16/Март/2023 Спорт
ДEҲЛИ, 16 март. /«Дунё» АА/. Бугун Деҳли (Ҳиндистон) шаҳрида бокс бўйича аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати иштирокчилари илк жангларини ўтказиш учун рингга кўтарилади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Кеча жаҳон чемпионатининг тантанали очилиши маросими бўлиб ўтди. Халқаро бокс ассоциацияси ва миллий федерациялар раҳбарияти, таниқли спортчилар, ушбу оммавий спорт тури мухлислари иштирок этган ранг-баранг тадбирда Ўзбекистон давлат байроғини мамлакатимиз терма жамоаси аъзоси Навбаҳор Ҳамидова кўтариб чиқди.
Чемпионат ташкилотчилари аёллар боксининг истиқболи порлоқ эканини таъкидлади. Дунё биринчилигида 60 дан ортиқ давлатдан 300 дан зиёд спортчи иштирок этмоқда. Ўзбекистон бокси вакилалари 12 вазн тоифасидан 10 тасида рақибалар билан куч синашади. Спортчиларимиз орасида катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати совриндори Азиза Ёқубова ва ёшлар ўртасидаги чемпионат кумуш медали соҳибаси Азиза Зокирова бор. Бош мураббий - Элшод Расулов.
Чемпионатнинг соврин жамғармаси 2,5 миллион АҚШ долларига тенг. Регламентга кўра, чемпионат ғолибаларига 100 минг доллардан, кумуш ва бронза медаллар соҳибаларига эса мос равишда 50 минг ва 25 минг доллардан берилади.
Бугун терма жамоамиз аъзолари Феруза Казакова (-52 кг) Жанубий Корея вакиласи Жуюнг Жунг, Маҳлиё Ҳабибуллаева (-57 кг) эса австралиялик Тина Раҳимий билан куч синашади.
Жаҳон чемпионати 26 мартга қадар давом этади.