25/Июль/2022 Бухоро - Ислом олами маданияти пойтахти
ДЕҲЛИ, 25 июль. /«Дунё» АА/. Ҳиндистоннинг “Sarkaritel” ва “Diplomacy India” электрон нашрларида жорий йилнинг 25-26 июль кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш” мавзусидаги халқаро конференциясига бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда қайд этилганидек, ушбу анжуманда Афғонистоннинг барқарор тинчликка эришиши ва хавфсизлиги таъминланишига қаратилган бир қатор муҳим масалалар кўриб чиқилади. Афғонистонда гуманитар инқирознинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, урушдан кейинги миллий иқтисодиётни тиклашга кўмаклашиш, кўп миллатли афғон халқи ва бутун дунё манфаати йўлида ушбу мамлакатни минтақавий ҳамкорлик жараёнига жалб этиш асосий мақсад этиб белгиланган.
Халқаро конференцияда Афғонистон муаммосини ҳал этишда бевосита иштирок этувчи Европа, Америка қитъалари, Яқин ва Ўрта Шарқ, Осиё-Тинч океани минтақалари, Марказий ва Жанубий Осиё давлатларининг Афғонистон бўйича махсус вакиллари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари ҳамда мутахассислари, етакчи таҳлил марказлари ва Афғонистон Муваққат ҳукумати делегацияси илк бор бир майдонда жам бўлишади.
Икки кун давомида турли тадбирлар – Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан тиклаш, афғон халқининг ҳозирги ва келгуси авлодлари учун узоқ кутилган тинч ҳаётни таъминлашга қаратилган инфратузилма ва ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилади.
Асосий мақсад – халқаро ҳамжамиятнинг афғон йўналишида якдил самарали мулоқотини йўлга қўйиш, хусусан, халқаро терроризмга қарши кураш соҳасида умумий позицияни шакллантиришга кўмаклашиш, афғон диёрининг қўшни давлатлар, шунингдек, Афғонистоннинг амалдаги ҳокимияти билан конструктив мулоқоти йўлларини топиш.
Мутахассислар ушбу форумни Афғонистонда мустаҳкам тинчлик ўрнатилиши ва барқарор ривожланишига эришишнинг муҳим шарти сифатида эътироф этишмоқда.
“Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий йил 11 июлда қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеясининг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги махсус резолюциясида Афғонистоннинг халқаро тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлашдаги алоҳида аҳамияти қайд этилган. Конференциянинг якуний натижаси сифатида Ўзбекистон етакчисининг ушбу муҳим ташаббуси ҳаётга тадбиқ этилиши кутилмоқда”, деб ёзади Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари.