Uz / Ўз Ru En

Toshkent

19/Октабрь/2020   Долзарб

Чихо Миязаки: Ўзбек тилини билган япон тарихан бой маънавий хазина топгандек бўлади


ТОШКЕНТ, 19 октябрь. /«Дунё» АА/.  «Қадринг баланд бўлсин, она тилим» халқаро танловининг «Ўзбек тилининг хориждаги тарғиботчиси» йўналишида учинчи  ўрин соҳиби,  «Буюк ипак йўли» жамияти асосчиси, «Японлар учун ўзбек тили қўлланмаси» китоби муаллифи, профессор Чихо Миязаки «Дунё» АА мухбирига танлов ғолибларини тақдирлаш маросими олдидан эксклюзив интервью берди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

— Бугун мен жуда бахтиёрман, - деди япон олимаси. - Ўзбекистонда эълон қилинган «Қадринг баланд бўлсин, она тилим» халқаро танловида қатнашганим ва унда совриндорлар қаторидан ўрин олганимдан  жуда мамнунман.

Ўзбек халқи томонидан менинг фаолиятим юқори баҳолангани менга жуда катта масъулият юклайди. Бу мен учун жуда катта шарафдир.

Менинг ҳаётимга ўзбек тилидан олдин ўзбеклар кириб келган десам адашмаган бўламан. Ўзбек тили, аввало, жарангдор товушлари, кўнгилга яқин оҳанглари билан мени ўзига ром этди.

Биринчи бўлиб ўзбек тилини Нагоя университетида талабалар билан бирга дарс жараёнида ўрганишни бошладим. Кейин ўқув дастури бўйича Ўзбекистонжа бўлдим.

Шу вақт оралиғида мен японлар учун «Японлар учун ўзбек тили қўлланмаси»ни тайёрлашга киришдим. Мен ушбу рисолани тизимли формулаларга солиб, японлар учун қулай ўрганиш услубини яратдим.

Бу китоб Япониянинг энг нуфузли нашриётларидан бирида чоп этилди. У илк қадам сифатида мен учун ўзига хос маънавий озуқа бўлди. Умид қиламанки, кейинчалик япон тадқиқотчилари бу ишни давом эттириб, уни янги босқичга кўтаради.

Мен япон тилида ҳурмат шаклидаги сўзлар кўп десам, ўзбек тили ҳам ундан қолишмас экан. Масалан, «ижозат берсангиз», «рухсат берсангиз» каби ўзбек тилидаги ибораларнинг ишлатилиши япон тилига жуда яқин.

Грамматик жиҳатдан ўзбек ва япон тиллари бир бирига жуда ўхшайди. Ўзбек тилини билган япон тарихан бой маънавий хазина топгандек бўлади.

Мен ўзбек тилини тингласам, ўзимни гўё кўҳна Буюк ипак йўли замонларида юргандек ҳис қиламан. Ўзбекистон - менинг тақдирим. Ўзбек дўстларим менинг катта бойлигим ва улар билан боғлайдиган ўзбек тили эса ҳалол одамлар яшайдиган дунёнинг калитидир.

Мавзуга оид

Ўзбекистонда «Оролга ҳаёт бағишла» мавзу...

Ўзбекистонда «Оролга ҳаёт бағишла» мавзусида халқаро онлайн конференцияси ўтказилади....

Мактаб таълимидаги камчиликлар ўрганилди...

Шавкат Мирзиёев халқ таълими тизимидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш...

30 июнь — Халқаро парламентаризм куни...

Дунёда 30 июнь – Халқаро парламентаризм куни сифатида кенг нишонланади...

Сўнгги янгиликлар