Uz / Ўз Ru En

Toshkent

10/Апрель/2021   Жамият

Aмир Темурнинг ҳарбий санъатни ривожлантиришдаги роли


ТОШКЕНТ, 10 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясида ушбу мавзуга бағишланган халқаро илмий онлайн-конференция бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти маълумотига кўра, анжуманда вазирлик масъул офицерлари, ҳарбий-илмий тадқиқотлар билан шуғулланувчи олимлар, хорижий давлатларнинг еткчи илмий-тадқиқот марказларининг экспертлари, Тошкентда фаолият юритадиган дипломатик корпус ҳарбий атташелари ассоциацияси вакиллари, шунингдек, республикамиз олий ҳарбий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, ҳарбий докторантлар  иштирок этди.

Соҳибқирон Амир Темур ҳукмронлиги даврида давлатчилик, қўшинлар тузиш, илм-фан ва санъат, адабиёт, тиббиёт, меъморчилик, хаттотлик ва кутубхоналар ривожида катта ўзгаришлар кузатилди.

Таниқли француз олими Люсьен Керен буюк аждодимиз хақида “1336 йил 9 апрелда ҳозирги Шаҳрисабздан унча узоқ бўлмаган жойда, Осиёдан Европагача бўлган халқларнинг ва ўз даврининг тарихини ўзгартирган, жаҳон тамаддуни тарихида ёрқин из қолдирган шахс дунёга келди”, деб ёзган эди.

Амир Темурнинг маънавий мероси миллатлараро тотувлик, ислоҳотларни амалга оширишда йўлчи юлдуз, ёш авлодни ватанпарварлик тарбияси, миллий ўзлик ва дунёқарашни шакллантириш, бағрикенглик манбаига айланган. У ҳаётлигида қўллаган ва авлодларига васият қилиб қолдирган маънавий-ахлоқий тамойиллари эса ноёб асар – “Темур тузуклари”да ўз аксини топган.

Амир Темурнинг ҳарбий санъати кўплаб мамлакатлар тадқиқотчилари, нуфузли хорижий ҳарбий академиялар қизиқишини ўзига жалб қилмоқда. Сўнгги олти асрдирки Темур ҳақида Европа тилларида 900 дан ва Шарқ тилларида 1000 дан ортиқ асар ёзилган, унинг меросини ўрганишга бағишланган илмий симпозиумлар ўтказилмоқда, 50 дан ортиқ давлатда темуршунос олимлар, шу жумладан, таниқли ҳарбий  тадқиқотчилар илмий изланишлар олиб бормоқда.

Бугун Қуролли Кучлар академиясида Илмий-тадқиқотлар институтининг илмий ходимлари, мамлакатимизнинг етакчи олимлари билан биргаликда инновация ва илмий фаолият йўналиши дастурлари асосида Ижодий илмий жамоа шакллантирилган бўлиб, “Амир Темурнинг жанг санъати”, “Темур тузукларига ҳарбий-сиёсий шарҳ”, “Жалолиддин Мангубердининг ҳарбий бошқарув санъати” номли монография, диссертация ва қўлланмалар тайёрланмоқда.

Халқаро илмий онлайн-конференцияда шулар хусусида батафсил маълумот тақдим этилди.

Онлайн-анжуман доирасида ҳарбий-илмий изланишлар тақдимотлари, хорижий олимлар, мамлакатимизнинг ҳарбий тадқиқотчилари ва кузатувчи экспертлар томонидан тайёрланган долзарб мавзулардаги чиқишлар, жумладан,  Амир Темурнинг қўшин тузиш назарияси, жангчиларни саралаш ва уларни махсус тайёргарлиги, мерганлик ҳамда суворий ва пиёдаларни бошқаришга доир яратган таълимоти тарихий аҳамият касб этиши эътироф этилди.

Халқаро илмий тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг мутахассислари, Фанлар академиясининг Тарих институти, Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомчилик ва дизайн институти мутахассислари томонидан Амир Темурнинг бой ҳарбий меросига оид ижодий асарлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Мавзуга оид

Ниннат Оланворавут – Ўзбекистонда олиб б...

Жанубий-Шарқий Осиёдаги олий таълим муассасалари уюшмаси Бош котиби Ниннат Оланворавут Ўзб...

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги делегаци...

Ўзбекистонг Ички ишлар вазирлиги делегацияси Боку шаҳрида Ўзбекистон-Озарбайжон идораларар...

Ўтаётган ҳафтада Россиядаги 202 нафар Ўз...

Бу ҳафтада Россияда бўлиб турган 202 та Ўзбекистон фуқаросига умумий қиймати 1 миллион 220...

Сўнгги янгиликлар