Uz / Ўз Ru En

Toshkent

22/Июнь/2021   Иқтисодиёт

Бош вазир ўринбосари раҳбарлигида саноатни ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо соҳаларидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди


 

ТОШКЕНТ, 22 июнь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Сардор Умурзоқов раҳбарлигида ҳамда вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли комплексининг раҳбарияти иштирокида видеоконференция шаклида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) манбасига кўра, йиғилишда инвестициялар ва ташқи савдо фаолиятини, саноат ривожланишини янада рағбатлантириш, техник тартибга солиш тизимини такомиллаштириш, чет элга амалга оширилган олий даражадаги ташрифлар якунларида тасдиқланган «Йўл хариталари»ни амалга ошириш ҳамда масъул раҳбарларнинг ижро интизомини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Президентининг «Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора – тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси таркибида янги бўлинма – Маҳаллий саноатни ривожлантириш ва кооперация алоқалари масалалари котибияти ташкил этилгани маълум қилинди. Ушбу котибиятнинг мақсадлари мавжуд табиий ва иқтисодий ресурсларни таҳлил қилиш, ички ва тармоқлараро соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш, маҳаллий саноатни ривожлантириш, жумладан, озиқ-овқат, фармацевтика, тўқимачилик, ипакчилик, чарм-пойабзал, заргарлик, кимё, электротехника тармоғи, шунингдек, ҳунармандчилик ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, ички ва ташқи бозорда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлайдиган хусусий ва хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб этиш учун шароитлар яратишдир.

Йиғилиш давомида котибиятнинг самарали фаолиятини ташкил этиш бўйича биринчи даражали чора-тадбирлар белгилаб олинди ва тегишли кўрсатмалар берилди. Жумладан, вазирлик, идора ва тармоқ бирлашмалари раҳбарлари томонидан қисқа муддатларда мавжуд ресурслардан фойдаланиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ҳажмини кўпайтириш ва турларини кенгайтириш ҳамда экспортни ошириш бўйича аниқ таклифларни қамраб олган саноат тармоқларини ривожлантириш стратегиялари ишлаб чиқилади.

Шу нуқтаи назардан иштирокчилар томонидан техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш ва сертификатлаштириш соҳасида ҳамда Ўзбекистон Электрон кооперация портали самарадорлигини ошириш йўналишида кўрилаётган чора-тадбирлар ва долзарб вазифалар муҳокама қилинди.

Тармоқлар ва ҳудудлар кесимида жорий йилнинг январь – май ойларидаги инвестициявий фаолият якунлари ҳамда жорий йилнинг дастлабки 9 ва 12 ойи учун кутилаётган прогноз кўрсаткичлари ўрганилди. Хусусан, шу йилнинг 5 ойи якунлари бўйича жалб этилган хорижий инвестициялар ҳажми 4,4 млрд долларни ташкил этди, шундан 2,4 млрд доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир. Жорий йилда барча ҳудудий инвестиция дастурларини амалга ошириш учун 93 трлн сўм ажратилиши режалаштирилган бўлиб, бунинг натижасида 9 771 лойиҳа амалга оширилади ва 209 мингга яқин янги иш ўрни яратилади. Шу билан бирга, шу йилнинг январь – май ойларида 3 620 та ишлаб чиқариш объекти ишга туширилиб, 43,6 мингта янги иш ўрни яратилганлиги қайд этилди. Тасдиқланган лойиҳаларнинг ўз вақтида бажарилиши ва уларнинг қисқа муддатларда ишга туширилиши устидан назоратни кучайтириш, юзага келаётган масалаларни ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида лойиҳа ташаббускорлари билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш топширилди.

Худди шундай тартибда жорий ва прогнозли экспорт кўрсаткичлари кўриб чиқилди: жорий йилнинг 5 ойи якунларига кўра, мамлакат экспортининг умумий ҳажми 4,3 миллиард долларни ташкил этди, бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27 фоизга ошди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва ташқи бозорларда харидоргир бўлган бошқа юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни экспортга етказиб бериш ҳажмларини ошириш вазифаси қўйилди ҳамда мутасадди раҳбарларга ушбу йўналишда аниқ таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.

Учрашувда юқори даражадаги ташрифлар якунлари бўйича имзоланган «Йўл хариталари»нинг амалга оширилиши, шунингдек, Туркия, Россия, Ҳиндистон, Беларусь ва бошқа давлатлар ҳамкорлари билан қўшма лойиҳа ва битимларни жорий этилишининг ҳозирги ҳолати муҳокама қилинди. Инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва ташқи савдони мониторинг қилиш инспекциясига қисқа муддатларда хорижий мамлакатлар билан барча амалий чора-тадбирлар режаларининг инвентаризациясини ўтказиш, муаммоли масалаларни таҳлил қилиш ҳамда лойиҳалар ва битимлар ўз муддатида бажарилмаслигига йўл қўйган масъул раҳбарларга нисбатан интизомий чора-тадбирлар қўлланилиши ҳақида таклифлар киритиш топширилганлиги маълум қилинди.

Комплексга кирувчи вазирлик, идора, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг ижро интизомини мустаҳкамлаш масалалари алоҳида тартибда муҳокама этилди. Жумладан, Ўзбекистон Президентининг фармон ва қарорларида, шунингдек, давлат раҳбарининг вилоятларга ташрифлари якунларида тузилган баённомаларда қайд этилган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш топширилди.

Йиғилиш якунида мутасадди раҳбарларга кўриб чиқилган навбатдаги тадбирлар йўналишлари доирасида қўшимча кўрсатмалар берилди.

 

 

Мавзуга оид

Ўзбекистон энергетика вазирлиги истеъмол...

Ўзбекистон энергетика вазирлигининг маълумотларига кўра, 10 январь куни мамлакатимиз иссиқ...

Божхона омборларида 44,3 миллион долларл...

. Давлат божхона қўмитаси бугунги кунда божхона қўмитаси омборларида мавжуд озиқ-овқат маҳ...

Қурилиш вазирлигида Жанубий Корея компан...

Жанубий Кореянинг «Hanshin Engineering & Construction Co., Ltd.» компанияси бош ижрочи ди...

Сўнгги янгиликлар