Uz / Ўз Ru En

Toshkent

11/Апрель/2021   Долзарб

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти билан ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди


ТОШКЕНТ, 11 апрель. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 15 декабрдаги “Ўзбекистоннинг БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, БМТ Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси ва БМТ Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури билан ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорининг ижроси доирасида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва ФАО ўртасида озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида 2021-2025 йилларга мўлжалланган Мамлакат ҳадли дастурининг расмий очилиш маросими ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур тадбирда мамлакатимиз вазирлик ва идоралари, БМТ бўлинмалари, ФАО Марказий Осиё бўйича минтақавий офиси, ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, турли халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси раҳбарияти онлайн ва оффлайн шаклларда қатнашди.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев, ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Олим Ҳакимов, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Жусипбек Казбеков ҳамда ФАОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Шерзод Умаров Ўзбекистон ва ФАО ўртасида имзоланган 2021-2025 йилларга мўлжалланган Мамлакат ҳадли дастури ва ушбу ташкилот билан ҳамкорлик истиқболлари тўғрисида маъруза қилди.

Маълумот учун қайд этиш жоиз, 2001 йил 2 ноябрь куни Ўзбекистон ФАО аъзолигига қабул қилинган бўлиб, 2014 йилда Тошкент шаҳрида ФАОнинг ваколатхонаси очилган.

Мамлакатимизнинг Римдаги элчихонаси маълумотига кўра, Ўзбекистон ва ФАО ўзаро ҳамкорлигининг асосий йўналишлари Мамлакат ҳадли дастурлари орқали амалга оширилади. Бугунги кунда ФАО томонидан Ўзбекистонда умумий қиймати 6 миллион доллардан зиёд 12 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Хусусан, тасдиқланган Мамлакат ҳадли дастури Ўзбекистоннинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳамкорлик дастури асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унинг асосий мақсад ва вазифалари Ўзбекистоннинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган қишлоқ хўжалиги стратегиясида белгиланган устувор йўналишларини рўёбга чиқаришга амалий ёрдам бериши таъкидланди. Ушбу дастур доирасида умумий қиймати 17 миллион доллардан зиёд лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.

Ж.Ходжаев Ўзбекистон Президенти БМТ Бош Aссамблеясида Бош котиб Антонио Гуттеришнинг 2021 йилда Бутунжаҳон озиқ-овқат саммитини ўтказиш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлаганини таъкидлади ҳамда бугунги кунда Ўзбекистон ушбу тадбирда фаол иштирок этишга тайёргарлик кўраётганини маълум қилди.

Барқарор ривожланиш мақсадларини рўёбга чиқариш ва ФАОнинг Европа учун 32-Минтақавий конференциясида Ўзбекистон раислигини муваффақиятли амалга оширишда БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналарининг роли муҳим эканлиги айтилди.

Хусусан, Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 15 декабрдаги қарори билан ФАО, ҚХРХЖ ва БООД ҳузурида республиканинг Доимий ваколатхонаси фаолият юритиши мазкур ташкилотларда мамлакат ўрнини мустаҳкамлаш ва туб манфаатларини илгари суришда аҳамиятли экани таъкидланди.

Мазкур ҳужжат қабул қилиниши билан бирга, Ўзбекистон ва ФАО ўртасида умумий қиймати 1 миллион долларга яқин картошкачилик соҳасини ривожлантириш, коронавирус пандемиясига қарши курашиш, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш каби қатор лойиҳалар амалга оширилиши бўйича битимлар имзоланди.

Жорий йилда ФАО иштирокида Марказий Осиё қишлоқ хўжалиги вазирларининг виртуал учрашувлар формати коронавирус пандемияси даврида минтақада озиқ-овқат хавфсизлиги таъминлашда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.

Мамлакат ҳадли дастурини муваффақиятли амалга оширишда халқаро донор ташкилотлар ва ҳамкорлар, жумладан, Европа Иттифоқи делегацияси, Жаҳон банки, ЕТТБ, ОТБ, ИТБ, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги, Глобал экологик жамғарма, Адаптация ва Яшил иқлим жамғармаси ҳамда Германия, Хитой, Жанубий Корея, Финляндия ва Россия билан ҳамкорлик қилиш режалаштирилган.

Мавзуга оид

Меҳмет Сурейя Эр: Бош қомус - замонавий ...

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 28 йиллиги муносабати билан юртд...

Покистондан муносабат: Ўзбекистон раҳбар...

Покистоннинг таниқли экспертлари Ўзбекистон ва Покистон раҳбарлари ўртасидаги онлайн-самми...

Ўзбекистон ва Россия энергетика вазирлар...

Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Алишер Султонов Москва шаҳрига амалий сафари дои...

Сўнгги янгиликлар