Uz / Ўз Ru En

Toshkent

14/Июль/2020   Иқтисодий дипломатия

БМТ шафелигидаги Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фонди Бошқарув қўмитасининг 4-йиғилиши бўлиб ўтди


ТОШКЕНТ, 14 июль. /«Дунё» АА/. Бугун, 14 июль куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) шафелигида ташкил этилган Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фонди Бошқарув қўмитасининг 4-йиғилиши видеоконференция шаклида бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манбасига асосланиб.

Йиғилишга Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси Ҳелена Фрейзер ҳамраислик қилди.

Учрашувда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Б.Абидов, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили М.Димовска, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги доимий вакили С.Грауманн ҳамда БМТ агентликлари, донор ташкилотлар ва нодавлат сектори вакиллари қатнашди.

Йиғилиш давомида 2019 йилнинг декабрь ойида ўтказилган Траст фондининг биринчи қабули доирасида лойиҳавий молиялаштириш учун тақдим этилган талабномаларни баҳолаш натижалари кўриб чиқилди. Талабномаларни биринчи қабули доирасида умумий қиймати 3,1 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 2 лойиҳа, шу жумладан, Оролбўйи ҳудудларидаги қатор аҳоли яшаш пунктларида сув таъминоти тармоқларини қуриш ва сув тозалаш иншоотларини қайта таъмирлаш, Орол денгизи тубининг қуриган қисмида ҳимоя ўрмонзорларини экиш имкониятларини ўрганиш учун илмий экспедициялар ташкил этиш бўйича БМТ Тараққиёт дастури, ЮНЕСКО қўшма лойиҳаси тасдиқланди ва молиялаштирилди. Иккинчи лойиҳа – ЮНИСЕФ ва ЮНФПАнинг Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри  ва туманларида перинатал муассасаларни замонавийлаштириш ташаббусидир. Таъкидлаш жоиз, мазкур лойиҳаларнинг сифатли ва ўз вақтида амалга оширилиши Траст фондининг техник котибияти томонидан олиб борилаётган доимий мониторинг эвазига таъминланмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш керак, бугунги кунда Орол инқирозининг салбий оқибатларини юмшатиш чора-тадбирларига катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасини 2019-2021 йилларга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди. Дастур соғлиқни сақлаш тизими, қурилиш, тўқимачилик, фармацевтика, озиқ-овқат, сайёҳлик ва кимё саноатини ривожлантириш бўйича умумий қиймати 1,5 миллиард  АҚШ долларлик 1000 дан ортиқ лойиҳани ўз ичига олади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2020-2022 йиллардаги Инвестиция дастури доирасида Қорақалпоғистонда умумий қиймати 3,4 миллиад АҚШ доллари миқдоридаги 28 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган.

Минтақани янада ривожлантириш бўйича комплекс ишларнинг устувор йўналишлари саноатни ривожлантириш, турли соҳаларда катта ва кичик ишлаб чиқариш объектларни ташкил этиш, тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш, қишлоқ хўжалигида илғор технологияларни кенг жорий этиш, аҳоли ва ишлаб чиқариш корхоналари учун қулай замонавий инфратузилма яратиш, шунингдек, Оролбўйи аҳолисининг яшаш даражаси ва сифатини яхшилаш бўйича чора-тадбирларни қабул қилиш ҳисобланади.

Йиғилишда, экология соҳасида амалга оширилаётган ташаббуслар, жумладан, Орол денгизининг қуриган қисмида ва минтақанинг қолган ҳудудларида ҳимоя ўрмонзорларини экиш бўйича ишлар алоҳида таъкидланди. Ҳозирги пайтда ушбу лойиҳа доирасида 100 миллиард сўм маблағ ажратилиб, экилган майдон 2019-2020 йилларининг фақат қиш-баҳор даврида 1,2 миллион гектарга етказилди.

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати номидан Финляндия вакилларига фондга 1 миллион евро миқдоридаги, шунингдек, Европа Иттифоқи делегациясига фондга қўшган 5 миллион евро миқдоридаги ҳиссаси учун алоҳида миннатдорлик билдирилди. Яқин кунларда Корея Республикаси ҳукумати билан фондга 1 миллион евро миқдорида ҳисса қўшиш тўғрисида ҳам битим имзоланиши кутилаётгани маълум қилинди.

Шунингдек, йиғилиш давомида «Ёшлик», «Инновация» ва «Соғлиқни сақлаш» йўналишларида 12,4 миллион долларлик 3 та лойиҳани молиялаштириш учун иккинчи қабул доирасида ишлаб чиқилган ва тақдим этилган талабномалар кўриб чиқилди. Бундан олдин ушбу талабномалар Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги раҳбарияти, БМТ агентликлари, тадқиқот институтлари ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг вакилларидан иборат бўлган баҳолаш қўмитаси томонидан кўриб чиқилиб, Траст фондининг талабларига мувофиқ, деб топилди ва белгиланган тартибда тасдиқланди.

Мўйноқ туманида кўп тармоқли касалхона қурилиши бўйича лойиҳа алоҳида қайд этилди. Унинг амалга оширилиши Қорақалпоғистон Республикаси шимолий ҳудудларида кўп зарар кўрган аҳолининг тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради. Лойиҳа шериклар томонидан жиддий қўллаб-қувватланди ва яқин келажакда якуний техник-иқтисодий асос ишлаб чиқилиши билан иккинчи қабул доирасида кўриб чиқилади.

Шунингдек, ЮНИСEФ ва БМТ Тараққиёт дастури вакиллари Бошқарув қўмитасининг 2019 йилнинг 3 июндаги иккинчи йиғилишининг қарорига биноан тасдиқланган лойиҳаларнинг бориши тўғрисида қисқача тақдимот қилдилар.

Бундан ташқари, Бошқарув қўмитасининг 2019 йил 16 декабрдаги қарори билан ташкил этилган Траст фондининг платформасида Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш бўйича Маслаҳат қўмитасининг биринчи йиғилишини ўтказиш масаласи кўриб чиқилди. Маслаҳат қўмитаси Оролбўйи минтақаси ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг турли жиҳатлари бўйича ҳукумат, фуқаролик жамияти ва ривожланиш бўйича шериклар ўртасида конструктив мулоқот учун ягона платформа бўлишга мўлжалланди.

Йиғилиш якунида иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва БМТ, шунингдек, унинг ихтисослашган агентликлари ўртасида Траст фондидан Оролбўйи минтақасини ривожлантиришнинг турли жиҳатлари бўйича ахборот алмашиш, мулоқот, мавжуд экологик ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишда билим ва инновацион ёндашувлар воситаси сифатида самарали фойдаланиш мақсадида тизимли ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдори эканликларини яна бир бор тасдиқладилар.

Маълумот учун, Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фонди 2018 йилда БМТ шафелигида ташкил этилган инновацион молиявий механизм ҳисобланади. Фонднинг мақсади —халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва донор ҳамжамиятининг маблағларини Оролбўйи минтақасидаги экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилашга қаратилган мураккаб чора-тадбирларни амалга оширишга сафарбар этишдан иборат. Фонд ташкил этилганидан буён донорлар томонидан 11,2 миллион доллар миқдорида маблағ ажратилган.

Мавзуга оид

Фарғона вилояти Туркия билан манфаатли ҳ...

Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳб...

Ўзбекистон Марказий Осиёдаги иқтисодий т...

Ўзбекистон Республикасининг Канададаги элчихонаси Канада компаниялари ва якка тартибдаги ...

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари JBI...

Ўзбекистон ҳукумат делегациясининг Японияга ташрифи доирасида кеча Токио шаҳрида Ўзбекисто...

Сўнгги янгиликлар