Uz / Ўз Ru En

Toshkent

17/Май/2021   ТИВ янгиликлари

Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисидаги халқаро конвенция Ўзбекистон учун кучга кирди


ТОШКЕНТ, 17 май. /«Дунё» АА/. 2021 йил 16 майдан эътиборан Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисидаги халқаро конвенция (1973 йил 18 май куни Киото шаҳрида қабул қилинган ва 1999 йил 26 июнь куни тузатишлар киритилган) Ўзбекистон Республикаси учун кучга кирди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ташқи ишлар вазирлиги Шартнома-ҳуқуқ бошқармаси маълумотига кўра, мамлакатимиз Киото конвенциясига Ўзбекистон Републикасининг 2020 йил 21 декабрдаги №ЎРҚ-654-сонли қонунига мувофиқ қўшилган.

Киото конвенцияси универсал халқаро шартнома ҳисобланиб, божхона иши билан боғлиқ амалда барча масалаларни тартибга солади. Конвенция божхона таомиллари ва қоидаларини уйғунлаштириш ҳамда соддалаштириш орқали савдога кўмаклашишга қаратилган бўлиб,  замонавий божхона таомиллари ва методикасига оид стандарт ва амалий тавсияларни ўз ичига олади.

Бугунги кунда мазкур халқаро шартномада 128 та давлат иштирок этмоқда.

Киото конвенцияси қоидалари, бир томондан, божхона расмийлаштируви ва назоратини соддалаштириш ҳамда тезлаштириш орқали ташқи савдо фаолиятини, шу жумладан, махсус иқтисодий зоналар фаолиятини рағбатлантириш, бошқа томондан, мазкур имтиёзлар давлатларнинг манфаатларига зарар етказмаслигига йўналтирилган.

Конвенция унга аъзо давлатларга ўзларининг миллий қонунчилигида (Божхона кодекси, ташқи иқтисодий фаолият, махсус иқтисодий зоналар ва шу каби бошқа қонунчилик ҳужжатлари) божхона тартиботини содда, тушунарли ва олдиндан тахмин қилиш имкониятини берувчи қоидалар асосида шакллантириш мажбуриятини юклайди.

Ўзбекистон Республикасининг Киото конвенциясида иштирок этиши миллий иқтисодиётга хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратилишига хизмат қилади, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилишига кўмаклашади ҳамда Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида республиканинг рейтинг кўрсатгичларига ижобий таъсир этади.

Мавзуга оид

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги делегац...

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов бошчилигидаги делегация жорий йил ...

Ўзбекистон-Жазоир сиёсий маслаҳатлашувла...

Бугун Ўзбекистон ва Жазоир ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнин...

Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги бош консу...

Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги (Россия) янги тайинланган бош консули Темур Раҳмонов ...

Сўнгги янгиликлар