17/Май/2022 Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги
БИШКЕК, 17 май. /«Дунё» АА/. Чўлпон-Ота шаҳрида (Қирғизистон) ШҲТнинг 3-Иссиқкўл халқаро марафони («Run the Silk Road – Shanghai Cooperation Organization») бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
ШҲТнинг Халқаро Иссиқкўл марафони спортчиларга тегишли стандартларга мувофиқ, Осиё ўйинлари, Жаҳон кубоги ва Олимпия ўйинлари учун лицензия олиш имконини берадиган халқаро балларни тақдим этади. (Марафон Халқаро марафонлар ва югуриш ассоциациясининг сертификатига эга).
Бундан ташқари, 2021 йилда Иссиқкўл марафони Халқаро енгил атлетика федерациясининг «Label Road Races» тақвимига ҳам киритилди.
ШҲТ Бишкек ва Москва саммитларидан сўнг Ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан қабул қилинган Қўшма декларацияларда ташкилот раҳбарлари халқлар ўртасида дўстлик ва ўзаро тушунишни чуқурлаштиришга ҳисса қўшадиган Иссиқкўл ва Куньмин (Хитой) марафонларини мунтазам равишда ўтказишни ёқлаб чиқдилар.
Жорий марафонда 22 мамлакатдан, шу жумладан, ШҲТ мамлакатларидан 3 минг нафар спортчи иштирок этди. Улар 3, 10, 21, 42 километр масофаларда беллашдилар.
Бош котиб Чжан Мин марафон иштирокчиларига йўллаган табригида ушбу тадбир ўзига хос жозибадорлиги, оммавий хусусияти билан алоҳида мавқега эга эканлиги, шунингдек, бутун дунё бўйлаб анъанавий дўстлик ва халқларнинг яқинлашувини чуқурлаштириш кўпригига айланганини таъкидлади. Чжан Мин аъзо давлатлар раҳбарларининг қўллаб-қувватлаши ШҲТ тараққиёти учун битмас-туганланмас куч эканини қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик спортчи Шоҳруҳ Давлатов 42 километрда ўтказилган ШҲТнинг «Run the Silk road — Shanghai Cooperation Organization» Иссиқкўл марафонида ғолибликни қўлга киритган эди.