Uz / Ўз Ru En

Toshkent

29/Октабрь/2020   Сиёсат

БАА элчиси Саид Матар ал-Қамзий: Ўзбекистонда ўзимни оилам ва дўстларим даврасидагидек ҳис этаяпман


ТОШКЕНТ, 29 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни “Кўксарой” қароргоҳида Бирлашган Араб Амирликларининг мамлакатимиздаги элчиси этиб тайинланган Саид Матар ал-Қамзийдан ишонч ёрлиғини қабул қилиб олди.

БАА дипломатик ваколатхонаси раҳбари “Дунё” АА мухбирига берган эксклюзив интервьюсида Ўзбекистон Президентига ишонч ёрлиғини топшириш маросимининг юқори даражада ташкил этилган янги шакли алоҳида таассурот қолдирганини қайд этди.

– Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Ўзбекистонда самимий қарши олиндим ва ўзимни оилам, дўстларим даврасидагидек ҳис этмоқдаман. Бундай муносабат менга кўплаб инсонлар билан танишиш ҳамда дўстлик ришталарини ўрнатишга ёрдам бермоқда. Хусусан, бугунгача Бухоро, Самарқанд, Навоий ва Нукус каби шаҳарларга сафар қилишга муваффақ бўлдим.

– Юқори даражадаги мунтазам алоқалар туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик ва ўзаро ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Сиёсий, савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалардаги муносабатларнинг жорий ҳолатини қандай баҳолайсиз, Ўзбекистон – БАА шериклигини ҳар жиҳатдан ривожлантириш бўйича олдингизга қандай мақсадлар қўйдингиз?

– Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик алоқалари янада мустаҳкамланди. Бирлашган Араб Амирликлари Президенти шайх Халифа бин Зоид Ол Наҳаён Жаноби Олийлари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг оқилона бошқарув сиёсати туфайли халқаро форумлар ўтказилиб, идоралараро сиёсий мувофиқлаштирувлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатларимиз барча соҳаларда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Иқтисодиёт, савдо ва инвестиция соҳаларида шериклик имкониятларини таҳлил қилиш мақсадида қўшма қўмиталар ташкил этилган. Бугунги кунда савдо айирбошлаш ва сармоявий ҳамкорлик фаол руҳда олиб борилмоқда. Навоий вилоятида қуриладиган шамол электр станцияси ва бошқа лойиҳалар фикримизга мисолдир.

   Ўзбекистондаги фаолиятим давомида давлатларимиз ўртасидаги алоқаларни ҳар томонлама ривожлантириш, айниқса, иқтисодий жабҳада ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, савдо ҳажми ва инвестициялар жалб қилишни сезиларли яхшилашга ҳаракат қиламан.

– Бирлашган Араб Амирликлари компаниялари томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган қўшма иқтисодий ва сармоявий лойиҳалар ҳақида атрофлича сўзлаб берсангиз.

– Навоий вилоятида шамол электр станциясини қуриш ҳамкорликдаги муҳим лойиҳалардан биридир.

Уни амалга ошириш мақсадида БААнинг қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича етакчи халқаро компанияларидан бири MASDAR билан Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ўртасида инвестиция битими имзоланди. 2020 йил 8 июнь куни онлайн тарзда ўтган тадбирда Навоий вилоятида қуввати 500 МВтга тенг дунёдаги йирик шамол электр станцияларидан бирини қуришга келишиб олинди. Компания шамол электростанциясини лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш ва эксплуатация қилишни таъминлайди.

Электростанциянинг ишга туширилиши Ўзбекистон иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатади. Лойиҳага 600 миллион доллардан ортиқ миқдорда тўғридан тўғри хорижий инвестиция жалб қилиниб, станцияни бунёд қилиш даврида ва у ишга тушганидан сўнг 1 минг 300 та янги иш ўрни яратилади. Шамол электр станцияси йилига 500 мингдан ортиқ  оила истеъмоли учун етарли бўлган 1,9 гВт/с арзон электр энергиясини ишлаб чиқаради. Бу мамлакат энергия мувозанатини диверсификациялаш ва мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Лойиҳа натижасида энергетика соҳасида замонавий технологиялар жорий этилиб, электр энергияси ишлаб чиқариш учун сарфланадиган табиий газ ҳажмини (йилига 175 миллион кубометргача) экспорт ёки саноат корхоналарига йўналтириш, атмосферага чиқариладиган карбонат ангидрид ҳажмини сезиларли даражада камайтиришга (йилига 1,1 миллион тоннагача) имкон беради. Қурилиш ишларини жорий йил якунига қадар бошлаш режалаштирилган. Лойиҳанинг биринчи босқичи (250 МВтгача электр энергияси ишлаб чиқариш) 2022 йил ўрталарига қадар амалга оширилади. Шамол электр станцияси 2023 йилдан тўлиқ қувват билан ишлаши кутилмоқда.

– Шу йил 13 октябрь куни муҳим воқеа рўй берди – Ўзбекистон Республикаси 2021-2023 йилларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайланди...

– Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайлангани мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида олиб бораётган сиёсати, бу борада қўлга киритган натижалар, амалга оширилган саъй-ҳаракатлар самараси ҳисобланади.

Сўзим якунида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги Ўзбекистон ва унинг халқига тинчлик, омонлик, юксак тараққиёт тилаб қоламан.

– Элчи жаноблари, суҳбатга вақт ажратганингиз учун ташаккур.

“Дунё” АА мухбири

Жамшид Муталов ёзиб олди.

Мавзуга оид

Президент Шавкат Мирзиёев давлат ва жами...

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномаси мамлакатим...

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавка...

Аввало, сизларни сайловларда ғолиб бўлиб, сенатор деган юксак номга сазовор бўлганингиз би...

Ўзбекистон Президенти туркиялик ишбиларм...

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 февраль куни Анқара шаҳрида Туркияни...

Сўнгги янгиликлар