Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбМаданиятСайёҳликМедиаЯна рукнлар

05/Июль/2021   Президент

Давлат раҳбарига қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ва кимё саноатидаги лойиҳалар тақдим этилди


ТОШКЕНТ, 5 июль. /«Дунё» АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ҳамда кимё саноатидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига таяниб.

Бундан бир йил олдин, 8 июлда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ташкилотлари фаолиятининг самарадорлигини оширишга оид қарори қабул қилинган эди. Унга мувофиқ, Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи, Агрегат заводи, Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи ва “Технолог” акциядорлик жамиятларининг устав капиталидаги давлат улушлари уч йил муддатга “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамиятига ишончли бошқарувга берилган эди. Тармоқ корхоналарининг рентабеллигини ошириш, маҳсулотлари сифатини яхшилаш ва таннархини пасайтириш вазифалари белгиланган эди.

Ўтган даврда Тошкент қишлоқ хўжалиги техника заводидаги ишлаб чиқариш майдонлари 68 фоизга мақбуллаштирилиб, ускуналардан фойдаланиш самарадорлиги оширилди. Натижада маҳсулот таннархи 4 фоизга пасайди ва қарийб 45 миллиард сўм иқтисод қилинди. Хорижий ишлаб чиқарувчилар билан музокаралар ўтказилиб, 80-100 от кучига эга бўлган тракторлар нархлари 15-20 фоизга арзонлаштирилди.

Минск трактор заводи билан хамкорлик ўрнатилди. Бу шериклик доирасида Ўзбекистонда ҳар йили 3 мингта трактор ишлаб чиқариш кўзда тутилмоқда.

Шу билан бирга, корхоналарнинг технологик ва ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, қишлоқ хўжалигини замонавий техникалар билан таъминлаш бўйича ҳали вазифалар кўп. Тармоқда мавжуд қувватлардан фойдаланиш даражаси 19 фоиз, маҳаллийлаштириш ўртача 20 фоиз экани мутлақо қониқарли эмас. Маҳаллий техникалар нархи импорт техникаларга нисбатан 10-15 фоиз қиммат.

Шу боис тақдимотда қишлоқ хўжалиги машинасозлиги кластерини ташкил этиш, қувватлардан фойдаланиш ва маҳаллийлаштириш даражасини ошириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Тошкент шаҳрида жойлашган тармоқ корхоналарини Чирчиқ шаҳрига кўчириш ва уларнинг негизида қишлоқ хўжалиги машинасозлиги кластерини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.

Режага кўра, Тошкент ва Чирчиқдаги қишлоқ хўжалиги техникаси заводлари, Агрегат заводи, “Технолог” ва “ЎзКлаас Агро” корхоналари саноат кластери усулида ягона майдонда жойлаштирилади. 1 минг 200 та ускуна ва жиҳоз, 28 турдаги техника оптималлаштирилиб, ишлаб чиқариш қувватидан фойдаланиш 85 фоизга, маҳаллийлаштириш 50 фоизга етказилади. Натижада ишлаб чиқариш таннархи 20 фоизга пасайиб, корхоналарнинг рентабеллик даражаси 10 фоизга ошиши кутилмоқда.

Молия вазирлигига кластерни ташкил этиш билан боғлиқ дастлабки харажатлар учун 500 миллиард сўм ажратиш вазифаси қўйилди. Бу маблағ тармоқ корхоналарининг бино-иншоотлари ва майдонлари аукцион савдоларида сотилиши ҳисобидан қайтарилади.

Президентимиз маҳаллийлаштириш борасидаги ишларни давом эттириб, техникалар нархини арзонлаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Хусусан, Минск трактор заводи билан ҳамкорликда ишлаб чиқариладиган тракторларни маҳаллийлаштириш даражасини келгуси йил 40 ва 2023 йилда 50 фоизга, “ЎзКлаас Агро” бўйича бу кўрсаткични 25 фоизгача етказиш вазифаси қўйилди.

Шу билан бирга, маҳаллий техникаларни сотиб олиши учун фермер хўжаликлари ва кластерларга енгиллик яратиш зарурлиги таъкидланди. Шу мақсадда лизингнинг бошланғич тўловини 25 фоиздан 15 фоизга ва фоиз ставкасини 16 фоиздан 7 фоизга тушириш ҳамда лизинг муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириш таклифи билдирилди.

Халқаро тажрибани ўрганиб, қишлоқ хўжалиги техникасига сервис хизматини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича ҳам топшириқлар берилди.

Тақдимотда кимё кластерлари ташкил этишга оид лойиҳалар ҳам кўриб чиқилди.

Хусусан, “Навоийазот” акциядорлик жамияти негизидаги кластерда умумий қиймати 3 миллиард 400 миллион долларлик 23 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Уларнинг самарасида йилига 1 миллиард 800 миллион долларлик маҳсулот тайёрлаш қуввати ва 3 минг 100 дан ортиқ иш ўрни яратилади.

Лойиҳалардан бири – карбамид-формальдегид концентрати ва смоласи ишлаб чиқариш корхонаси яқинда ишга туширилди. Сульфат кислотаси бўйича яна бир лойиҳа ҳам шу йил фойдаланишга топширилади.

Шунингдек, Навоий шаҳридаги “Электрокимёзаводи” қўшма корхонасида углерод толалари ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади.

Тақдимотда пойтахтимизнинг Улуғбек шаҳарчасида илмий кимё кластерини ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Мавзуга оид

Ўзбекистон Президенти: бор имкониятдан ф...

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бугун ҳудудларда маҳаллий саноатни ривож...

Давлатимиз раҳбари Биринчи Президент қаб...

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқандга сафари чоғида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Исло...

Ўзбекистон Президенти Германия раҳбарлар...

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Германия Федерал Республикаси Федерал Канцлери Ангел...

Сўнгги янгиликлар