Uz / Ўз Ru En

Toshkent

11/Сентябрь/2020   Илм-фан

Анголалик ёшлар Ўзбекистон олий ўқув юртларида таҳсил олишлари мумкин


ҚОҲИРА, 11 сентябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси Ойбек Усмонов Африка давлатлари билан савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Анголанинг Қоҳирадаги элчиси Нелсон Косме билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Суҳбат давомида  томонлар Ўзбекистон билан Анголанинг тарихий жиҳатдан фаол шериклик алоқалари сақланиб қолгани, айниқса, таълим соҳасида 1000 нафардан ортиқ Ангола фуқаролари Ўзбекистон олий ўқув юртларида таҳсил олишганини  таъкидлади.

Нелсон Косме Ўзбекистон таълим муассасаларида тиббиёт, суғориш ва кончилик мутахассисликлари бўйича ўқиган, ўз соҳасининг юқори малакали мутахассисларига айланган анголалик талабаларга кўп йиллик ёрдами учун Ўзбекистон раҳбарияти ва унинг меҳмондўст халқига самимий миннатдорлик билдирди.

Шунингдек, Нелсон Косме сўнгги йилларда Ангола Республикаси Африканинг тез ривожланаётган мамлакатларидан бирига айланганини таъкидлади.

Қайд этилганидек, қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш мамлакат иқтисодиётида устунлик қилади. Минерал хомашё ресурслари – нефть, газ, уран ва олмос экспорти бўйича юқори кўрсаткичларга эга.

Ангола элчиси Ўзбекистон билан манфаатли савдо-иқтисодий шериклик, сармоявий ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйишга қизиқиш билдирди. Хусусан, анголалик ёшларни Ўзбекистоннинг кончилик соҳасида кадрлар тайёрлашга ихтисослашган олий ўқув юртларида ўқитишда ҳамкорлик истагини билдирди.

Ўз навбатида, мамлакатимиз элчиси анголалик ҳамкасбига Ўзбекистонда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида янги технологияларни жорий этиш ҳамда ташқи савдо алоқаларини диверсификация қилиш, хорижий мамлакатлар билан шериклик алоқаларини кенгайтириш орқали иқтисодиётни янада либераллаштириш, уни модернизация қилиш,  янги ишлаб чиқариш тармоқларини ишга туширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон билан Африканинг узоқ йиллик дўстлик ҳамда шериклик алоқаларига эга қатор давлатлари ўртасида манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишда улкан имконият ва фойдаланилмаган салоҳият мавжудлиги қайд этилди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг 100 нафардан зиёд юқори малакали шифокорлари Анголанинг Н’Далатандо, Луанда, Уамбо, Маланже, Уиже каби шаҳарларида муваффақиятли фаолият юритаётгани таъкидланди. Бу мамлакатларимиз ўртасида узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишда мустаҳкам кўприк ҳисобланади. Ўзбекистон элчиси Ангола ҳукумати ва раҳбариятига мамлакатимиз фуқаролари меҳнат фаолияти учун яратилган қулай шароит ва имкониятлар учун миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон – Ангола  ҳамкорлигини йўлга қўйишда хоҳиш ва катта қизиқиш борлигини тасдиқлаган элчи Нелсон Косме Ангола Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон элчихонаси делегациясининг Луандага ишчи ташрифини ташкил этишда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

 Учрашув якунида Ўзбекистон ва Ангола халқлари манфаатлари йўлида турли соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида дипломатик ваколатхоналаримиз ўртасида фаол алоқаларни юқори суръатларда давом эттиришга келишиб олинди.

Мавзуга оид

Onlayn-TV, Onlayn-radio, Onlayn-maktab д...

Етти кунлик архивга эга бўлган Onlayn-TV, Onlayn-radio, миллий ва хорижий энг машҳур конте...

Ўзбекистонда мактабларни 14 сентябрдан о...

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълим вазири Шерзод Шерматов мактаблар очилиши бўйича мурож...

Тошкент давлат аграр университетининг Н...

Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиали ва Табриз давлат университети ўртаси...

Сўнгги янгиликлар