08/Февраль/2023 Жамият
ВАРШАВА, 8 февраль. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Польшадаги элчихонаси томонидан Краков шаҳрида яшаётган ва таълим олаётган ватандошлар иштирокида Навоий ва Бобур таваллуд саналарига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Буюк бобокалонларимизнинг бебаҳо илмий-ижодий мероси, жаҳон адабиёти тарихи, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожидаги алоҳида ўрни ҳақида сўзлаб берилди.
Навоий ва Бобур асарларида юксак умуминсоний ғоялар тарғиб этилгани, ўзбек тилининг беқиёс сўз бойлиги имкониятлари ўз ифодасини топгани қайд этилди.
Тадбир давомида Краковда хусусий тидбиркорлик билан шуғулланиб келаётган юртдошимиз Ҳаётбек Тиллаев Алишер Навоий ҳаёти, ижоди ва унинг асарларида илгари сурилган чин инсоний ғоялар ҳақида тўхталди.
Бундан ташқари анжуманда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчилар эътиборига Бобур ҳақидаги видеолавҳа тақдим этилди. Унда буюк бобокалонимизнинг босиб ўтган ҳаёт йўлига алоҳида урғу берилди. Шунингдек, Бобур шеърлари, ғазаллари ва рубоийларида кенг ўрин олган ватанпарлик ғоялари урғуланди. Мирзо Бобурнинг «Бобурнома», «Қобул девони» каби машҳур асарлари дунё адабиёти дурдоналаридан ҳисобланиши таъкидланди.
Маънавий-маърифий тадбирда Навоий ва Бобур ғазалларидан намуналар ўқилди.