11/Октабрь/2021 Иқтисодий дипломатия
ВЕНА, 11 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Австриядаги элчиси Абат Файзуллаев «Raiffeisen Bank International AG» (RBI) директорлар кенгаши аъзоси Лукаш Янушевский билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Учрашувда RBI вакилларига Ўзбекистонда банк-молия соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, 2020-2025 йилларга мўлжалланган тизимни ислоҳ қилиш бўйича стратегиянинг асосий йўналишлари ҳақида маълумот берилди.
Лукаш Янушевский Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришларга юқори баҳо берар экан, мамлакат «Raiffeisen Bank International AG» банкининг истиқболли йўналишларидан бири эканини айтди.
Таъкидлаш жоизки, RBI Ўзбекистон молия институтлари билан ўзаро ҳамкорликнинг бой тажрибасига эга бўлиб, ҳозирги кунда республикамизнинг 14 банки билан кредитлаш, депозит операциялари, ҳисоб-китоб ва касса хизматлари, шунингдек, Евробондларни жойлаштириш бўйича иш олиб бормоқда.
Музокаралар чоғида Лукаш Янушевский Тошкентда RBI ваколатхонасини очиш режасини маълум қилди. Банк ваколатхонасининг расмий очилиши 2022 йилга мўлжалланмоқда. Унинг айтишича, бу қадам RBIнинг Ўзбекистон молия институтлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигини кенгайтириш борасидаги жиддий интилишларининг тасдиғидир.
Эслатиб ўтамиз, «Raiffeisen Bank International AG» Марказий ва Шарқий Европада фаолият кўрсатадиган Австриянинг етакчи корпоратив ва инвестицион банки ҳисобланади. 2020 йил сентябрь ҳолатига кўра, банкнинг умумий активлари 163,7 миллиард евро ташкил этади. Айни пайтда RBIнинг 14 мамлакатда филиаллари мавжуд. Жумладан, мазкур банк Россия, Чехия, Словакия, Венгрия ва бошқа кўплаб давлатларда савдо ва экспортни молиялаштириш, лизинг, инвестициялар, надқ пул ва молиявий хатарларни бошқариш каби молиявий хизматларини тақдим этиб келмоқда. Молия ташкилоти 2019 йилни 1,23 миллиард евро миқдоридаги соф фойда билан якунлаган. 47 минг кишилик ходимларга эга ушбу халқаро банк 16,7 миллиондан ортиқ мижозга хизмат кўрсатади.
2021 йилнинг апрель ойида «Ўзсаноатқурилишбанк» ва «UzAuto Motors»нинг халқаро облигациялари RBI кўмагида Лондон фонд биржасида илк марта чиқарилди ва жойлаштирилди. Бундан ташқари, Австриянинг мазкур молия муассасаси республикамиз банк тизимини ислоҳ қилиш ва хусусийлаштириш доирасида Европанинг йирик молия институтлари орасидан салоҳиятли инвесторларни қидириб топишга кўмаклашмоқда.