26/Ноябрь/2021 COVID-19
ВЕНА, 26 ноябрь. /«Дунё» АА/. Австриядан Ўзбекистонга COVID-19га қарши курашни қўллаб-қувватлаш доирасида “AstraZeneca” 150 минг доза вакцина жўнатилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистоннинг Венадаги EХҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий миссияси маълумотига кўра, вакциналар Австрия ҳукумати томонидан беғараз ёрдам ва мустаҳкам дўстлик рамзи сифатида тақдим этилган.
Мамлакатимизнинг Венадаги элчиси Абат Файзуллаев Австрия ташқи ишлар вазирлиги вакиллари билан биргаликда Тошкентга инсонпарварлик юкларини жўнатиш маросимида иштирок этди.
Вакциналарни манзилга безарар етказиб бериш учун томонлар тиббий маҳсулотларни ташишнинг барча жиҳатларини таъминлашни назарда тутган. Хусусан, вакциналар махсус совутгичли контейнерга жойлаштирилди. Унда совутиш жараёни ва 2-7 даражали ҳарорат таъминланади. Юкни Тошкентга етказиш «Vie Pharma Handling Center» махсус траспорт хизмати томонидан амалга оширилмоқда.
Гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича келишувга Австрия Европа ва ташқи ишлар федерал вазири Михаэль Линхартнинг 7-8 ноябрь кунлари Ўзбекистонга ташрифи чоғида эришилган эди. Ташриф доирасида Австрия ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Ўзбекистон Ташқи ишлар ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари раҳбарлари билан учрашди.
Михаэль Линхарт Ўзбекистон Австриянинг Марказий Осиё минтақасидаги энг муҳим ҳамкори эканини таъкидлади. Шунингдек, Австрия фуқароларини Афғонистондан эвакуация қилишда кўрсатган ёрдами учун Ўзбекистонга миннатдорлик билдирди. «Бу дўстликнинг кучли белгиси эди», - деб таъкидлаган эди австриялик дипломат.