Uz / Ўз Ru En

Toshkent

22/Октабрь/2020   Ўсиш нуқтаси

Давлатимиз раҳбарининг хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва фаол инвестиция сиёсати Сирдарёда бўй кўрсатмоқда


 

 

СИРДАРЁ, 22 октябрь. /«Дунё» АА/.  Аввал хабар берганимиздек, амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ва бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Сирдарё вилоятига пресс-тур ташкил этилди. Журналистлар сафар давомида вилоятдаги ишлаб чиқариш қувватлари билан ҳам яқиндан танишди.

Бугунги кунда Сирдарё вилоятида хорижий инвестор иштирокидаги 200 га яқин корхона фаолият юритмоқда. Жумладан, ҳудудда Хитой, Россия, Италия, Жанубий Корея, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Беларусь, Қозоғистон, Покистон, Эрон каби қатор давлатлар ишбилармонлари иқтисодиётнинг турли тармоқларида ўз бизнесларини ташкил этиб келяпти.

 Ана шундай корхоналардан бири Сирдарё туманидаги  «Sirdaryo-mega-luks»  масъулияти чекланган жамиятидир.

Хусусий саноат-тижорат компанияси 2009 йилда ташкил этилган. 2012 йил октябрь ойида унинг негизида ««Sirdaryo-mega-luks» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон – Россия қўшма корхонаси ташкил этилди. Корхона  тўқилган полипропилен пакетларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. У ерда ип ишлаб чиқаришдан тортиб замонавий ускуналарда сумкалар тайёрланади. Мижозлар талабига кўра, маҳсулот сифати ва буюртмани ўз вақтида етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилади.

Тўқилган сумкалар озиқ-овқат ва қурилиш маҳсулотлари, минерал ўғитлар ва бошқа турдаги маҳсулотларни қадоқлаш, уларни сақлашда қўлланилади. Сумкалар ҳаво ўтказиши, кимёвий хусусияти, узоқ сақланиши ва қайта ишлаш имконига эга экани билан зиғир, жут ва қоғоздан ясалган муқобилларига нисбатан устунликка эга.

Маҳсулотнинг тўлиқ рангли флексографик ишлаб чиқарилиши унинг харидоргирлигини оширмоқда. Махсус дизайн талабларига эга мижозлар учун “Био ПП” гравюрали босма плёнка билан қоплаш таклиф этилмоқда.

Кундан кунга ривожланиб бораётган компания ўз маҳсулотлари ҳажми ва турини оширишга интилмоқда. Айни пайтда корхонада ойида 2 миллион тонна полипропилен қайта ишланиб,  12 миллион дона қоп ва сумка ишлаб чиқарилмоқда. Сўнгги 3 йилда  корхонани янада ривожлантириш бўйича 150 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилди. Натижада, маҳсулот  ишлаб чиқариш қуввати ойига 22 миллион донага етди. Қайд этиш жоиз, лойиҳани янада кенгайтириш мақсадида 2021 йилда «SMLMaschinengesellschaftmbH» компанияси (Германия)нинг 18,5 минг тонна   “стреч пакетлари”ни  ишлаб чиқариш линияси ишга туширилади.

Айни пайтда ишга туширилган лойиҳанинг умумий қиймати  30 миллион долларни ташкил қилмоқда. Шундан 26,9 миллионини банк кредити, 3,1 миллионини эса тадбиркорнинг ўз маблағи ташкил қилади.

Масъулияти чекланган жамиятида Биг-Бэр пакетлари ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Айни пайтда ушбу йўналишдаги мажмуанинг қолган босқичларини ишга туриш бўйича қурилиш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Лойиҳанинг навбатдаги босқичлари ишга туширилгач қўшимча  1 минг 500 та иш ўрни яратилади.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг вилоятга ташрифи чоғида лойиҳани амалга ошириш бўйича режаларимизни тақдим этган эдик, – деди «Sirdaryo-mega-luks» таъсисчиси Муҳриддин Нормаматов. – Янги лойиҳалар 5 мингта янги иш ўрнини яратишга, минтақавий инфратузилмани яхшилашга, экспорт ҳажмини оширишга ва ҳудуд иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатишга имкон беради. Таъкидлаш жоиз, давлатимиз раҳбари корхона фаолиятини ижобий баҳолаб, янги лойиҳаларга ишонч билдирди. Тақдим этилган режалар бугун босқичма-босқич амалиётга татбиқ этилмоқда. Ишлаб чиқариш жараёнини технологик таъминлаш мақсадида Австриядан 35-40 миллион долларга замонавий ускуналар харид қилинди. Ускуналар бир дақиқада турли ҳажмдаги 150 та қоп ишлаб чиқариш имконига эга. Дунёда Covid-19 билан боғлиқ эпидемиологик вазият ҳукм сураётганига қарамасдан корхонада ишлаб чиқариш жараёни тўхтаб қолгани йўқ. Аксинча, пандемия даврида 600 киши доимий иш билан таъминланди. Бу 600 та оила даромадли бўлди, деганидир.

Қайд этилишича, лойиҳани тўлиқ ишга туриш мақсадида ҳамкорлик алоқалари тўлиқ қайта тикланди. Зарур ускуналар етказиб бериш ишлари бошланди, янги ишлаб чиқариш блокларини қуриш ишлари якунланмоқда.

Сафар давомида гувоҳи бўлганимиз 32 гектар ҳудудни эгаллаган корхонада ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ автоматлаштирилган, замонавий технологиялар имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда. Натижада халқаро миқёсда рақобатбардош маҳсулотлар тайёрланмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида умумий қиймати 4 миллион долларга яқин маҳсулот Россия, Қозоғистон, Украина, Тожикистон каби мамлакатларга экспорт қилинди.

Ҳозирги кунда корхонада экологик тоза маҳсулот – БиоПП целлофанларини ишлаб чиқариш блоги қуриб битказилган. Хорижда харидоргир бўлган ушбу маҳсулотни ишлаб чиқаришга мўлжалланган технологиялар Германиядан олиб келинмоқда. Йил якунига қадар тўлиқ ишга тушириладиган ушбу блокда йилига 50 миллион тонна маҳсулотни қадоқлашга мўлжалланган тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, йирик лойиҳа доирасида ишлаб чиқариш мажмуалари фаолиятини кенгайтириш билан бирга, ишчи-ходимлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, улар фаровонлиги таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда корхона ишчиларининг ўртача маоши 4-5 миллион сўмни ташкил қилмоқда, уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланган. Ишчиларнинг келиб-кетиши учун махсус автобуслар қатнови йўлга қўйилган. Айни пайтда компания ҳудудида ишчи ходимлар учун барча қулайликларга эга 18 та қўп қаватли уй қурилиши жадал давом этмоқда.

Мухтасар айтганда, инвестор  томонидан амалга оширилаётган лойиҳа Сирдарё вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга, ҳудуд аҳолиси бандлиги ва даромадини оширишга хизмат қилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар давлатимизнинг хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва фаол инвестиция сиёсати самарасидир.

 

Жобир Хўжақулов,

«Дунё» АА

Мавзуга оид

Нажиб Воҳра: “Афғонистондаги тинчлик Пок...

“Дунё” АА мухбири «Najeeb Fibers», «Najeeb Consultants Pvt.» ва «Jawed Enterprises» каби с...

Япониянинг "Global Silk Road Inc." компа...

“Дунё” АА видеоинтервьюси шу мавзуга бағишланган....

Миср ОАВларида: “Ўзбек тили ХI-ХIII асрл...

Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонасида ўзбек тили байрами куни муносабати билан ўтказилган т...

Сўнгги янгиликлар