Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбСайёҳликЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

08/Апрель/2022   Саналар

Амир Темур қурдирган иншоотлар жаҳон меъморчилигида янги йўналишдир

ТОШКЕНТ,  8 апрель. /«Дунё» АА/.  9 апрель – Амир Темур тавалуд топган кун. Буюк бобокалонимиз бунёдкорлик соҳасида ҳам катта ўзгаришларни амалга ошириб, жаҳон меъморчилигини бемисл даражада бойитган. У салтанат мафкураси, ғояси ва маҳобатини ўз бунёдкорлик ишларида намоён эта олган.


Амир Темур Самарқанд атрофида ўз даврида дунёнинг сиёсий марказлари бўлган Шероз, Султония, Бағдод, Ироқ, Дамашқ, Миср каби 12 та шаҳар номи билан қишлоқлар барпо этиб, салтанат пойтахтининг уларга нисбатан тутган мавқеига алоҳида урғу берган. Шунингдек, Соҳибқирон Самарқанд шаҳри атрофида ўнлаб боғлар яратган, бу боғларда гўзал иморатлар, фавворалар ва бошқа иншоотлар қурдирган.

Нафақат Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарлари, балки Темур салтанатининг барча бурчакларида ҳам кенг бунёдкорлик ишлари олиб борилди.

 Муаррих Шарафиддин Али Яздий Кавказ атрофида Бойлақон шаҳри қурилиши ҳақида шундай ёзиб қолдирган: «Ҳазрат Соҳибқироннинг Бойлақонни таъмир этмак доъийаси муборак хотиридан ўтди. Ул шаҳар муддати мадидким вайрон бўлуб, не бир иморати ва не бир жонивору ҳашорати бор эрди. Ул сарзаминида махсус ёрлиқ била хуш раво муҳандислар ва кордон меъморлар шаҳар тарихиға машғул бўлдиларким, анинг ҳандақи ва тўрт бозори ва бисёр эвлари ва ҳаммому карвонсаройи ва майдонию боғи ва ғайруҳуни асос этиб андоза қилдилар. Ва таноб тортиб шаҳзодалару беклар ани тақсимладилар. Черик тамоми жадди бирла ишга машғул бўлдилар. Ул иморатларнинг барчаси пишиқ ғиштдан бир ой муддатда тамом этилди...»

Айтишларича, бу шаҳарнинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қилувчи Наҳри Барлос каналининг Амир Темур тарафидан қаздирилиши ўз даврида катта шов-шувга сабаб бўлган. Бу каналда ҳатто кемалар қатнови ҳам йўлга қўйилган.

Халқаро Амир Темур фонди раиси, профессор Қўзибой Мамараимовнинг тарихий манбаларга таяниб айтишича, Амир Темур 1401 йилда Румга юриши олдидан Озарбайжон ҳудудидаги Қорабоғда қишлаб қолади ва Арас (Аракс) дарёсидан боғларни суғориш учун ариқ қаздиради.

Ҳозир ҳам Қорабоғда Амир Темур бошчилик қилган баъзи қурилиш иншоотлари, боғлар мавжуд. Низомиддин Шомийнинг ёзишича, ўша пайтда Гилон ва Мазандарон (Каспий) денгизигача етиб борадиган дарёлар қаздирилган.

Шомийнинг «Зафарнома» асарида ёзилишича, «Соҳибқирон Эрон, Турон мамлакатларида машҳур иморатлар қурган. Эронда биздан ёдгорлик қолган».

Амир Темурда Бийлокент ерида бир шаҳар бино қилиш мақсади пайдо бўлади ва қурилиш ишларини бошлайди ҳамда чўлда шаҳар барпо этади. Шунингдек, 1403 йил амирларни йиғиб, ислом дини, илм-фан марказларидан бири бўлган Боғдодни обод қилиш учун фармон беради.

Амир Темур томонидан қурилган иморатларни юз йиллардан кейин кўрган ва бундан қаттиқ ҳайратга тушган можор олими Х. Вамбери унинг бу фаолиятига шундай баҳо берган: «Самарқанднинг шавкатли давридан қолган меъморий асарларни ҳозирги заиф ҳоли билан қиёсланса, бугунги муҳташам биноларнинг тавсиялари муболағали туюлмайди. Султон Худобанда тарафидан Султонияда юз йил илгари қурилган масжиднинг гўзаллиги Темур тарафидан бунёд этилган ҳозирги Самарқанднинг харобалари устида қад кўтарган «Масжиди шоҳ»нинг гўзал маҳобати билан тенглаша олмас.
     Меъморчиликнинг шундай услубида кейинроқ қурилган бинолар, масалан, Исфахондаги Масжиди Кабир, Қум ва Машҳаддаги турбалар Темур ҳиммати билан бунёд этилган иморатга нисбатан такрорийдир».

Мавзуга оид

Украинада Наврўзи олам байрами нишонланд...

Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси томонидан Львов шаҳрида Наврўз умумхалқ байрами нишо...

Ўзбекистоннинг БМТ Бутунжаҳон сайёҳлик т...

Жорий йил 2 март куни Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорликнинг 30 йиллигини нишонлайди. Мамлакатими...

Исломободда “Буюк саркарда, мутафаккир в...

Кеча Покистон пойтахтида “Буюк саркарда, мутафаккир ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур: Ўзб...

Сўнгги янгиликлар