Uz / Ўз Ru En

Toshkent

01/Март/2021   COVID-19

COVID-19 пандемиясидан кейин Ўзбекистоннинг яшил тикланиши масалалари халқаро онлайн-форумда муҳокама қилинади


ТОШКЕНТ, 1 март. /«Дунё» АА/. Жорий йил 3-4 март кунлари “Янги имкониятлар сари: COVID-19 коронавирус пандемиясидан кейинги Ўзбекистоннинг яшил тикланиши” мавзусида халқаро онлайн-форум ўтказилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири БМТ Тараққиёт Дастури (БМТТД) ваколатхонаси маълумотига таяниб.

Икки кунлик анжуман Ўзбекистон иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Гидрометеорология хизмати маркази (Ўзгидромет), Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, БМТ Тараққиёт дастури, Европа Иттифоқи, БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси томонидан ташкил этилади.

Форум ҳукумат, бизнес ва жамоатчилик қандай қилиб яшил тикланишга асосланган янги сиёсатни амалга ошириш учун саъй-ҳаракатларини бирлаштира олишини муҳокама қиладиган ва “яшил” иқтисодиётга ўтишда кўмак кўрсатиш учун амалий тавсиялар берадиган онлайн-платформа бўлиши кутилмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашишни қўллаб-қувватлаш учун стратегия ва чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда. 2019 йил октябрь ойида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасини 2019-2030 йилларда “яшил” иқтисодиётга ўтиш бўйича чора-тадбирлар Стратегияси” мазкур йўналишга яққол мисол бўлади.

COVID-19ни кенг тарқалиши жамият саломатлиги иқлим ва табиат билан қанчалик тиғиз боғлиқлигини яққол намоён этди, бу эса табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш ҳисобига “яшил” тикланишни, иқлим ўзгариши оқибатларини енгиллатиш ва уларга мослашишни бошлашга рағбат берди. Бугунги кунда иқтисодиёт иссиқхона газларини ҳавога ташлашни оширмасдан туриб, янада экологик, паст углеродли йўлдан бориб, инқироздан чиқиш имкониятларидан фойдаланиш муҳимлиги яққол намоён бўлди.

Бўлажак форум қуйидаги муҳим вазифалар орқали Ўзбекистонни “яшил” тикланиши ғоясини илгари суришга мўлжалланган:

  • “Яшил” тикланиш ва барча манфаатдор томонларни бирлаштириш мақсадида Ўзбекистон учун  янада яхши ривожланиши нимани англатишини ўрганиш.
  • Энергиянинг қайта тикланувчи манбалари, энергия самарадорлиги, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва бошқа тегишли йўналишлардаги сиёсатни, шу жумладан, Ўзбекистонда “яшил” иқтисодиётга ўтиш, “яшил” тикланиш жараёнида бўлажак эҳтимолли инқирозларга илғор, барқарор жамият ва иқтисодиётни яратишга кўмак бериш, бир вақтни ўзида табиий ресурслар ва атроф-муҳитга босимни пасайтириш сиёсатини муҳокама қилиш учун майдонни тақдим этиш.
  • COVID-19 даврида ва кенг тарқалиши ҳолатида Ўзбекистон ҳукуматини “яшил” иқтисодиётни тиклаш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида тавсиялар шакллантириш.

Онлайн-форум Zoom платформаси орқали инглиз, рус ва ўзбек тилларида ўтказилади.

БМТ Тараққиёт дастури барча манфаатдор томонларни форумда иштирок этишга таклиф этган ҳолда, унда қатнашиш ва синхрон таржима хизматидан фойдаланиш учун https://bit.ly/3uoc2qf ҳаволасида рўйхатдан ўтиш кераклигига эътибор қаратган.

Мавзуга оид

Ўзбекистоннинг Қозондаги Бош консуллиги ...

Россиянинг Волга федерал округи ҳудудида бўлган ва COVID-19 коронавируси билан касалланган...

ССВ:Ўзбекистонда коронавирус билан оғриг...

Бугун, 18 апрель соат 23:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилга...

Сарҳисоб: 21 июнь куни 162 ҳолатда корон...

Аввал хабар қилганимиздек, 21 июнь куни 87 нафар фуқаро соғайди. Улар Тошкент шаҳри, Навои...

Сўнгги янгиликлар