27/Июнь/2022 Конституциявий ислоҳотлар
ВАШИНГТОН, 27 июнь. /«Дунё» АА/. АҚШнинг Калифорния штатидаги Беркли университети профессори Шоҳзод Тоҳиров Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини билдирди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
- Башарият технологик трансформация жараёнларидан дадиллик билан одимлар экан, тегишли қонунлар ҳам мутаносиб бўлиши лозим.
Конституция халқ билан ҳукумат ўртасидаги консенсус асосидаги келишув ҳужжати бўлиб, мазкур қомус ижодкорлигида барчани фаол қатнашишга чақираман.
Ўзбекистон Президенти томонидан Янги Конституция лойиҳаси бўйича илгари сурилган бир қатор таклифлар билан танишиб чиқар эканман, беихтиёр ўзим учун шуни чуқур ҳис қилдимки, айнан шу қўшимчалар сабабли ҳам конституциявий ислоҳотлар ўтказиш зарурати мавжуд.
Шу ўринда, Бош қомусимиз лойиҳасидаги инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари масаласи сўзсиз энг олий қадриятлардир. Мамлакат ривожланиши учун фақатгина иқтисодий ислоҳотлар етарли эмаслигини ривожланган давлатлар, жумладан, АҚШ мисолида кўриб турибмиз.
Ўзбекистон ривожланиши жараёнида инсон ҳуқуқлари масалалари бениҳоя муҳим ва эътиборталаб соҳа эканлиги шубҳасиз.
Агарда янги Конституция лойиҳасида келтирилган ўзгартиришлар халқ референдумида тасдиқланиб, қабул қилинса ҳамда ҳаётга тадбиқ этилса, бу жараён – Ўзбекистоннинг жадал ривожланиши йўлида қўйилган муҳим тарихий қадамлардан бири, деб баҳолаш мумкин.