07/Февраль/2023 Ўзбекистон дунё нигоҳида
ДЕЛИ, 7 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчихонасида мамлакатимизнинг маданий ва сайёҳлик салоҳиятига бағишланган кўргазма ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Дипломатик миссиядан маълум қилишларича, тадбир Ҳиндистонда аккредитациядан ўтган элчиларнинг турмуш ўртоқлари уюшмаси аъзолари учун уюштирилган. Иштирокчилар кўргазма доирасида Ўзбекистон ҳунармандларининг асарлари билан танишиш имконига эга бўлди.
Меҳмонларга мамлакатимизнинг туризм салоҳияти, Тошкент ва Деҳли ўртасидаги мунтазам авиақатновлар, дунёнинг кўплаб мамлакатлари фуқаролари учун жорий этилган соддалаштирилган виза тартиби ҳақида сўзлаб берилди.
Кўргазмага ташриф буюрганларга ўзбек халқининг урф-одатлари ва қадриятлари, миллий анъаналари ҳақида ҳикоя қилувчи ахборот материаллари тарқатилди.