Uz / Ўз Ru En

Toshkent

03/Июль/2020   Илм-фан

Бухорода Бельгиянинг “United Brussels Institutes” институти билан ҳамкорликда Халқаро факультет очилади


БРЮССЕЛЬ, 3 июль. /«Дунё» АА/. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги элчихонаси вакиллари Бельгиянинг “United Brussels Institutes” (UBI) институти раҳбарияти билан онлайн музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокараларда Бельгия томонидан UBI институти бошқарувчи директори Ж.Лим, амалиёт директори Л.Казда ва бизнес мактаб декани, ҳамюртимиз М.Аминова иштирок этди.

Ўзбекистон делегациясига олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари У.Бегимқулов бошчилик қилди. Тадбирда Бухоро давлат университети ректори О.Ҳамидов ва ушбу университет ўқитувчилари ҳам қатнашди.

Учрашувдан кўзланган мақсад – Бухоро давлат университети қошида ташкил этиладиган Халқаро факультет фаолиятини ташкил қилиш масалаларини муҳокама қилишдан иборат. Қайд этилишича, UBI билан ҳамкорликда ташкил қилинадиган ушбу факультетда қатор хорижий университетлар ўқитувчилари дарс беради.

Бельгия томонига Ўзбекистон олий таълим тизими, 2030 йилгача соҳани ривожлантириш концепциясининг асосий тамойиллари, ёшларнинг олий таълимда қамраб олиниш даражаси, университетлар сони, шу қаторда хорижий таълим муассасалари филиаллари ҳақида маълумотлар берилди.

Таъкидланганидек, ҳукумат Ўзбекистонни Марказий Осиё мамлакатлари ёшлари учун ўзига хос таълим марказига айлантириш, чет эл университетларини жалб қилишда зарур шароитни яратиш учун барча имкониятларни ишга солмоқда.

UBI бошқарувчи директори Ж.Лим Бельгия томони Бухоро давлат университети билан ҳамкорлик истиқболларини кўриб чиқишга ва у билан боғлиқ барча масалаларни ҳал қилишга тайёрлигини таъкидлади.

Ўз навбатида, UBI Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантириш учун катта истиқболга эга экани қайд этилди.

Ўз навбатида, UBI талабалар алмашинуви ва Ўзбекистондаги ҳамкор университетлар билан биргаликда ўқув курсларини ташкил этиш орқали мамлакатдаги иштирокини кенгайтиришга тайёр эканини билдирди.

Тадбир якунида ҳамкорликни ўрнатиш масалаларини муҳокама қилишни давом эттириш, келгусидаги қадамлар учун ҳуқуқий асосни яратиш учун тегишли меморандумни имкон қадар тезроқ имзолашга келишиб олинди.

UBI 1992 йил апрель ойида Брюсселда нотижорат олий ўқув юрти сифатида ташкил этилган. Бельгияда Британиянинг Миддлесекс университети томонидан бакалавриат ва магистратура йўналишида тасдиқланган дастурларни таклиф қилган биринчи инглиз тилидаги бизнес мактабдир. Университетда дунёнинг 50 мамлакатидан келган талабалар таҳсил олади ва уларга UBI ҳамда Миддлесекс олий ўқув юртлари дипломлари берилади.

Мавзуга оид

Ўзбекистон стартап компаниялари вакиллар...

Мамлакатимиздаги 25 та стартап компания вакиллари Россиянинг «Сколково» фонди томонидан Мо...

Ўзбекистонда Европа Иттифоқи билан ҳамко...

Европа Иттифоқининг ERASMUS+ CBHE - «Олий таълимда салоҳиятни ошириш» лойиҳасининг 2020 йи...

Термиз шаҳрида «Ёш чегарачилар» ҳарбий-а...

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейи фао...

Сўнгги янгиликлар