Uz / Ўз Ru En

Toshkent

03/Март/2021   Маданият

Али Ҳамроев: Ўзбекистонда кинематографияни ривожлантириш учун «таниш билишчилик», «қариндошлик» ва бошқа одатлардан воз кечиш керак


ТОШКEНТ, 3 март. /«Дунё» АА/. Бугун Италияда истиқомат қилаётган таниқли ўзбек кинорежиссёри Али Ҳамроев «Дунё» ахборот агентлигига берган интервьюсида Ўзбекистон кинематографиясининг ривожлантириш истиқболлари тўғрисидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди, қатор саволларга жавоб берди.

- Сўнгги йилларда ўзбек кинематографияси мураккаб даврни бошдан кечирмоқда, - деди таниқли кино устаси. - Айтишим керакки, ушбу баҳо нафақат Ўзбекистон, балки собиқ совет давлатлари ва, ҳатто, жаҳон кинематографияси учун ҳам тегишли.

Авлодлар ўзгармоқда, ўз ишининг усталари, дурдона фильмлар яратган устоз санъаткорлар орамизда йўқ. Табиийки, уларнинг ўрнини янги мутахассислар, янги шахслар тўлдирмоқда. Янги авлод вакиллари профессионал маҳоратини намойиш этишга уринмоқда. Бироқ уларнинг айримларигина Осиё, Африка, Америка, Австралия ёки Европада яшайдиган турли миллат, турли эътиқод, турли дунёқарашга эга инсонлар бирдай қизиқиш билан томоша қиладиган фильмлар яратишга эришмоқда. Бармоқ билан санарли кинорежиссёрлар ана шундай умрбоқий киноасарлар суратга олаяпти холос. Аммо бу ҳам табиий ҳолат. Ҳозир дунёда «юқори сифатли кино учун кучларни тўплаш жараёни» бормоқда, менимча.

Афсуски, сўнгги йилларда ўзбек киноси дунё ҳақиқатларидан ажралиб қолди. Қоғозда ҳамма нарса яхшидек туюлади, бироқ мамлакатимизда йиллар давомида деярли бирон марта йирик халқаро кинофорум ўтказилмади. Бундай анжуманлар ўтказилганда, одатда, дунёнинг турли ҳудудларидан киночилар, кино ихлосмандлари келган бўлар эди. Европа,  Осиё қитъалари режиссёрлари, танқидчилари иштирокидаги кинофестивалларда ўзбекистонлик томошабин учун янги фильмлар намойиши ўтказилиши, кейин эса самимий даврада ўз таассуротлари билан бўлишиш мумкин эди-ку. Афсуски, бундай бўлмади. Биз ўз қобиғимизга ўралашиб юравердик. Агар кино саноатида кинематографлар фақат тор доирада бир-бири билан мулоқот қилса, бир-бирини мақташ билан овора бўлса дунёдаги жараёнлардан четда қолиб кетади.

Маълумки, агар иқтисодиёт ривожланмаса ва бир жойда депсиниб қолса, жамиятда камбағаллар сони ортади. Натижада ҳаёт қийинлашади. Кино санъатида ҳам худди шундай. Кино саноати ривожланмас экан, одамлар маънавий жиҳатдан қашшоқлашади.

Бугунги кунда кўплаб ёшлар хорижий сериалларни томоша қилмоқда.  Аксарият режиссёрларимиз ҳам мазмун ва моҳият жиҳатдан ушбу сериалларга ўхшаш ўзбек фильмларини суратга олмоқда. Мен уларга бошқа чет элдагиларга ўхшамайдиган, ўзбек қадриятлари ва маданиятига асосланган ижодий лойиҳалар яратишни маслаҳат берган бўлардим.

Ҳозир ўзбек кинематографияси ўзгаришлар жараёнида бўлиб турибди. Бу босқичдан ҳам ўтиб олиш керак. Мамлакатимизда самарали фаолият юритаётган катта авлод вакиллари ва иқтидорли ёшлар ҳам бор. Ўзбекистон раҳбарияти ўзбек кинематографиясини модернизациялаш бўйича оқилона вазифа қўйди, деб ҳисоблайман. Давлат раҳбари мунтазам тарзда бунга чақирмоқда ва мазкур саъй-ҳаракатлар кинематография тараққиётига ижобий  таъсир кўрсатмоқда. Шу сабабли соҳада яқин бир неча йил давомида ижодий ўсиш  кузатилишига ишонаман.

Агар бугун ёққан кинолойиҳалар ҳақида гапирадиган бўлсам, режиссёр Ёлқин Тўйчиев суратга олган «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильмини атаган бўлардим. Бугун Россияда яшаб, ижод қилаётган Юсуп Розиқов яхши фильмлар яратаётганини таъкидлашни истардим. Аюб Шаҳобиддинов ҳақида ҳам шундай дейишим мумкин. Шунингдек, 25 ёшли ижодкорлар томонидан суратга олинган қатор фильмларни ҳам томоша қилдим. Хусусан, қизиқарли қисқа метражли фильмлар суратга олаётган ва эътиборга молик спектакллар саҳналаштираётган Умид Зокиров ишлари ҳам менга ёқди. Мен ёшлар профессионал даражада ўсиб бораётганига ишонаман, уларни қўллаб-қувватлаш керак.

Ўзбекистонда кинематографияни ривожлантириш учун «таниш билишчилик», «қариндошчилик» ва бошқа одатлардан воз кечиш зарур. Мен «Ўзбеккино» раҳбарияти тўғри йўл танлаганига ишонаман. Бугун кино тўғрисида қонун қабул қилиш бўйича ҳаракат қилинмоқда. «Йўл харитаси» тузилди, киноиндустрияни ривожлантиришнинг янги концепцияси таклиф қилинди.

Бугун халқаро талабларга жавоб берадиган яхши фильмлар яратиш вақти келди. Фақат ана шундай йўл билан биз нуфузли кино фестивалларида ғолиб бўлишимиз мумкин. Баъзан кичик-кичик фестиваллардаги ютуқларимиз  билан  фахрланиб юрамиз. Аммо кино санъатини шундай ривожлантиришимиз керакки, етакчи форумларда ўзбек киноси намуналари тан олинсин!

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро кинофестивали тиклаш тўғрисидаги қарорини маълум қилди. Агар ушбу фестиваль сентябрь ойида ўтказилса, билингки, бу олдинга ташланган катта қадам бўлади. Биз яна кинематографиянинг глобал жараёнига қўшиламиз. Бу эса ўзининг самарали натижаларини намоён эта бошлайди.

Мавзуга оид

Бразилияда ўтказилган «Халқаро фолькло...

Бугун Тошкент вақти билан соат 01.00 дан 02.00га қадар Бразилияда онлайн тарзда «Халқаро ф...

Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуф ҳақ...

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига биноан “Ижод студияси” томонидан “Ҳужжатли ва хр...

Ўзбекистон ва Қирғизистон музейлари ўзар...

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Темурийлар тарихи давлат музейи би...

Сўнгги янгиликлар