Uz / Ўз Ru En

Toshkent

03/Март/2021   Маданият

Анқарада буюк математик, алгебра фанининг асосчиси Муҳаммад ал-Хоразмий шарафига ёдгорлик ўрнатилди


АНҚАРА, 3 март. /«Дунё» АА/. Бугун мамлакатимизнинг Анқарадаги  элчихонаси ташаббуси билан Туркий маданият халқаро ташкилоти – ТУРКСОЙ ҳамда Анқара шаҳар муниципалитети билан биргаликда «Хива - туркий дунёнинг маданият пойтахти» халқаро дастури доирасида Туркия пойтахтида Муҳаммад ал-Хоразмий ёдгорлигининг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тантанали очилиш маросимида Туркияда амалий ташриф билан бўлиб турган Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрмонов, мамлакатимизмиз элчиси Алишер Аъзамхўжаев, Туркий маданият халқаро ташкилоти — ТУРКСОЙ бош котиби ўринбосари Билол Чақичи, Туркия Буюк Миллат мажлисидаги «Туркия-Ўзбекистон» парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Осман Местен, Анқара  шаҳар Кечиўрен муниципалитети ҳокими Турғут Олтинўқ, Анқара губернаторлигининг Кечиўрендаги вакили Ургут Булут,  шунингдек, мамлакат илм-фан ва маданият доиралари, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Ал-Хоразмий ёдгорлигининг Анқара шаҳрида ўрнатилиши Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида ТУРКСОЙ томонидан эълон қилинган «Хива – туркий дунёнинг маданий пойтахти» халқаро дастури доирасида амалга оширилди.

Тадбирда  Ўзбекистон элчиси Алишер Аъзамхўжаев Муҳаммад Мусо Ал-Хоразмий инсоният тарихи ва тамаддунида алоҳида ўрин тутган буюк шахслардан бири эканини таъкидлади. Хоразмий мероси Ўзбекистоннинг, туркий дунёнинг башарият тарихида муҳим ўрин тутганини намойиш қилиб туради. Ушбу ҳайкалнинг «Хива – Туркий дунёнинг маданият пойтахти» халқаро дастури доирасида Анқарада очилиши ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Хоразмий алгебра фанининг асосчиси ҳисобланади. «Алгебра» сўзи унинг «Ал-китоб ал-мухтасар фи ҳисоб ал-жабр ва ал-муқобала» номли рисоласидан олинган. Унинг арифметикага оид рисоласи ҳинд рақамларига асосланган бўлиб, ҳозирги кунда биз фойдаланадиган ўнлик позицион ҳисоблаш тизими ва мазкур тизимдаги амалларнинг халқаро кўламда тарқалишига сабаб бўлди. Олимнинг “ал-Хоразмий” номи эса “алгоритм” шаклида фанда абадий ўрнашиб қолди. Унинг географияга доир асари эса дунёда шу йўналишда ўнлаб китобларнинг яратилишига замин яратди. Хоразмийнинг “Зиж”и Ғарб ва Шарқ мамлакатларида астрономиянинг ривожланиш йўлини кўрсатиб берди

Ал-Хоразмий шарафига Туркия пайтахтида ёдгорлик ўрнатилишида рамзий маъно бор. Чунки шаҳар қадимдан Европа ва Осиё ўртасидаги муҳим савдо йўллари чорраҳасида жойлашгани туфайли бу ерда илм-фан ва маданият асрлар давомида ривожланиб келган.

Ёдгорлик Анқара шаҳрининг Кечиўрен туманидаги машҳур боғлардан бири - «Жўка водийси» (Ihlamur Vadisi») ҳудудида ўрнатилди. Туркия пойтахтидаги мазкур сўлим боғ маҳаллий аҳоли ва мамлакат меҳмонларининг севимли маскани ҳисобланади. Боғ 2016 йилда қайта таъмирланибдан шакллантирилган бўлиб, 4,5 километрлик сунъий канал атрофида жойлашган сайлгоҳ сифатида сайқалланган.

Боғда, шунингдек, масжид, спорт машғулотлари учун махсус майдончалар ва бошқа қулайликлар яратилган. Анқара муниципалитети ва Ўзбекистон элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган ҳамда ўзбек диаспораси вакиллари томонидан юритилаётган «Фарғона» номли қаҳвахона ҳам шу ерда фаолият кўрсатмоқда.

Ушбу масканда ижтимоий-оммавий, маданий тадбирлар тез-тез ўтказиб турилади.

 Шу ўринда таъкидлаш керакки, бугунги кунда Анқарада «Ўзбекистон» номли 3 та, «Тошкент» деб юритилувчи 12 та, «Самарқанд» номли 8 та ва «Бухоро» деб аталувчи 11 та кўча мавжуд.

Кечиўрен туманидаги машҳур боғда қад ростлаган Муҳаммад ал-Хоразмий ёдгорлиги эса Ўзбекистоннинг буюк илм-фани ва меросини тарғиб этувчи  навбатдаги объектлардан бири бўлди.

Муҳаммад ал-Хоразмий ёдгорлигининг расмий очилиш маросимидан сўнг Ўзбек миллий кийимлари кўргазмаси ва «Мендирман Жалолиддин» фильмининг намойиши бўлиб ўтди.

Мавзуга оид

Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамкорлигида Аҳ...

Бугун “Ўзбеккино” Миллий агентлигида Қозоғистон маданият ва спорт вазири Актоти Раимкулова...

Ўзбек ва турк олимлари иштирокида «Алише...

Жорий йил 5-6 февраль кунлари Тошкент давлат шарқшунослик университети, Туркий Кенгаш ва Т...

“DigiCon6 Asia – 2020” халқаро қисқа мет...

Япониянинг “DigiCon6 Asia – 2020” халқаро қисқа метражли фильмлар фестивалида иштирок эти...

Сўнгги янгиликлар