04/Февраль/2023 Саналар
АШХОБОД, 4 февраль. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз элчихонаси томонидан Туркманистон Ташқи ишлар ва Маданият вазирликлари билан ҳамкорликда Ашхобод шаҳридаги «Тошкент» сайилгоҳида икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган концерт дастури ва миллий таомлар фестивали ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда Туркманистон Вазирлар маҳкамаси раиснинг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов, маданият вазири Атагелди Шамурадов, таълим вазири Гурбангул Атаева, Туркманистон Мажлиси депутатлари, вазирлик ва идоралари раҳбарлари, хорижий давлатлар дипломатия миссиялари раҳбарлари, шунингдек, ушбу мамлакатдаги ўзбек жамоатчилиги фаоллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Байрамнинг очилиш маросимида Туркманистон Вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов йиғилганларни ушбу сана билан самимий қутлади.
- Дипломатик алоқалар ўрнатилганидан буён ўтган 30 йил тарихий аҳамиятга эга давр ҳисобланиб, асрлар давомида ёнма-ён яшаб, ўз давлатларини барпо этиб ҳамда умумминсоний қадриятларни илгари суриб келаётган ўзбек ва туркман халқларининг ўзаро биродарлик алоқаларининг ривожланиши, мустаҳкамланиши, чуқурлашиши ва кенгайишида муҳим босқич бўлди, - деди Туркманистон ТИВ раҳбари. – Туркман ва ўзбек халқларининг атоқли фарзандлари дунё цивилизацияси хазинасига, илм-фан, адабиёт, маданият, санъат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларига ўзларининг улкан ҳиссасини қўшган. Бугун мамлакатларимиз ушбу бой меросга асосланиб ўз давлат раҳбарлари бошчилигида мазкур шарафли йўлни муносиб давом эттирмоқда. Туркманистон ва Ўзбекистон нафақат Марказий Осиёда, балки мантақадан ташқарида ҳам яхши қўшничиликнинг намунаси сифатида эътироф этилаётир. Икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси асосида ўзаро алоқалар юқори даражада ривожланмоқда. Ўтган йил Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёвнинг Туркманистонга расмий ташрифлари, шунингдек Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси – туркман халқининг Миллий етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Самарқандда ўтказилган Туркий давлатлар ташкилоти саммитидаги иштироки амалга оширилди. Бу воқеаларнинг барчаси икки биродар давлатларнинг бугунги кунда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган умумдунёвий тенденцияларни ривожлантириш йўлида ёнма-ён, елкама-елка бораётганини ифодалайди.
Ўзбекистоннинг Туркманистондаги элчиси Акмал Қўчқоров икки давлат раҳбарлари ўртасида ўрнатилган самимий дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳурмат-эҳтиромга асосланган мулоқот натижасида бугунги кунда мамлакатларимиз алоқалари янги босқичига кўтарилганини таъкидлади.
- Мамлакатларимиз ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ҳамда маданий-маърифий соҳалардаги алоқалар кундан кунга ривожланиб бормоқда. Буни икки давлат етакчилари томонидан олиб борилаётган оқилона ташқи сиёсат натижаси деб биламиз, - деди Ўзбекистон элчиси. - Биргина ўтган йилнинг ўзида олий даражадаги қатор ўзаро ташрифлар амалга оширилди. Дашогуз шаҳрида ўзбек-туркман дўстлиги фестивали муваққиятли ўтказилди. Шу ўринда, ўзбек ва туркман халқларини чамбарчас боғлаб турган умумий тарих, маданият, урф-одатлар ва қадриятлар давлатларимиз ўртасида дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга асос бўлиб хизмат қилаётгани қайд этиш жоиз.
Тантанали тадбирнинг Ашхобод шаҳридаги «Тошкент» сайилгоҳида ўтказилиши ўзига хос рамзий маънога эга бўлди. У Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида аҳил қўшничилик ва дўстлик муносабатларининг юксак даражасини ҳамда халқларимизнинг ўзаро яқинлиги ва ҳамжиҳатлигининг тимсолидир. Тошкент шаҳридаги “Ашхобод” сайилгоҳи ҳам Ўзбекистон пойтахти аҳолиси ва меҳмонлари учун энг севимли дам олиш масканларидан бирига айлангани, икки давлат пойтахтларида истироҳат боғларининг ташкил этилиши халқаро муносабатлар амалиётида чинакам ноёб воқеа эканлиги таъкидланди.
Байрам анжумани иштирокчилари учун ўзбек ва туркман тилларида концерт дастури намойиш қилинди. Буюк шоир, аллома ва давлат арбоби Мир Алишер Навоий ва туркман мутафаккири Махтумқули ижодига бағишланган мушоира ташкил этилди.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ашхободдаги маркази раҳбари Жон МакГрегор ўзбек ва туркман дўстлигини тараннум этадиган ушбу байрам тадбирида иштирок этаётганидан мамнунлигини таъкидлади.
- Мен ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида ажойиб мамлакатингизда беш йил ишладим ва сўнгги икки йил давомида Ашхободда фаолият олиб бораяпман, - деди у. - Ушбу давлатлардаги фаолиятим давомида ўзбек ва туркман халқлари ўртасида жуда кўп ўхшашликларни кўрдим. Хусусан, икки дўст миллатни умумий тарих ва маданият чамбарчас боғлаб туради. Мамлакатлар ўртасидаги дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан уюштирилган байрам тадбири жуда ҳам аъло даражада ўтмоқда. Унда ижро этилаётган бетакрор ашула ва рақслар барчага қувонч ва кўтаринки кайфият бағишлади.
Тантанали тадбир доирасида байрам дастурхони ёзилиб, ўзбек миллий таомлари улашилди.