06/Октабрь/2021 Долзарб
БРЮССЕЛЬ, 6 октябрь /«Дунё» АА/. Биринчи Пан-Европа «Вольт» партиясининг Бельгия бўлими ташқи алоқалар бошқармаси раҳбари Вита Кобиела «Дунё» АА учун интервьюсида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг 4-5 октябрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи якунларини изоҳлади.
- Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди, - деди у. - Музокаралар давомида икки мамлакат раҳбарлари жорий йилнинг ёз фаслида бўлиб ўтган учрашувда эришилган сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама мажбурият ва ташаббусларни тасдиқладилар.
Таъкидлаш керакки, август ойидаги учрашувдан фарқли ўлароқ, бу гал ёқилғи-энергетика, савдо-иқтисодий, сармоявий ва транспорт-коммуникация соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу эса бежиз эмас, чунки Ўзбекистон ШҲТнинг 2021-2022 йиллардаги раиси сифатида Марказий Осиё минтақасида ушбу соҳаларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашни мақсад қилган.
Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги юқорида қайд этилган соҳалардаги стратегик шериклик, шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги савдо-сотиқнинг 3 баробар ошиши, Ўзбекистон-Туркманистон иқтисодий форуми каби биргаликдаги саъй-ҳаракатлари давомида эришилган натижаларни ишончли тарзда мустаҳкамлаш, минтақанинг барча мамлакатлари ўртасидаги ўзаро тушунча ва узвийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, минтақавий ва халқаро муаммолар, хусусан, Афғонистондаги вазият муҳокама қилинди. Туркманистон Афғонистон ва Ўзбекистоннинг бевосита қўшниси экан, бу масалани ҳал қилиш жуда муҳим геосиёсий аҳамиятга эга.
Айнан шунинг учун ҳам Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Туркманистон Ўзбекистонни минтақавий ва халқаро масалаларда тўла қўллаб-қувватлаши ҳақидаги баёноти Президент Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистонни минтақавий иқтисодий жараёнларга жалб этиш учун яна бир мамлакатнинг ишончини қозонганидан далолат беради.
Албатта, ушбу учрашув ва унинг натижалари бир фикрдан дарак беради – мамлакатнинг Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан халқаро конференция ва саммитларда Ўзбекистон томонидан илгари сурилган минтақавий ва халқаро лойиҳаларни фаол амалга ошириш босқичига ўтаётганидан далолат беради. Ўзбекистон минтақавий ҳамкорлик ва савдо-сотиқни рағбатлантириш ҳамда мустаҳкамлаш йўли билан Марказий Осиё мамлакатларининг ўзаро боғлиқлигини босқичма-босқич қурмоқда.
Умид қиламанки, Ўзбекистон раҳбари бу йил минтақа давлатлари ўртасида мустаҳкам ўзаро ҳамкорликни шакллантириш, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини кенгайтириш мақсадида Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари билан ҳам худди шундай расмий учрашувларни ташкил эта олади.