30/Март/2023 Конституциявий ислоҳотлар
ДУБАЙ, 30 март. /«Дунё» АА/. Дубайдаги ўзбек диаспораси фаоли, тадбиркор, «Worldwide Distribution Center» компанияси бош директори Ҳамид Исматуллаев «Дунё» АА учун интервьюсида Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотлар ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди:
— Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши тарафдориман. Ишончим комилки, бу ўзгаришлар мамлакатни муваффақиятлар сари етаклайди, фуқароларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Маълумки, Ўзбекистонда сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли катта ўзгаришлар рўй берди.
Бу ислоҳотлар аҳоли бандлиги билан боғлиқ вазиятнинг яхшиланишига, иқтисодиётнинг ривожланишига, Ўзбекистоннинг халқаро нуфузининг мустаҳкамланишига олиб келди. Ишончим комилки, Конституциямизнинг янгиланиши бу муваффақиятларни давом эттиришга хизмат қилади.
Демократия ва давлатчиликни мустаҳкамлаш, жумладан, парламент ваколатларини кенгайтириш, давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришга доир таклифларни олқишлайман. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва фуқаролар эркинликларини, жумладан, сўз ва уюшмалар эркинлигини ҳимоя қилишга доир таклифларни қўллаб-қувватлайман.
Ўйлайманки, Конституцияга киритилган ушбу ўзгартиришлар янада адолатли, барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинадиган жамиятни барпо этишга хизмат қилади. Бу ўзгаришлар туфайли Ўзбекистон янада обод давлатга айланишига ишонаман.