02/Декабрь/2022 Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналарида
ҚОЗОН, 2 декабрь. «Дунё» АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси томонидан Қозон шаҳридаги Фундаментал тиббиёт ва биология институтида ўзбекистонлик талабалар иштирокида Бош қомусимиз қабул қилинганлигининг 30 йиллигига бағишланган учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Бош консул Фариддин Насриев тадбир иштирокчиларини Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг ўттиз йиллиги билан табриклаб, Бош қомусимиз тарихи ҳақида сўзлаб берди. У Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши, эришилаётган ютуқларига конституциямиз асос бўлаётганини таъкидлади.
Иштирокчиларига, шунингдек, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан барча йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, сўнгги йилларда эришилган ижтимоий-сиёсий тараққиёт даражаси ҳақидаги долзарб маълумотлар тақдим этилди.
Ўз навбатида, институт раҳбарияти ўзбекистонлик талабаларнинг юқори академик кўрсаткичлари, уларнинг ижтимоий фаоллигини қайд этди, шунингдек, ватандош-талабалар билан ишлашда кўрсатилаётган эътибор ва кўмак учун Бош консулхонага миннатдорлик билдирди.
Маълумот учун: жорий йил 9 декабрь куни Чебоксари шаҳридаги «Ҳалқлар дўстлиги» уйида Ўзбекистон Республикасининг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси ташаббусига асосан мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллигига бағишланган маъданий тадбир ўтказилиши режалаштирилган.