Uz / Ўз Ru En

Toshkent

18/Июнь/2020   Маданият

Британия нашриёт уйи Ўзбекистон маданий ва тарихий қадриятларини дунёда оммалаштиришга кўмаклашади


ТОШКEНТ, 18 июнь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Британиянинг «Scala Arts & Heritage Publishers Ltd» нашриёт уйи билан ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Меморандум имзоланиш маросими онлайн тарзда бўлиб ўтди.

Тадбирда мамлакатимизнинг Буюк Британиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси С.Рустамов Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори ўринбосари Г.Умерова, Таълимни ривожлантириш департаменти бошлиғи М.Бадалова, «Scala Publishers» бошқаруви раиси Женни МакКинли ҳамда нашриётнинг бизнесни ривожлантириш бўйича директори Неил Титман иштирок этди.

«Scala Publishers» компанияси 2010 йилда ташкил этилган бўлиб, инглиз ва бошқа хорижий тилларда юқори сифатли расмли китоблар ҳамда рисолаларни тайёрлаш, уларни нашр этишга ихтисослашган. Компаниянинг бош офиси Жанубий Лондонда жойлашган. Унинг АҚШ, Европа, Осиё, Африка ва Яқин Шарқда ўз вакиллари бор. Британия миллий галереяси (Лондон), Фрик коллекцияси (Нью-Йорк), Эрмитаж музейи (Санкт-Петербург), Албертина музейи (Вена), «Alte und Neue Pinakotek» санъат музейи (Мюнхен) ва Ўмон Султонлиги миллий музейлари (Маскат), Малтанинг «Heritage Malta» музейлар ва маданий мерос миллий агентлиги, Фридерика Шопен музейи (Варшава), Сингапур миллий галереяси компаниянинг асосий ҳамкорлари ҳисобланади.

Нашриёт, шунингдек, Буюк Британиянинг диққатга сазовор жойлари, хусусан, Букингем саройи, Виндзор саройи, «Clarence House» (Вестминстер шаҳридаги Буюк Британиянинг Қироллик қароргоҳи), Ҳолируд саройи (Британия монархи – Қиролича Елизавета IIнинг Шотландиядаги расмий қароргоҳи), Қироллик отхоналари бўйлаб экскурция ва саёҳатлар учун қўлланмалар тайёрлайди.

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан Британиянинг «Scala Arts & Heritage Publishers Ltd» компанияси ўртасида имзоланган шартномага кўра, нашриёт Ўзбекистон музей тўпламлари ва маданий мероси тўғрисидаги қатор китобларни ўзбек, рус, инглиз ва француз тилларида нашр этади.

«Director’s Choice» лойиҳаси доирасидаги биринчи китоб Савицкий музейи тарихига бағишланади. Китобда амалий санъат асарларидан ташқари, Александр Волков, Роберт Фолк, Михаил Курзин, Николай Карахон ва бошқа муаллифлар асарларидан иборат музей тўпламларидаги энг машҳур расмлар ўрин олади. Ушуб китобни 2021 йил бошида нашр қилиш режалаштирилган.

Томонлар, шунингдек, маданият ва санъат соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга ҳам келишиб олди. Жумладан, «Director’s Tour» нашриёти Ўзбекистоннинг санъатшунос, археолог ва тарихчилари илмий асарларини нашр этиш, мамлакатнинг бой маданий, тарихий ва илмий меросини Британия ва дунё жамоатчилиги орасида тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасидаги маданий ва тарихий обидалар ҳақида қўлланмалар тайёрлайди.

Мавзуга оид

Наврўз - қадимий қадриятларимиз тантанас...

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «2020 йилги Наврўз умумхалқ байрамига т...

Эрондан муносабат: Алишер Навоийнинг беб...

Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллик санасига Эрон адабиётшунос ...

Пекинда Ўзбекистон – Хитой кўргазмаси оч...

Хитой пойтахти марказидаги Тьяньаньмэнь майдони яқинида жойлашган «Гугун» Ёпиқ шаҳарининг ...

Сўнгги янгиликлар