28/Октабрь/2022 Ватандошларимиз
ДУБАЙ, 28 октябрь. /«Дунё» АА/. Бирлашган Араб Амирликларида қаровсиз қолган 11 яшар юртдошимиз мамлакатимиз дипломатик миссиялари ва ватандошлар саъй-ҳаракатлари билан Ватанга қайтарилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Маълум бўлишича, вояга етмаган Р.А. БААга онаси билан бирга борган. Ушбу аёл БААда бўлиб туриш қоидаларини мунтазам бузганлиги сабабли мамлакатдан чиқариб юборилган. Бироқ тегишли ҳужжатлардаги муаммолар сабабли унинг вояга етмаган фарзандининг БААдан чиқиб кетишида тўсиқлар юзага келган.
Мамлакатимизнинг Абу-Дабидаги элчихонаси ва Дубай шаҳридаги Бош консулхонасига ушбу масала бўйича қилинган мурожаат назоратга олинди. БААнинг тегишли органлари билан олиб борилган музокаралар натижасида юзага келган барча муаммолар бартараф этилди ва вояга етмаган ватандошимиз «Дубай-Самарқанд» авиақатнови билан Ўзбекистонга қайтарилди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу ёш юртдошимизнинг Ўзбекистонда жўнатиш билан боғлиқ барча харажатлар Бош консулхона ва Дубайда тадбиркорлик билан шуғулланаётган саховатпеша ватандошлар томонидан тўлиқ қоплаб берилди.
Ўзбекистон дипломатик миссиялари БААга сафар қилаётган ватандошларни мезбон давлатнинг қонунлари билан батафсил танишиш ва ушбу мамлакатда бўлиб туриш бўйича жорий қилинган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларда белгиланган талабларга қатъий риоя қилишга чақиради.