Uz / Ўз Ru En

Toshkent

14/Февраль/2021   Иқтисодиёт

Бош вазирнинг ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳ Наманган вилоятида саноат ва тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш ишларини давом эттирмоқда


ТОШКЕНТ, 14 февраль. /«Дунё» АА/. Жорий йил 12 – 13 февраль кунлари Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Сардор Умурзоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Наманган вилояти саноатининг ишга солинмаган имкониятларини ўрганиш ва иқтисодий жиҳатдан аҳамиятга эга янги лойиҳаларни амалга ошириш, аҳолини тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш фаолиятига кенг жалб этиш, шунингдек, фуқаролар бандлигини таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқишни давом эттирди, деб хабр қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати маълум қилишича, ишчи гуруҳ аъзолари бир қатор саноат корхоналарига чиққан ҳолда, мавжуд муаммоларни аниқлаш мақсадида ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар билан суҳбатлар ўтказдилар. Шунингдек, ички ва ташқи бозорларда талабга эга бўлган янги маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйиш ҳисобига товарлар турларини кенгайтириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш орқали корхоналар фаолиятини кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Муаммоли масалалар бўйича тегишли вазирлик, идора, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларини жалб этган ҳолда тезкор чоралар кўрилди: мутасадди раҳбарларга мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича самарали тадбирлар кўриш ҳамда ишбилармонлар ва инвестиция лойиҳалари ташаббускорларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, корхоналарга чиқиб келиш вақтида юқори даромад берувчи технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва тўлиқ товар-хом ашё занжирларини шакллантиришга йўналтирилган янги саноат объектларини яратиш бўйича мавжуд захира ва имкониялар таҳлил қилинди. Саноат ишлаб чиқариши ва экспорт салоҳиятининг сезиларли ўсишини ҳамда кўплаб янги иш ўринлари яратилишини назарда тутган ҳолда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг иқтисодий самарасини максималлаштириш муҳимлиги қайд этилган.

Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди: ишчи гуруҳ аъзолари Наманган вилояти Давлатобод туманида яратилган ёшлар кичик саноат зонасига ташриф буюрди. Унда ёш тадбиркорлар амалга ошираётган лойиҳалар ҳақида сўзлаб берди, мавжуд муаммоли масалалар ва истиқболдаги режалари билан ўртоқлашди. Айни пайтда, бу КСЗ ҳудудида 360 млрд сўмлик 56 инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Бунинг эвазига 3,2 минг янги иш ўринлари яратилади. Ушбу моделга асосан вилоятнинг ҳар бир туманида камида биттадан, қўшимча 14та КСЗ яратилади. Шунда, вилоятда 15та ёшлар кичик саноат зоналари ташкил этилади. Жорий йил охирига қадар Наманган вилоятидаги КСЗнинг умумий сони 72тага етказилади.

Ишчи гуруҳ раҳбарияти томонидан юзага келаётган масалаларни аниқлаш ва ҳал этиш, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоятда ёшлар билан доимий ҳамкорлик қилиш тизимини ташкил этиш топширилди.

Ишчи гуруҳ келгуси ҳафта давомида вилоятда ўз ишини давом эттиради. Эслатиб ўтамиз, унинг фаолияти натижасида Наманган вилоятининг 2021 – 2022 йилларга мўлжалланган ҳудудий инвестиция дастури ишлаб чиқилади.

Мавзуга оид

Ўзбекистон жорий йилда 86,5 минг тонна ...

Жорий йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистондан 86,5 минг тонна узум маҳсулоти хорижга ...

Инновацион ривожланиш вазири Ўзбекистонн...

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ўзбекистон Респ...

Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки...

Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) бошқарув кенгашининг видеоконференция шакл...

Сўнгги янгиликлар