08/Февраль/2023 Маданият
АНҚАРА, 8 февраль. /«Дунё» АА/. Анқарадаги Алишер Навоий илмий-тадқиқот маркази мудири, навоийшунос олим, профессор Абдураҳмон Гўзал «Дунё» АА учун интервьюсида Алишер Навоий мероси ҳақидаги фикрларини билдирди.
- Биз Анқарадаги Башкент университетида 2022 йил 9 февраль куни Алишер Навоий илмий-тадқиқот марказини таъсис этганмиз. Илк ишимиз Ўзбекистондаги университетлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўлди. 21 июнь куни марказимиз ташаббуси билан Туркияда илк бор «Алишер Навоийнинг асарлари ва маданий мероси» мавзусида халқаро анжуман ўтказилди. Ушбу тадбирнинг расмий очилиш маросимида Ўзбекистон ва Туркия олий таълим муассасалари ректорлари иштирок этди. Биринчи тадбиримиз кичикроқ доирада бўлади, деб ўйлагандик, аммо Алишер Навоий ижодига бўлган улкан қизиқиш сабабли унда қатнашиш учун кўплаб мурожаатлар ва илмий мақолалар келиб тушди. Натижада 75 га яқин олимлар ушбу тадбирда иштирок этди. Анжуман материаллари нашрга тайёр ҳолга келтирилган ва Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллиги муносабати билан чоп этилиши режалаштирган.
Туркияда Алишер Навоийни ўрганиш бўйича шу пайтгача кўпроқ филология йўналишида тадқиқотлар амалга оширилган. Адабиёт соҳасидаги изланишлар Ўзбекистондаги каби кўп эмаслигини кузатдик. Туркиядаги тадқиқотчилар Навоийнинг «Муҳокаматул-луғатайн» асари воситасида туркий тилнинг хусусиятларига кўпроқ эътибор қаратган.
Илмий марказимиз кўмагида амалга оширилаётган тадқиқотлар ёрдамида Навоий «Хамса»си ва девонлари нусхалари, диний-дидактик йўналишдаги асарлари, вақфиялари, тазкиралари ва бошқа турдаги асарларини чуқур ўрганаяпмиз. Марказимиз ўз фаолиятида Алишер Навоий асарларини ўрганиш бўйича муҳим навоийшунослик ўчоғига айланишни мақсад қилган. Навоий ҳақида кўпроқ илмий изланишлар олиб бориб, янги маълумотларни илм аҳлига етказишга ҳаракат қилаяпмиз. Бутун дунёдаги тадқиқотчилар билан ҳамкорликни ривожлантираяпмиз.
Кўплаб мамлакатларда Алишер Навоийнинг қўлёзма асарлари сақланмоқда. Марказ олимларидан бири Али Фуат Билкан Ҳиндистонда узоқ йиллар ишлаб, Навоий асарларини ўрганган. Ушбу тадқиқотчи Ҳиндистонда Навоийнинг «Юсуф ва Зулайҳо» асарининг қўлёзма нусхаси борлиги ҳақида илмий тахминлар билдирмоқда. Биз ушбу фикр-мулоҳазани ўрганиш ниятидамиз.
Биз Алишер Навоий бой меросини илмий тадқиқ этиш ишларини янада жадаллаштирамиз.