Uz / Ўз Ru En

Toshkent

11/Февраль/2020   Бухоро - Ислом олами маданияти пойтахти

Бухоро - қадимги дунё ва ўрта асрлар солномаларида


ТОШКЕНТ, 11 февраль. /“Дунё” АА/. Жаҳон илм-фани ва цивилизациясига муносиб ҳисса қўшган шаҳарларимиз орасида Бухоро алоҳида ўрин тутади. Қарийб уч минг йиллик тарихга эга бу маскан ҳақида турли даврларда кўплаб маълумотлар ёзилган.

Шаҳар Зарафшон дарёсининг қуйи оқимида, унинг ирмоқларидан бири - Шаҳруд (шаҳар ичидаги дарё) канали бўйлаб жойлашган бўлиб, азал-азалдан минтақа сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётида муҳим роль ўйнаган. Тадқиқотчилар Бухорони минтақани тарихий ва маданий бирлаштирган Ғарбий ёки Бухоро сўғдийлари манзили, деб атаган.

Манбаларда Бухоро шаҳри билан боғлиқ турли афсона ва маълумотлар учрайди. Шаҳар номи эрамиздан аввалги давр ҳақида маълумот берадиган манбаларда бир неча номда учрайди. Археологик маълумотларга кўра, Бухорога милоддан аввалги I минг йиллик ўрталарида асос солинган. Илк Ўрта асрларда Хитой манбаларида Ан, Анси, Анго, Бухо, Буку, Бухэ, Бухаэр, Бухуаэр, Бухала, Бухуала, Фухо, Пухуала ва бошқа номлар билан аталган. Бу атамалардан аввалги учтаси Бухоронинг хитойча номлари бўлиб, қолгани “Бухоро” сўзининг хитой тилидаги талаффузидир. Ўрта аср араб манбаларида эса Бухоро Нумижкат, Навмичкат, Бумичкат (Янги қўрғон), Ал-мадина ас-суфрийя (Мис шаҳар), Мадинат ат-тужжор (Савдогарлар шаҳри), Фохира (Фахрли шаҳар) каби номлар билан тилга олинган.

Милоддан аввал бу минтақадаги кичик шаҳарларни бирлаштириб турган Нумижкат (олдинги Бухоро) катта мавқега эга бўлган.  Нумижкат мамлакат пойтахти сифатида эътироф этилган. “Бухоро” атамаси санскритча “вихора” сўзи –  “бухор” (“ибодатхона”) дан келиб чиққан, деган фаразлар ҳам бор. Кейинги тадқиқотларда бу атама сўғдийча “буғ” ёки “баг” (тангри) ҳамда “оро” (“жамол”) сўзларидан иборат деган фикр илгари сурилган.

VIII аср бошларида эса Бухорога ислом дини кириб келиши билан у шариф шаҳарга – ислом оламининг машҳур манзилларидан бирига айланди.

Олимлар «Бухоро» атамасини санскритча будда маъбудини англатувчи «вихара» сўзи билан боғлашади. «Бухоро» - «вихара» сўзининг туркча талқини бўлиб, дастлаб Бухоро вилояти Ромитан тумани марказида жойлашган қадимий Ромитаннинг иккинчи номи эди. Ўша пайтда Нумижкат вайронага айлангани сабабли милодий VI–VII асрлар ўрталаридан бошлаб ярим асрдан кўпроқ вақт мобайнида Ромитан воҳанинг пойтахти бўлди. Маҳаллий ҳукмдор Бухорхудот Бидун Aрк қалъасини қайта тиклаб, ўз қароргоҳини Нумижкатга ўтказди. Ўша вақтдан бошлаб бу шаҳар Бухоро деб номлана бошланган. Нумижкат эса аста-секин унутила бошланган.

Илк Ўрта аср бошларида Хитой солномаларида қайд этилганидек, 40 га яқин йирик шаҳар ва мингта ишончли қалъа Бухоро мулкида бўлган. Воҳанинг пойтахти беш қават девор ва дарё билан ўралган.

Ўзбекистон Фанлар академиясининг Aрхеология институти ходимлари Aрк ва қадимий Шаҳристонда олиб борган кўп йиллик изланишлари натижасида шаҳар тарихи милоддан аввалги биринчи минг йиллик ўрталарига тўғри келади, деган хулосани билдирган. Шунга асосан, Бухоро тарих саҳнида 2500 йил олдин пайдо бўлган, деган якдил фикрга келинди ва 1997 йилда Бухоронинг 2500 йиллиги халқаро миқёсда катта тантана қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг  Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича тузилмаси - ISESCO 2020 йил Бухоро шаҳрини Ислом олами маданияти пойтахти, деб эълон қилди.

Мавзуга оид

“Бухоронинг Ислом цивилизациясига қўшган...

“Бухоро — 2020 йилда ислом олами маданияти пойтахти” тадбирлари доирасида онлайн тарзда т...

Рихиати Салиҳ Нажиб: Бухоро қадим мадани...

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида 2020 йилда «Бухоро – Ислом олами маданияти по...

Ўмон Султонлигининг «Вижхат» газетасида ...

Ўмон Султонлигининг ихтисослашган «Вижхат» газетасида Ўзбекистоннинг ижтимоий-маданий ҳаёт...

Сўнгги янгиликлар