Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбМаданиятСайёҳликМедиаЯна рукнлар

21/Май/2021   Саналар

Алишер Навоий ижодий мероси Германияда кенг ўрганилмоқда


Жорий йил ўзбек халқининг буюк шоири, мутафаккири ва давлат арбоби ҳазрат Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги мамлакатимизда ва халқаро кўламда кенг нишонланмоқда.

Турон Фанлар академиясининг фахрий академиги, таниқли тилшунос ва навоийшунос олима, Навоий ғазаллари, рубоий ва афоризмларининг немис тилига таржимаси ҳамда қиёсий лингвопоэтик таҳлилининг бадиий қиймати ҳақидаги салмоқли илмий ишлар муаллифи Ровияжон Абдуллаева “Дунё” ахборот агентлиги мухбирига Германия академик доиралари вакилларининг буюк бобокалонимиз ижодий меросини ўрганишга бўлган қизиқиши ҳақида сўзлаб берди.

- Германияда Мир Алишер Навоий ижодига қизиқиш, ушбу бебаҳо меросга турлича ёндашувлар доимо кузатилган, - дейди олима. – Бироқ “Манзури шаҳаншоҳи Хуросон” дея улуғланган, “Шамс ул-миллат” дея ардоқ топган Навоий таваллудининг 500 йиллиги муносабати билан Тошкентга келган немис олими Альфред Курелла беназир бобокалонимизнинг шахси ва ижодига бағишлаб ёзган “Буюк шоирнинг қайта кашф этилиши” номли эссе жанридаги тадқиқоти буюк мутафаккирни Ғарбий Европа бўйлаб буюк шоир сифатида янада машҳур бўлишига салмоқли ҳисса қўшди.

Мустақиллик йилларида Германияда Навоийнинг ўрганишга эътибор янада кучайди ва ҳазрат Навоий таваллудининг 560, 570, 575 ва 580 йилликлари муносабати билан Берлинда буюк мутафаккир ҳаёти ва ижодига бағишланган халқаро симпозиумлар ўтказилди. Хусусан, 2016 йилда анжуманга Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети ректори профессор Ш.Сирожиддинов, шоир М.Али ва навоийшунос профессор А.Эркиновдан иборат делегация таклиф қилинди.

Немис шарқшунослари Ҳаммер Пургшталь, Альфред Курелла, Зигфрид Клайнмихел, Клаус Шёнинг, Марк Кирхнер ва венгер олими Ҳерман Вамбери ўз замоналарида яратган илмий тадқиқотлари билан буюк бобомизнинг улкан маданий-маънавий меросини Ғарб жамоатчилигига танитишга ўз ҳиссасини қўшган. Шу боис уларни немис, аниқроғи Европа навоийшунослари, деб аташ мумкин.

Мен Навоий асарларининг Германияда янада кенг кўламда ўрганиш ва таржима қилинишига 1998 йилда Берлин Ҳумбольдт университетида бўлиб ўтган Ўзбекистон маданият кунларининг очилиш маросими туртки бўлган, деб ўйлайман.

Ўшанда тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов шундай деганди: “Муҳтарам анжуман қатнашчилари, мен Дантенинг “Илоҳий комедия” асарини ўзбек тилига таржима қилиб, Ғарбий Европа адабиёти олдидаги қарзимни уздим. Эркин Воҳидов эса Гётенинг “Фауст”ини ўзбекчага ўгириб, олмон адабиёти олдидаги бурчини бажарди. Нима сабабдан олмонлар буюк мутафаккири Гёте Шарқ адабиёти, жумладан, Навоий яшаган давр адабиёти вакилларини ўзига пир тутганлигини ва бу орқали ўз миллий адабиёти тараққиётига катта ҳисса қўшганлигини била туриб, Навоийни қойиллатиб таржима қилишмаяпти?”, - деган эди.

Абдулла Ориповнинг ана шу ўринли шоирона танбеҳи туртки бўлиб, немислар астойдил Навоийни ўрганишга киришди. ЮНЕСКОнинг қарори билан 2001 йилда Берлинда Навоийга бағишланган халқаро доирадаги симпозиум бўлиб ўтди. Мазкур анжуман материаллари 2003 йилда Германиянинг Вюрцбург шаҳридаги “Эргон” нашриётида “Мир Алишер Навоий” номи билан илмий мақолалар тўплами шаклида чоп этилди.

Ушбу китобдан “Мир Алишер Навоий — мозийга бир назар” (Б.Ҳайнкеле), “Темурийларга оид манбаларда ўзбеклар ифодаси” (Ю.Паул), “Бобурнома”да Навоий образи” (К.Шёнинг), “Марказий Осиё халқлари эртакларида Навоий образи” (Э.Таубе), “ХVI аср Чиғатой усмонли луғати “Абушқа”да чиғатой тилидаги феъл шаклларининг усмонли талқинда берилиши” (К.Рўмер), “Навоийнинг “Лайли ва Мажнуни” (М.Кирҳнер), “Навоий — бенаво” (З.Клайнмиҳель), “Навоий даврида санъат ва меъморчилик” (Й.Гирлиҳс) мавзуларидаги мақолалар жой олган.

Жорий йил муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан ҳазрат Навоийнинг 580 йиллиги кенг нишонланмоқда. Қарорга кўра, Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ташкил қилинди. Бундан ташқари, Алишер Навоий ордени таъсис этилди. Хорижий мамлакатлардан шоир қаламига мансуб қўлёзмаларнинг факсимиле нусхалари мамлакатга олиб келинмоқда. Қарорда, шунингдек, Навоий асарлари чет тилларига таржима қилиниб, нашр этилиши ҳам ўз ифодасини топган.

- Сизнинг таржимон, навоийшунос олима сифатида бу йўналишда олиб бораётган фаолиятингиз ҳақида ҳам билишни истар эдик...

- Сўнгги йилларда сўз мулки султони Навоийнинг кўп қиррали ижодий меросини чуқур ўрганиш, асарларини дунёнинг кўплаб мамлакатларида оммалаштириш бўйича салмоқли ишлар олиб борилмоқда.

Камина Навоий бобомизнинг 580 йиллигига бағишлаб бир қанча илмий анжуман ва йиғилишларда ўз чиқишларим билан иштирок этиб келмоқдаман. Мисол тариқасида яқинда “Ўзбекистон-Германия” дўстлик жамияти ўтказган илмий конференцияда “Навоий ва Гёте ижодида муштарак нуқталар” мавзусида маъруза қилдим. Ҳазрат Навоийнинг Германияда ўрганилишига бағишланган 300 бетлик “Сарҳад билмас шеърият” номли монографиям нашрга тайёр турибди. “Навоий ғазалларини таржима қилишда Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғатининг ўрни ва роли” сарлавҳали рисола тайёрладим. Яқинда “Қаро кўзим” сарлавҳали Навоий ғазалларининг немис тилига таржималари тўпламига тақриз ва хулосалар билан ўз ҳиссамни қўшдим.

- Ўзбекистон-Германия замонавий алоқаларида Навоий ижодининг ўрни қандай аҳамият касб этади?

- Ғарбий Европада Навоий ижоди чуқур ва жиддий ўрганилмагани боис, афсуски, европаликлар шоирнинг шахси ва ижодини чуқур англамаган. Натижада у ҳақда ғайриилмий қарашлар, нотўғри талқинлар ҳам бўлган. Бугунги кунда эса Мир Алишер Навоий Германияда “Ҳиротнинг бахти” ёҳуд “Ҳирот бошига қўнган бахт қуши” (Ҳофманн) дея этироф этилмоқда.

Алишер Навоий нафақат туркий халқларнинг буюк мутафаккир шоири, балки бутун дунё эътироф этган Шарқу Ғарб маъвосидир. Озарбайжон шоири Фузулий ўз девони дебочасида уни “Манзури шаҳаншоҳи Хуросон” деб улуғлаган соҳир сўз соҳиби ижодий мероси бугун ўзбек ва немис халқлари дўстлик ришталарининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

- Қизиқарли ва мазмунли суҳбат учун ташаккур.

Баҳриддин Асланов суҳбатлашди.

“Дунё” АА. 

Мавзуга оид

Германиядан табрик: Байроқни ҳурмат қили...

Кеча мамлакатимизда Давлат байроғи куни кенг нишонланди. «Ўзбекистон Республикасининг давл...

7 апрель — Бутунжаҳон саломатлик куни...

Бугун Бутунжаҳон саломатлик куни

Бельгиядан муносабат: Дунёнинг қайси бур...

Ўзбекистон давлат байроғи қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан мамлакатимизнинг...

Сўнгги янгиликлар