Uz / Ўз Ru En

Toshkent

05/Август/2020   COVID-19

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби: COVID-19 пандемияси замонавий тарихда дунёдаги энг катта таълим инқирозига сабаб бўлмоқда


ТОШКEНТ, 5 август. / «Дунё» АА/. Вирус тарқалишини назорат қилиб, имкон қадар тезроқ мактабларни қайта очиш керак. Бу ҳақда БМТ Бош котиби Антонио Гутерреш пандемия пайтида таълим тўғрисидаги видеомурожаатида таъкидлади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири БМТ янгиликлар маркази маълумотига таяниб.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти раҳбари тўрт қисмдан иборат режани баён қилди, унинг асосий мақсади пандемиянинг таълим соҳасига жиддий таъсирини бартараф қилишга қаратилган.

БМТ Бош котиби дунё ҳали коронавирус пандемиясидан олдин таълим инқирозига дуч келганини ёдга олди. Хусусан, турли мамлакатларда мактаб ёшидаги 250 миллиондан ортиқ бола мактабга бориш имкониятига эга эмас эди. Ривожланаётган мамлакатларда ўрта мактаб ўқувчиларининг атиги тўртдан бир қисми етарли даражада асосий билим кўникмаларини ўзлаштира оларди, холос.

А.Гутерришга кўра, COVID-19 пандемияси замонавий тарихда дунё бўйлаб таълим тизимининг энг катта инқирозига олиб келди. Июль ойи ўрталарига келиб 160 дан ортиқ мамлакатда мактабларнинг эшиги ёпилди. Бу эса миллиардга яқин ўқувчига таъсир кўрсатмоқда. Дунё бўйича камида 40 миллион бола мактабга чиқишдан олдинги йилдаги таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлган. Ота-оналар, айниқса аёллар фарзандларига ғамхўрлик қилиш ва уй шароитида таълим беришдек оғир юкни ўз зиммасига олишга мажбур бўлди.

«Дарслар радио, телевидение ва интернетда олиб борилаётгани, шунингдек ўқитувчилар ва ота-оналарнинг саъй-ҳаракатларига қарамасдан, кўплаб болалар эътибордан четда қолмоқда, - деди Антонио Гутерреш. —Имконияти чекланганлар, кичик ва кам таъминланган жамоаларнинг фарзандлари, қочоқлар ва олис ҳудудларда яшайдиган болаларнинг таълим олишда орқада қолиб кетиш хавфи жуда ҳам катта».

Ушбу оғир вазиятни ўнглаш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти халқаро ҳамкорлар билан биргаликда «Келажагимизни асраб қолинг» деб номланган тўрт босқичли кампанияни бошламоқда.

БМТ раҳбарининг сўзларига кўра, биринчидан, халқаро ҳамжамият мактабларнинг имкон қадар тезроқ очилишига эришиши керак. Бу жараёнда саломатликка хавф солиши мумкин бўлган таҳдидлар қатъий ҳисобга олиниши керак.

Иккинчидан, молиявий оқимларни тақсимлашда таълимга устувор аҳамият бериш керак. Инқироздан олдинги даврда паст ва ўртача даромадли мамлакатларда таълимни молиялаштириш жараёнида йилига 1,5 триллион доллар миқдорда дефицит мавжуд эди. Бугунги шароитда бу тафовут сезиларли даражада кўпайди. Антонио Гутеррешнинг таъкидлашича, таълим дастурларининг бюджетлари қисқартирилмаслиги керак, балки улар иложи борича кўпайтирилиши зарур.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти раҳбарининг фикрига кўра, учинчидан, таълим соҳасидаги ташаббуслар фавқулодда вазият ва инқирозлар ҳудудларида яшовчи болалар ва ўсмирлар, турли майда жамоалар вакиллари, шунингдек, қочоқлар ва ногиронларни қамраб олишни назарда тутган ҳолда тузилиши керак.

Тўртинчидан, таълимнинг келажагига бугун асос солинаётганини тушунишимиз зарур. «Бугунги авлод педагогик усул ва тамойилларни қайта кўриб чиқиш имкониятига эга, - деди А.Гутерреш. — Биз барчага сифатли таълим олиш имкониятини берадиган истиқболли тизимлар сари қадам қўйишимиз керак. Бу барқарор ривожланиш соҳасидаги глобал мақсадларга эришишимизга асос бўлади».

Мавзуга оид

Ўзбекистон Республикаси Президенти Корея...

Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин билан телефон орқали мулоқот қилд...

Фаластин элчиси: Ўзбекистонда COVID-19 к...

Жаҳон жамоатчилигини ташвишга солаётган COVID-19 инфекцияси тарқалиб кетишининг олдини оли...

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар с...

Кеча, 10 июль куни Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 463 ҳолат қайд этилиб...

Сўнгги янгиликлар