Uz / Ўз Ru En

Toshkent

23/Июнь/2021   Долзарб

Бухорода парламентлараро глобал ҳамкорлик бўйича форум иштирокчилари БРМларга эришишда молиялаштириш ва статистик кўрсаткичларни шакллантириш масалаларини муҳокама қилади


БУХОРО, 23 июнь. /«Дунё» АА/. «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик» мавзусидаги  халқаро форум ўз ишини давом эттирмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА  мухбирлари.

Учинчи сессияда Ўзбекистон молия вазирининг ўринбосари Аҳмадбек Ҳайдаров республика давлат бюджетини шакллантириш ва бу жараёнга барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)ни киритиш тўғрисида ахборот берди.

Евродепутат Ришард Чернецкий (Польша), «Канада-Ўзбекистон» парламентларо гуруҳи раиси Зиёд Абдулатиф ва БМТ ТДнинг Истанбул офисидаги БРМни молиялаштириш бўйича маслаҳатчиси Сурен Погосян ҳам сессияда тақдимот қилди.

Тўртинчи сессия статистик кўрсаткичларни шакллантириш ва БРМлар тўғрисидаги маълумотларни тизимлаштиришга бағишланди.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси раисининг ўринбосари  Маҳмуджон Зиёдуллаев, МДҲнинг статистика бўйича давлатлараро қўмитаси раиси Владимир Соколин, Қирғизистон Жогорку Кенеши спикери ўринбосари Аида Касималиева, Корея Республикаси Миллий ассамблеяси депутати Бёнг  Чже Ил, ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича мониторинг ва режалаштириш бўйича мутахассиси Сираж Маҳмудлу маъруза билан қатнашди.

Эслатиб ўтамиз, форумнинг биринчи сессияси Барқарор ривожланиш мақсадларининг самарали амалга оширилишини таъминлашда парламентнинг ролига бағишланди. Сессияни Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари  Содиқ Сафоев бошқарди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш бўйича қўмитаси раиси Борий Алихонов, Осиё Парламент ассамблеяси бош котиби Муҳаммад Ризо Мажидий, Индонезия Вакиллар палатаси спикерининг ўринбосари Раҳмат Гобель ва бошқалар иштирок этди.

Улар БРМ барча мамлакатлар учун аҳоли фаровонлигини ошириш ва Ер сайёрасини ҳимоя қилишга қаратилган ҳаракатга чақириқ эканини билдирди. Шу нуқтаи назардан, парламентлар қонунчиликни шакллантиришда, 2030 йилгача кун тартибини ва Барқарор ривожланиш мақсадларини мониторинг қилиш ва рағбатлантиришда фаол роль ўйнайди.

Иштирокчилар «яшил иқтисодиёт»га ўтиш шароитида барқарор ривожланишга эришишда парламентнинг ролини муҳокама қилди.

Шу билан бирга, «яшил иқтисодиёт»ни ривожлантириш, жумладан, Орол инқирозининг салбий оқибатларини камайтириш ва Оролбўйи минтақасининг ижтимоий-иқтисодий ва экологик реабилитацияси нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё учун долзарб аҳамият касб этиши таъкидланди.

Сессияда очлик даражасини пайсайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, барқарор қишлоқ хўжалигини рағбатлантириш ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.

2-сессия иштирокчилари мамлакат миллий ривожланиш стратегияси доирасида БРМларнинг амалга оширилишини кўриб чиқди. Сессияни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов ва БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска  бошқарди.

Сессияда Ўзбекистонда давом этаётган ислоҳотларнинг барқарор ривожланиш мақсад ва вазифаларига мослиги, Малайзия тажрибаси, ЕИнинг БРМларни амалга ошириш стратегияси, ЕХҲТ Парламент ассамблеяси фаолияти, парламентлараро алоқалар ва туркий тилли мамлакатлар ҳамкорлиги каби масалалар муҳокама қилинди.

Сессияларда бу борада амалга оширилаётган ишлар ва юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан фикр алмашилди.

Мавзуга оид

Тожикистон Президентининг ўзбек тилида ...

Кеча Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонн...

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари дав...

Кеча Наманган шаҳридаги студиядан видеоконференция шаклида Ўзбекистон Республикаси Бош ваз...

Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари Са...

Мамлакатимизнинг Санкт-Петербургдаги Бош консулхонаси вакиллари Ташқи меҳнат миграция аген...

Сўнгги янгиликлар