Uz / Ўз Ru En

Toshkent

27/Январь/2021   Медиа

«Аш-Шарқул Авсат» газетаси: Саудия Арабистони ва Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва инвестициялар оқимини оширишга келишди


АР-РИЁД, 27 январь /«Дунё» АА/. Саудия Арабистони инвестициялар вазири Ҳолид Ал-Фалиҳнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида бўлиб ўтган инвестицион форум тафсилотлари Подшоҳликнинг етакчи нашрларидан бири — «Аш-Шарқул Авсат» газетасида «Саудия Арабистони ва Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва инвестициялар оқимини оширишга келишди» сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Материалда қайд этилишича, ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш, тўғридан-тўғри ҳаво қатновларини йўлга қўйиш, таълим ва тадқиқот йўналишидаги ҳамкорликни ривожлантириш – форум кун тартибининг асосий масалалари бўлди.

«Саудия Арабистони ва Ўзбекистон инвестиция оқимларини кўпайтириш орқали давлатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни қатор соҳаларда мустаҳкамлашга интилмоқда. Иккала томон ҳам мамлакатлар ривожланиш стратегиялари доирасида мавжуд сармоявий имкониятларини амалий лойиҳаларга айлантиришни кўзламоқда.

Бу ҳақидаги баёнотлар Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган Саудия Арабистони - Ўзбекистон инвестиция форумида Саудия Арабистони инвестициялар вазири Ҳолид ал-Фалиҳ ҳамда Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов томонидан билдирилди», - деб баён қилади нашр.

Нашр Ҳ.ал-Фалиҳ форумда ўз мамлакатининг Ўзбекистон билан турли сиёсий, иқтисодий, диний ва маданий соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини таъкидлагани ва «Биз давлатларимиз раҳбариятларининг интилиш ва мақсадларига эришиш ва икки мамлакатни бирлаштирадиган алоқаларнинг муносиб даражасига етиш учун ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳаракатидамиз. Режаларимиз катта, биз ҳар икки давлатнинг мансабдор шахслари сифатида хусусий сектор кучайтириш ва бизнесни қўллаб-қувватлаш орқали мақсадларимизга эришамиз», - деб баёнот бергани ҳақида хабар қилган.

“Шунингдек, вазир «Ўзбекистон барча соҳаларда буюк уйғониш даврини бошдан кечирмоқда, биз унинг фавқулодда ўзгариш ва иқтисодий ўсиш режасида ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан ва фаол иштирок этаётганимиздан мамнунмиз. Саудия Арабистони хорижий мамлакатлар билан савдо ва сармоявий ҳамкорликни оширишда етакчи компаниялар ва хусусий секторга таянади. Ўзбекистон билан ҳамкорликни ва шерикликни мустаҳкамлаш, халқларимиз ва мамлакатларимиз ўртасида алоқа кўприкларини қуришда ҳам хусусий секторнинг роли катта», дея қўшимча қилди”, - дейилади мақолади.

Газета, шунингдек, Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг «Коронавирус пандемияси тарқалиши туфайли дунёда кечаётган қийин шароитлар ва саёҳат чекловларига қарамасдан, Ўзбекистонга Саудия Арабистони делегациясининг келиши икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ишончга асосланган қардош муносабатларнинг жуда чуқурлигини акс эттиради, давлатларимиз ўртасидаги алоқаларни бир неча муштарак омиллар бирлаштириб туради, уларнинг бошида албатта умумий муқаддас Ислом динимиз гавдаланади. Саудия Арабистони ҳам бу муносабатларни янада юқорироқ чўққиларга кўтаришга ишонч билдирмоқда», деган сўзларини келтирган.

Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорликнинг ривож топиши икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичга кўтарилаётганининг ёрқин мисолларидан бири ҳисобланади ҳамда бу ҳамкорлик икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий шериклик учун кўприк бўлмоқда.

Материалда таъкидланишича, форум доирасида икки давлат хусусий секторларини рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон-Саудия ишбилармонлар кенгашини тузиш, «Flynas» ва «Uzbekistan Airways» компанияларининг тўғридан-тўғри ҳаво қатновларини йўлга қўйиш, Ислом цивилизацияси маркази ва Подшоҳ Файсал номидаги тадқиқотлар ва исломшунослик маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми каби ҳужжатлар имзоланган. Ҳукумат ва хусусий сектор вакиллари ўртасида музокаралар олиб борилган.

Шунингдек, Саудия Арабистонининг “АCWА Power” компанияси томонидан Ўзбекистоннинг Бухоро ва Навоий вилоятларида шамол электростанцияларини қуриш бўйича тегишли шартномаларининг имзоланиши муҳим воқеалардан бўлди.

«Ушбу ташриф Ўзбекистоннинг инвестицион муҳити билан яқиндан танишиш, икки давлат хусусий сектор вакиллари учун мавжуд имкониятларни ўрганишга, ўзаро савдо айланмаси ва қўшма инвестиция лойиҳалар сони ошишига, турли соҳаларда тажриба алмашишга ўз ҳиссасини қўшади», - деб хулоса қилади нашр.

Мавзуга оид

Саудия Арабистонининг етакчи нашри Ўзбек...

Саудия Арабистонининг етакчи нашрларидан бири - «Ал-Франчайз» газетаси веб-саҳифасида (fr...

Хитой коронавирус тарқалишига қарши кура...

Хитойнинг энг йирик «Синхуа» ахборот агентлиги сайтида «Хитой ва Ўзбекистон эпидемияга қар...

Мисрнинг “Ал-Хабар ал-ёум” газетаси Ўзбе...

Миср матбуоти мамлакат жамоатчилигини Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги сўнгги янги...

Сўнгги янгиликлар