Uz / Ўз Ru En

Toshkent

29/Январь/2020   Бухоро - Ислом олами маданияти пойтахти

Бухоро - ислом олами маданияти пойтахти


ТОШКЕНТ, 29 январь. /“Дунё” АА/. Бухоро – жаҳоннинг энг қадимий ва тарихий-меъморий обидаларга бой гўзал шаҳарларидан бири. 1997 йил шаҳарнинг 2500 йиллик юбилейи халқаро миқёсда нишонланди. 

Бухоро номи дастлаб IX асрда тарихчи Наршахий томонидан зикр этилган. Кўплаб тарихчилар, тилшуносларнинг фикрига кўра, Бухоро сўзи санскритча “вихара” сўзидан келиб чиққан бўлиб, “қалъа” деган маънони англатар экан. Қадимда шаҳар Нумижкат ва Фахира, деб ҳам аталган. Бухоро илк ўрта асрлардан ҳунармандчилик ва савдо  марказларидан бири бўлган, бу ерда тайёрланган маҳсулотлар Осиё ва Европа мамлакатларига чиқарилган. Араблар Бухорони “Мадинат ут-Тужжор” (“Савдогарлар шаҳри”) ёки Мадинат ас-Суфрия (“Мис шаҳар”) деб атаган.

1996 йил ЮНЕСКО Бухорони жаҳон маданий мероси ҳисобланувчи шаҳарлар сафига қўшганлиги ва муҳофазага олганлигини эълон қилди.

Кўҳна Бухорони тарихчилар, саёҳатчилар “шеърият ва афсоналар шаҳри” деб атаган. Бу қўҳна шаҳарнинг ҳар бир кўчаю хиёбони, боғию майдони, хулласи калом ҳар бир гўшасида олис ўтмишнинг акс-садоси, қолдирган изи бор. Кўкка бўй чўзган миноралар, обидаю қадамжолар, осору антиқалар инсон ақл-заковатини намойиш қилади. Бухоро Шарқу Ғарбда “очиқ осмон остидаги музей, шавкатли тарихнинг жилвакор кўзгуси” деган фахрли номни ҳам олган экан.

Қадимий Бухоронинг Аркида нафақат ҳукмдор амирлар, балки буюк олимлар, шоиру файласуфлар ҳам яшаб, ижод қилиб, авлодларга бебаҳо мерос қолдирган. Бухоро маданияти энг юксалган ўрта асрларда Аркда Рудакий, Фирдавсий, Абу Али Ибн Сино, Форобий, Умар Хайём каби буюк зотлар яшаган. Масалан, Абу Али ибн Сино бу ҳақда бундай ёзади: “...Бу ер кутубхонасидан шундай китобларни топдим, уларни олдин ҳам, кейин ҳам ҳеч қаерда кўрмадим. Уларни ўқиб чиқдим ва менга олам сирлари аён бўлди...”.

Археологик қазишмалар натижасига асосан олимлар бу қадимий шаҳар эрамизгача бўлган даврда ҳудуднинг иқтисодий ва маданий ҳаётида муҳим роль ўйнаган, деган хулосага келган. Тарихий фактларга кўра, географик нуқтаи назардан, Бухоро Хитойдан Римгача олиб борувчи Буюк ипак йўлининг энг муҳим чорраҳаларидан бирида жойлашган.

Солномаларда қайд этилишича, VIII асрда бу ерда араб истилоси натижасида ислом дини жорий этилган. Давр ўтиши билан Бухоро аста-секин энг муҳим диний марказга айланиб, “Бухорои Шариф” деб атала бошланган.

Ҳар бир давлат, ҳар бир юрт, ўлка, шаҳар ҳамда туман ҳаётида шундай воқеа ва ҳодисалар юз берадики, улар тарих саҳифаларида бир умрга муҳрланиб қолади. Бу каби саналар солномалар саҳифаларида зарҳал ҳарфлар билан битилади. Бунга яқин ўтмишимиздаги Ўзбекистон Республикасининг истиқлоли эълон қилинган сана - 31 август (1991 йил),  Мустақиллик - 1 сентябрь (1991 йил) кунлари, давлатимизнинг БМТга тенгҳуқуқлик аъзо бўлиши - 2 март (1992 йил) ҳамда 2007 йил Тошкент шаҳрига “Ислом маданияти пойтахти” деган юксак номнинг берилиши ва шунга ўхшаш бошқа бирқанча тарихий саналар яққол мисол бўлади олади. Яна ҳам батафсилроқ айтадиган бўлсак, бу каби муҳим  ва оламшумул саналар бутун юртимиз, жонажон Ўзбекистонимиз халқи учун улкан тарихий ва маданий - маърифий воқеа бўлганига барчамиз шоҳидмиз.

Бухоро сиёсий-иқтисодий, маданий-гуманитар, дипломатик муносабатлар ва алоқаларни ҳар томонлама изчил йўлга қўйиб келган  қадимий шаҳарлар сирасидан жой олади.

Юртимиз азалдан инсоният тамаддуни, жумладан ислом маданияти ривожида алоҳида ўрин тутади. Буюк аждодларимизнинг илм-фан ва маданиятнинг кўплаб соҳалари тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссасини дунё тан олган, барча халқаро ташкилотлар эътироф этган.

Ўзбекистон истиқлолга эришгач, аждодлар қолдирган бой маданий меросни тиклаш ва янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Республикамизда буюк аллома ва азиз авлиёларимиз муқаддас қадамжоларини таъмирлаш ва ободонлаштириш, уларнинг бой илмий-маданий меросини ўрганиш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний сингари беназир алломаларнинг муборак номлари қайта тикланиб, уларнинг меросини ўрганишга эътибор кучайди. Масжиди Калон, Шоҳи Зинда, Кўкгумбаз каби кўплаб масжид ва мадрасалар қайта таъмирланди. Бу ўзгаришлар халқаро жамоатчилик томонидан эътироф этилмоқда ва юқори баҳоланмоқда.

Ислом конференцияси ташкилотининг тузилмаларидан бири бўлган Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича халқаро ислом ташкилоти (ISESCO) томонидан Тошкент шаҳрининг 2007 йилда “Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилиниши Ўзбекистон, хусусан унинг пойтахти ислом цивилизацияси тарихида ўзига хос ўринга эга эканидан яна бир далолатдир.

Маълумот учун: Ислом Ҳамкорлиги ташкилоти (ИҲТ) ўз таркибида 57 та мамлакатни жам этган, халқаро миқёсдаги муҳим ва долзарб масалаларни ҳал қилишда таъсири ва аҳамияти тобора ортиб бораётган нуфузли ташкилотдир. Унинг таркибидаги муассасалардан бири - Таълим, фан ва маданият  масалалари бўйича Халқаро ислом ташкилоти (ISESCO) ҳар йили ташкилотга аъзо Осиё, Африка ва араб  давлатлари шаҳарларини “Ислом олами маданияти пойтахти” деб эълон қилади. 

2005 йилдан йўлга қўйилган ушбу анъана мусулмон дунёсидаги муайян шаҳарларни ислом маданияти пойтахтлари деб эълон қилиши мусулмон мамлакатлари ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантириш, ислом маданиятига оид илмий – маърифий, тарихий – меъморий меросни ўрганиш, тиклаш ва тарғиб қилиш,  динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни кучайтириш, турли мамлакатларнинг бу борадаги саъй – ҳаракатини қўллаб – қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни мақсадини кўзлайди.

2007 йил Тошкент шаҳрига ислом маданияти пойтахти деган юксак номнинг берилиши нафақат Тошкент шаҳри ва бутун Ўзбекистонга, балки халқимизга берилган юксак баҳодир.

Ушбу анъананинг жорий қилинганидан уч йил ўтиб азим Тошкент шаҳрига ислом маданияти пойтахти мақоми берилиши, Тошкент шаҳрининг нафақат Осиёда, балки бутун дунёда ўзига яраша обрўси борлигидан далолатдир.

2015 йил Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Халқаро ислом ташкилоти (ISESCO) шаҳарларга Ислом маданияти пойтахти мақомини бериш бўйича иккинчи босқич режаларини эълон қилди. Унга мувофиқ 2015-2025 йиллардан ташкилотга аъзо давлатларнинг қайси шаҳарлари юқоридаги эътирофга сазовор бўлиши кўзда тутилган.

Бу оламшумул воқеа республикамизда ва хорижда катта қизиқиш уйғотди, халқимизга, илму фан вакиллари ҳамда зиёлиларимизга алоҳида ғурур бағишлади. Қабул қилинган тартибга мувофиқ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳар йили мусулмон мамлакатларидаги 3 та шаҳарни “Ислом олами маданияти пойтахти” деб эълон қилади. Уларнинг бири араб мамлакатларидан, бошқаси Осиё ва учинчиси Африкадаги мусулмон мамлакатлардаги шаҳарлардир. Қувонарлиси ушбу режага асосан 2020 Ўзбекистоннинг қадамий Бухоро шаҳри ҳам шу каби юксак эътирофга лойиқ кўрилиб, “Ислом олами маданияти пойтахти” деб эълон қилиниши назарда тутилган.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти маданият вазирлари IX Ислом конференциясида 2020 йилда Бухоро (Ўзбекистон), Қоҳира (Миср) ва Бамако (Мали) шаҳарлари” Ислом олами маданияти пойтахти” сифатида тасдиқланди.

Ушбу анъана йўлга қўйилган 2005 йилдан бери ўтган даврда жонажон Ўзбекистонимизнинг икки шаҳри – Тошкент ва Бухоро бу юксак номга муносиб топилди. Бу иш бир тарафдан тарихимизга берилган муносиб ва юксак баҳо бўлса, иккинчи тарафдан ҳар бир ватандошимиз, миллатимиз, халқимиз учун ҳам ғурур, ҳамда шараф  десак, хато қилмаган бўламиз.

Сана муносабати билан эълон қилинган хабарлардан бирида, “Аслида Бухорои шариф бир неча асрлар давомида Ислом маданияти пойтахти бўлиб келган. Унинг “Қуббатул Ислом”, яъни “Ислом гумбази” деб номлангани ҳам бежиз эмас. Ташкилот томонидан ушбу шаҳарнинг Ислом маданияти пойтахти деб эътироф этилиши асрлар давомида ушбу шаҳар ва ундан чиққан олимларнинг ислом цивилизациясига қўшган ҳиссасини яна бир бор тасдиғи ҳисобланади", - деб таъкидланган.

Айтиб ўтиш жоизки, ислом оламидаги тўрт шариф саналган шаҳарлардан бири Бухорои шарифдир. Шарқда қадимдан “Самарқанд сайқали рўи замин аст, Бухоро қуввати дини ислом аст”, деб бекорга айтилмаган. Бухорои шарифни эъзозлаб дунёнинг жуда кўп шоирлари, олимлари, мутафаккир ва мутассавиф донишмандлари, сайёҳу элчилар, тарихчилар ҳамда географлар қимматли асарлар яратган. 

Бухоронинг довруғини ислом олами бўйлаб, қолаверса, бутун дунёга кенг таратган етти бузругвор пир 1103 ва 1389 йиллар оралиғида, XII-XIV асрларда бирин-кетин, навбатма-навбат бошқарганлар ва бағоят хайрли фаолият кўрсатганлар.

Бу давр, маълумки, Мовароуннаҳр ва Хуросонда, бутун Марказий Осиёдаги кенг ва улкан мусулмон минтақасида мўғуллар зулми ва истибдоди барҳам топиб, Мовароуннаҳрда улкан ва қудратли темурийлар салтанати дадил қад кўтараётган ажойиб бир маънавий ҳамда маданий уйғониш даври эди.

Алоҳида таъкидлаб, айтиш керакки, бугунги кунда ҳам тарихий ва диний ёдгорликлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев диққат эътиборида бўлиб келмоқда. Давлатимиз раҳбари Бухоро вилоятига охирги ташрифини Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилишдан бошлаган эди. Ташриф пайтида, Бухоро вилоятида муқаддас қадамжолар кўплиги, уларни “зиёрат қилиш ҳам қарз, ҳам улкан саодат экани” таъкидланди. Президентимиз режалаштирилган қурилиш ишлари мазмунан чуқур ўйланмаганини танқид қилди ҳамда Етти пир мақбараларини обод қилиш, уларни бир йўл билан боғлаш лойиҳаларини такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди.

Ўзбекистон бугунги кунда туризмни ривожлантириш ва хорижликларни мамлакат дурдоналари саналган Бухоро, Самарқанд ва Хивага жалб этиш бўйича мисли кўрилмаган ишларни амалга оширмоқда. Ўзбекистонда туризмни тезкор ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент фармони қабул қилинди. Фармон билан Ўзбекистон Республикасида 2019-2025 йилларда Туризмни ривожлантириш концепцияси ва чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. 2019 йил 1 февралдан электрон кириш визасини олувчи мамлакатлар рўйхати кенгайтирилиб, 45 та давлат фуқаролари учун 30 кунлик муддатга визасиз режим жорий қилинди. 

Бундан ташқари, 2019 йил 15 мартдан 30 кун давомида амал қилинувчи электрон визалар турлари тизими ҳамда алоҳида хорижий фуқаролар гуруҳларига қўшимча визалар тоифаси жорий этилди. Хорижий давлат фуқароларига виза режимининг соддалаштирилиши мамлакатга ташриф буюрувчи меҳмонлар сонини бир неча мартага оширади, албатта.

Бухоронинг тарихий қисмида ёки Президентимиз таъбири билан айтганда, “шаҳарнинг юрагида” улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бу ерда ҳақиқий ўрта асрлар ҳунармандлари мавзеси пайдо бўлади, Пойи Калон ва Мир Араб мадрасалари қайта таъмирланади, Ҳақиқат ва Нуробод кўчалари кенгайтирилиб, туристлар учун саёҳат хиёбонларига айлантирилади.

Шаҳарга келган туристлар бугунданоқ мазкур ҳунармандлар кўчасида бўлишлари, ўзлари ёқтирган буюмларни харид қилишлари, усталарнинг қандай ишлашларини кузатишлари мумкин.

Бундан ташқари, бу йил Пойи Калон мажмуасидаги тарихий ёдгорликлар, Абдулазизхон, Улуғбек ва Мир Араб мадрасалари таъмирланади. Бухоронинг яна бир рамзи - Арк қалъаси ҳам янгиланади. Бу ерда иншоотнинг ички қисмини таъмирлаш режалаштирилган.

Вилоятда туризмни ривожлантириш концепциясида 61 лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Бухорода 44 меҳмонхона, 10 парк қурилади, замонавий туристик автобуслар сотиб олинади, янги саёҳат турлари ташкил этилади.

Ҳақиқатда ҳам, сайёҳлик иқтисодиёт тармоқларининг етакчи бўғинларидан бирига айланаяпти, десак муболаға бўлмайди. Бухоро вилояти эса бу борада бениҳоя катта салоҳиятга эга. Биргина Бухорода 660 та моддий маданий мерос объекти рўйхатга олинганининг ўзиёқ  жуда кўп нарсани англатади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 майдаги “2017-2019 йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилоятининг туристик салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 16 августдаги “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари шу имкониятларни рўёбга чиқариш сари ташланган муҳим қадам бўлди. Мазкур қарорларга мувофиқ, вилоятга ташриф буюраётган чет эллик туристлар ва мамлакатимиз сайёҳларига қулай шарт-шароитлар яратиш, уларга кўрсатилаётган сервис хизматлари сифатини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Бухоро шаҳрида янги меҳмонхоналар, маданий-кўнгилочар масканлар ва 500 кишига мўлжалланган замонавий амфитеатр каби объектларни ўз ичига олувчи “Қадимий Бухоро” туристик ҳудудини барпо этиш учун 10 гектар ер майдони ажратилиб, хорижий меъморлар билан биргаликда лойиҳалаш ишлари олиб борилмоқда. 

Бухоро шаҳридаги собиқ “Шаҳристон” бозори ҳудудида ҳунармандлар марказини қуриш, муқаддас қадамжолар - Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф ар-Ревгарий, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ва Чорбакр мажмуаларида кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилаяпти. Ҳудуднинг туристик салоҳиятини янада кенгроқ тарғиб қилиш мақсадида “Ипак ва зираворлар”, “Бухоро шаҳри куни”, “Қовун сайли” ва “Бухоро ҳунармандлари” фестиваллари ташкил этилмоқда. 

Хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. Жумладан, Хитойнинг Лоянь ва Россиянинг Владимир шаҳарлари билан Бухоро шаҳри ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш меморандумлари имзоланди. Испания, Япония, Сингапур, Индонезия, Малайзия, Россия, Латвия ва Туркия каби давлатлар билан шу йўналишда музокаралар олиб борилди.

Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 13 августдаги туризм соҳасини жадал ривожлантиришга доир фармони ижросини таъминлаш мақсадида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда “Uzbekistan Airports” АЖ томонидан хорижий авиакомпаниялар билан бир қатор кўламли ишлар олиб борилмоқда.  

Мамлакатимизда туризмни жадал ривожлантириш бўйича кейинги уч йилда 30 дан ортиқ Фармон ва қарорлар қабул қилиниши натижасида Бухорода ҳам туристлар оқимининг кескин кўпайиши таъминланмоқда. Биргина 2019 йил 7 ойи давомида жами сайёҳлар сони 2 миллиондан, хорижий туристлар сони 250 мингдан ошиб, 2018 йил мос даврига нисбатан қарийб 2,2 бараварга кўпайди.

Бугунги кунда вилоятга ташриф буюраётган сайёҳларга сифатли транспорт хизмати кўрсатиш мақсадида Бухоро шаҳри ичида ва “Етти Пир” каби зиёратгоҳларда транспорт қатновларини йўлга қўйиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Маълумотларга кўра, кейинги икки йилда “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлган жисмонй шахслар сони 3,1 бараварга кўпайиб, 3125 тага етди. Бухоро тарихий марказида 383 та тадбиркорлик субъектлари билан маданий мерос объектларидан фойдаланиш бўйича шартнома имзоланган.

Шунинг билан бирга, “Бухоро бўйлаб саёҳат қил” дастури асосида маҳалладошлар, Ёшлар иттифоқи аъзолари, меҳнат ва фермерлар жамоалари вакиллари учун саёҳатлар ташкил этилмоқда.

“Бухоро - Ислом олами маданияти пойтахти” деб эълон қилиниши муносабати билан республикамизда, жумладан, Бухоро шаҳрида 2020 йил давомида қатор илмий-амалий анжуманлар, кенг қамровли тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш ва юқори савияда ўтказиш режалаштирилмоқда.

Чора-тадбирлар режалари доирасида мамлакатимиз ва хорижий давлатлар кутубхоналарида сақланаётган Бухоро тарихи, маданияти ва илм-фан, динимиз тарихи ҳақидаги нодир қўлёзмаларни биргаликда ўрганишга имкон пайдо бўлади. Исломий меросни ўрганиш доирасида Самарқанд шаҳридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида қатор амалий ишлар бажарилади. Мамлакатимизда, жумладан Бухоро шаҳрида  туризм, маданият, фан ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинади.

Фахриддин ПАРПИЕВ,

“Дунё” АА.

Мавзуга оид

Рихиати Салиҳ Нажиб: Бухоро қадим мадани...

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида 2020 йилда «Бухоро – Ислом олами маданияти по...

Маданият вазирлигида ISESCO делегацияси ...

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида мамлакатимизда бўлиб турган ISESCO делегация...

«Кампирак девори»нинг узунлиги 336 кило...

Бухоро тарихи ҳақидаги асл ҳақиқатлар шаҳардаги қадимий бинолар ва бугунги кунда айрим жой...

Сўнгги янгиликлар