Uz / Ўз Ru En

Toshkent

08/Июнь/2021   Ватандошларимиз

БМТ: Ўзбекистон ўз фуқароларини уруш ҳудудларидан қайтариш бўйича тизимли ишлар олиб бормоқда


НЬЮ-ЙОРК, 8 июнь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон томонидан хорижий террорчи жангариларнинг ҳаракатларидан жабр кўрган аёллар ва болалар ҳуқуқларини таъминлаш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақидаги маълумот БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ҳужжат БМТнинг барча расмий (араб, хитой, инглиз, француз, рус ва испан) тилларида чоп этилди, аъзо давлатларга тарқатилди ҳамда ташкилотнинг расмий ҳужжатлаштириш тизимига жойлаштирилди.

Унда таъкидланишича, хорижий террорчи жангчиларнинг ҳаракатларидан жабр кўрган аёллар ва болаларни репатриация,  реабилитация ва реинтеграция  қилиш инсон ҳуқуқларини миллий, минтақавий ва халқаро даражаларда таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон 2019 йилдан буён Яқин Шарқ ва Афғонистондаги қуролли тўқнашувлар ҳудудларидан ўз фуқароларини қайтариш бўйича бешта махсус операцияни амалга оширди.

Натижада Ироқ, Сурия ва Афғонистондан 435 нафар Ўзбекистон фуқароси, асосан, аёллар ва болалар Ватанга қайтарилди. Мамлакат ҳукумати БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда она юртини янглиш тарк этиб, оғир ҳаёт даврини бошидан кечирганларнинг барчасига ҳар томонлама тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатаётгани маълум қилинган.

Репатриантларнинг тинч ҳаётга қайтиши ва жамиятга қайта интеграциялашуви, таълим ва бошқа ижтимоий дастурларга жалб қилиниши, жумладан, уй-жой ва иш билан таъминланиши учун барча шарт-шароитлар яратилганига эътибор қаратилган.

Бундан ташқари, уларга мутахассислар томонидан тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатилиб, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни рўйхатга олиш, болалар боғчалари ва мактабларга жойлаштириш масалалари ҳал этилмоқда. Маҳаллий ҳокимият идоралари уларнинг тинч ҳаётга қайтиши ва жамиятда тўла мослашиши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиб бермоқда.

БМТ материалида қайд этилишича, Ўзбекистон мазкур халқаро ташкилотга аъзо ҳар бир давлат ўз фуқароларининг тақдири учун масъулдир, деб ҳисоблаган ҳолда, ўз фуқароларини, аввало, аёллар ва болаларни можароли зоналардан қайтариш бўйича тизимли иш олиб бормоқда.

Мавзуга оид

Ўзбекистон Бош консуллиги ходимлари Ист...

Чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш марказида бўлган Ўзбекистон фуқароларига ўз вақтида ва...

164 юртдошимиз Россиянинг Кемерово шаҳри...

Юртдошларимиз 14 кунлик карантиндан сўнг белгиланган эпидемиологик талаблар ва карантин че...

Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси вакил...

Бугун Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси вакиллари Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг К...

Сўнгги янгиликлар