30/Апрель/2021 Долзарб
ТОШКЕНТ, 30 апрель. /«Дунё» АА/. Хабар берганимиздек, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) директори Маттео Мекаччи бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турибди. Ташриф дастури доирасида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Марказий сайлов комиссияси, Олий суд, Ташқи ишлар вазирлиги, бошқа ташкилот ҳамда идораларда учрашувлар ўтказилди.
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ЕХҲТ ДИИҲБ директори Маттео Мекаччи билан учрашувдан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари саволларига жавоб берди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 14 апрель куни ушбу нуфузли делегацияни қабул қилди. Ўзаро мулоқот чоғида давлатимиз раҳбари ЕХҲТ билан самарали мулоқотнинг бугунги даражасини мамнуният билан қайд этди ҳамда Швециянинг ташкилотга раислигининг устувор йўналишларини қўллаб-қувватлади.
Суҳбатда Ўзбекистон Президенти ЕХҲТ билан кўп қиррали шерикликни, аввало, мамлакатимизда муҳим ички сиёсий тадбирларни ўтказишга тайёргарлик доирасида кенгайтиришнинг асосий йўналишларига алоҳида тўхталди.
Биринчидан, Ўзбекистон ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳамда Парламент ассамблеяси билан сермаҳсул мулоқотни давом эттиришдан манфаатдор экани қайд этилди.
Иккинчидан, яқин орада қатор қўшма тадбирларни ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.
Ўз навбатида, Анн Линде Ўзбекистонда янги босқичда амалга оширилаётган демократик янгиланишлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни, шунингдек Марказий Осиё минтақасида яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги сиёсатни юқори баҳолади.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси ЕХҲТ доирасидаги қўшма ташаббуслар қўллаб-қувватланаётгани ҳамда Швеция билан амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига юксак эътибор қаратилаётгани учун Ўзбекистон Президентига миннатдорчилик билдирди.
ЕХҲТнинг амалдаги раиси билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида ҳам учрашув бўлиб ўтди. Биз инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўзаро ҳамкорликнинг истиқболдаги йўналишларини муҳокама қилдик.
Анн Линде Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлганини қутлар экан, инсон ҳуқуқларига доир ташаббусларни илгари суриш борасида муваффақиятлар тилади. ЕХҲТнинг амалдаги раиси Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган гендер сиёсатига, бу сиёсатнинг айнан ижтимоий-сиёсий ҳаётда хотин-қизлар роли ва мавқеини оширишга қаратилганига ҳам юқори баҳо берди.
Шу маънода, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччи бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи бундан атиги 12 кун олдин Ўзбекистон Президенти ва ЕХҲТнинг амалдаги раиси ўзаро келишиб олган сермаҳсул мулоқотларнинг янги босқичи бошланганидан далолат беради.
– ЕХҲТ ДИИҲБ директори Маттео Мекаччи билан учрашувингиз тафсилотлари ҳақида сўзлаб берсангиз?
– Ушбу учрашувга қадар биз Маттео Мекаччи билан ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросининг 26-27 апрель кунлари бўлиб ўтган Инсонийлик мезонлари бўйича иккинчи қўшимча йиғилиши доирасида онлайн-мулоқот қилгандик.
«Демократик қонун ижодкорлиги: томонлар иштирокини таъминлаш» мавзусидаги ушбу анжуман ЕХҲТга аъзо давлатлар, Ташкилот институтлари, халқаро тузилмалар, фуқаролик жамияти ва бошқа томонлар иштирокида очиқ, шаффоф ҳамда инклюзив конун ижодкорлиги, коррупцияга карши кураш, қонунчиликда гендер тенглик, қарорлар қабул қилишда рақамлаштириш, қонунларнинг инсон ҳуқуқларига мос келиши масалаларини муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилгани эътиборга лойиқдир.
ЕХҲТ ДИИҲБ директори Маттео Мекаччи анжумандаги нутқида ЕХҲТга аъзо мамлакатлар ўз зиммасига олган мажбуриятларнинг бажарилиши, жамиятда муросасизлик, камситиш, инсон ҳуқуқлари бузилиши ва бошқа масалалар билан боғлиқ мавжуд муаммолар ҳақида маълумот берди. Мен эса Ўзбекистон Парламентида сўнгги йилларда амалга оширилган янгича ёндашувлар ва ислоҳотлар, жумладан, пандемия шароитида қонун ижодкорлиги, унда парламент назоратини кенгайтириш ҳамда қонун ижодкорлигида жамиятнинг ўрни ва халқаро ҳамкорлик соҳаларидаги ўзгаришлар ва стандартлар ҳақида сўзладим.
Тошкентда бўлиб ўтган юзма-юз учрашув ўша онлайн-мулоқотимизнинг узвий давоми бўлди. Меҳмонга аввало мамлакат парламенти қуйи палатасининг асосий фаолият йўналишлари, хусусан, Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари бўйича қўмита ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси фаолияти ҳақида маълумот берилди.
Парламент фаолияти билан танишиш асносида, Маттео Мекаччи Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси тузилганини ва унинг фаолиятини юқори баҳолади. Меҳмон Ўзбекистон парламентининг мамлакатдаги шиддатли ислоҳотлар жараёнларига кенг кўламда ва фаол иштирок этаётганини мамнуният билан эътироф этди.
– Ўзаро мулоқотнинг инсон ҳуқуқлари ва жамиятни демократлаштириш соҳасидаги истиқболли ҳамкорликни ривожлантиришга тааллуқли жиҳатлари хусусида ҳам тўхталсангиз.
– Учрашувда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси билан имзоланган англашув меморандумлари доирасида ўзаро конструктив шерикликни ривожлантиришнинг истиқболдаги долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Маттео Мекаччи ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги юксак даражасини маъқуллар экан, инсон ҳуқуқлари ва жамиятни демократлаштиришга тааллуқли қонун лойиҳаларини экспертизадан ўтказишда кўмаклашишга тайёрлигини таъкидлади.
Маттео Мекаччи Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ижобий баҳолаб, мамлакатнинг БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ҳамда БМТ Қийноқларга қарши конвенциясига Факультатив протоколни ратификация қилишида кўмаклашишга тайёрлигини маълум қилди. Бунда соҳа ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида тренинг ва семинарлар ўтказиш борасида ҳамкорлик қилиш мақсадга мувофиқ эканига эътибор қаратилди.
Томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Хусусан, Маттео Мекаччи Ўзбекистон томонига Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим декларациясининг 10 йиллигига бағишлаб глобал форум ва Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясини ўтказишда кўмаклашишга шайлигини билдирди.
– ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ўзгаргани ҳақидаги маълумотни қандай шарҳлайсиз?
– Канадалик дўстимиз, бутун Ўзбекистоннинг яқин дўсти – «Дўстлик» ордени соҳиби Жон МакГрегор 2016 йил май ойидан бошлаб ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси сифатида фаол ишлади. Ушбу нуфузли минтақавий ташкилот билан ўзаро ҳамкорлигимизнинг ҳозирги ижобий ва самарадор даражага юксалиши йўлида у раҳбарлик қилган ЕХҲТ офисининг изчил саъй-ҳаракатларини эътироф этамиз ва қадрлаймиз.
Эндиликда элчи Жон МакГрегор ЕХҲТнинг Туркманистондаги миссияси раҳбари лавозимига тайинланди. Фурсатдан фойдаланиб, ҳамкоримизга янги лавозимда омадлар тилаймиз.
Айни вақтда Швециянинг ЕХҲТдаги раислиги швейцариялик дипломат Пьер фон Арксни ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офисининг янги раҳбари этиб тайинлаганидан хабардормиз. Дипломат янги вазифасини бажаришга жорий йил май ойида киришади.
Эътиборли жиҳати шундаки, Пьер фон Аркс Ўзбекистоннинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотидаги доимий вакили билан яқинда бўлиб ўтган мулоқотида сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ҳаётида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларни, ЕХҲТ ва Ўзбекистон ўртасидаги изчил ривожланиб бораётган муносабатларни юқори баҳолади.
У ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офисининг янги раҳбари сифатида мамлакат ҳаётига жорий этилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар муваффақиятли амалга оширилишига ҳисса қўшишга тайёрлигини изҳор қилди.
Фурсатдан фойдаланиб, Пьер фон Арксни юқори лавозимга тайинлангани билан табриклаймиз. Унинг барча билим ва тажрибаси мамлакатимизнинг ЕХҲТ билан ўзаро алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга ҳисса қўшишига умид билдирамиз. Ўзаро яқин ва самарали ҳамкорликка ҳамиша тайёрмиз.
Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бу йил мамлакатимиз ҳаётида муҳим сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Шу маънода, 2021 йил 8 февраль куни “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши ЕХҲТ ДИИҲБ тавсиялари ижроси йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Ушбу ҳужжат билан қатор қонунлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар киритилди. Яна бир муҳим жиҳат – ДИИҲБ тавсияларини инобатга олган ҳолда, Сайлов кодексига ўзгартиришлар жорий этилди.
Ўз навбатида, ЕХҲТ ДИИҲБ директори Маттео Мекаччининг ташрифи доирасида томонлар Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги ва амалиётини бўлажак Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш бўйича конструктив ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор эканликларини тасдиқлади.