бекор қилингани қайд этилган. Янги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш тартиби соддалаштирилди, ер участкалари онлайн аукционлар орқали берилмоқда. Қулай инвестиция муҳитини яратиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича ишлар фаол давом эттирилмоқда.
«Бундай изчил саъй-ҳаракатлар натижасида 2017 йилдан буён Ўзбекистонга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 2,5 баробар ошди», деб қайд этади нашр.
Ушбу журналда босилган яна бир материалда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ҳисоботига асосланиб, 2023 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 6,5 фоизга ўсиши кутилаётганини таъкидлаган. «Банк маълумотларига кўра, 2022 йилда Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши 5,7 фоизни ташкил этган. ЕТТБ экспертлари 2024 йилда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот 7 фоизга ўсишини башорат қилмоқда», деб ёзган муаллиф.
«Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг меҳмондўст мамлакат» сарлавҳали мақолада эса Канаданинг «Arton Capital» компанияси дунё давлатларининг меҳмондўстлигини баҳолайдиган «Welcome Countries Rank-2023» рейтингини эълон қилгани ҳақида хабар берилган.
«Рейтингда мамлакатларга улар томонидан қанча давлат фуқароларига виза имтиёзлари берилгани даражасига қараб баҳо берилган, - деб ёзади нашр. – Ўзбекистон мазкур рейтингда 25-ўринни эгаллаб, Марказий Осиё минтақасида энг меҳмондўст давлат сифатида эътироф этилди».
«Самарқанд яқинидаги «Чор чинор» сеҳрли боғи» сарлавҳали мақолада мамлакатимизнинг сайёҳлик масканларидан бирига эътибор қаратилган.
«Дунё бўйлаб қадимий афсоналар ва ривоятлар сеҳрига бурканган сирли масканлар кўп, - деб ёзади муаллиф. - Қизиғи, халқ орасида бундай жойлар билан боғлиқ шундай далиллар юрадики, замонавий фан ҳали ҳам уларга изоҳ топа олгани йўқ».
Самарқанддан 50 километр жануби-шарқдаги қадимий Ургут шаҳрида жойлашган «Чор чинор» боғи ана шундай масканлардан бири сифатида келтирилади. Бу жой ғайриоддий чинорлар билан ажралиб туради, уларнинг энг кексаси 1160 ёшдан ошган, энг кичиги эса тахминан 600 ёшда. «Дарахтлардан биридаги ковак энг катта қизиқиш уйғотади, - дея мақола муаллифи ўқувчиларнинг ушбу объектга қизиқишини оширади. - Ўйма эшик ортида ички хона мавжуд. Ушбу ковакка қарамай, чинор ўсишда давом этмоқда. Ривоятларга кўра, бир пайтлар бу дарахт бағрида сўфийлик мактаби жойлашган бўлиб, у бир неча авлод дарвишлар учун маскан бўлиб хизмат қилган».
«Боққа кирганингизда ўзингизни гўёки бошқа ўлчамдаги сеҳрли дунёга тушиб қолгандек ҳис қиласиз, бу табаррук жой ҳавоси сизга инъом қилаётган ички хотиржамликни сезасиз. Марказий осиёлик кўплаб зиёратчилар бу масканга илм ва шифо излаб келади. Эътиборлиси, улар турли дин ва ижтимоий мавқега мансуб кишилардир», дея таъриф берилган мақолада.
Муаллиф, шунингдек, бу ердаги зилол сув қайнаб турган булоқ ва ҳовуз, ХХ аср бошларида қурилган, бир пайтлар мадраса бўлиб хизмат қилган бино ҳақида ҳам ранг-баранг ҳикоя қилган, боғ ва булоқ тарихи билан боғлиқ ривоятлардан мисоллар келтирган.