Uz / Ўз Ru En

Toshkent

12/Февраль/2020   Тошкент халқаро инвестиция форуми

Деҳлида Тошкент халқаро инвестиция форуми тақдимоти ўтказилди


ДЕҲЛИ, 12 февраль. /”Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Деҳли шаҳридаги элчихонаси ва Ҳиндистоннинг Ривожланаётган мамлакатлар учун тадқиқот ва информацион тизимлар институти билан ҳамкорликда Тошкент халқаро инвестиция форумига бағишланган брифинг ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги, Савдо ва саноат вазирлиги, Электроника ва информацион технологиялар вазирлиги, Ривожланаётган мамлакатлар учун тадқиқот ва информацион тизимлар институти, ишбилармон доиралар, таҳлилчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Тадбир иштирокчиларига мамлакатимиз иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти, жорий йил 5-6 март кунлари ўтказилиши режалаштирилган Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳақида атрофлича маълумот берилди. Тақдимот давомида Ҳиндистондинг расмий ва бизнес доиралари вакиллари сўз олиб, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик салоҳияти, истиқболли инвестицион лойиҳалар ҳақида тўхталиб ўтди.

Хусусан, Ҳиндистон Савдо ва саноат вазирлиги бошқарма бошлиғи Рам Упендра Дасга кўра, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги мавжуд анъанавий тарихий, маданий  ришталар ўз навбатида иқтисодий ҳамкорликнинг кенгайишига хизмат қилиб келмоқда. “Мамлакатларимиз ўртасида ўзаро савдо ҳажмини бир неча баробарга ошириш учун салоҳиятимиз етарли. Бу борада биз олдимизда турган турли даражадаги муаммоларни биргаликда ҳал қилишимиз талаб этилади. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини кенгайтиришга тўсиқ бўлиб турган масалаларни ечиш бўйича икки давлат мутахассислари ўртасида музокаралар бошланганини алоҳида қайд этишим лозим”, – дея таъкидлади ўз сўзида у.

Мутахассис фикрича, ахборот-технологиялар, инновацион хизматлар, фармацевтика, туризм каби йўналишлар яқин келажакда икки томонлама иқтисодий ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари бўлиб қолади.

Санжай Натх Сингх, Ҳиндистон фермерлар ассоциацияси бош котиби:

- Ўзбекистонда бир неча маротаба бўлганман. Лекин ўтган йил август ойида амалга оширган сафарим ўзгача таассуротларга бой бўлди. Ташриф давомида Тошкент шаҳар маъмурияти, шаҳарнинг ишбилармон доиралари вакиллари билан ўзаро самарали учрашувлар ўтказдик. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятлар, умуман олганда сўнгги йилларда хусусий бизнесни юритиш учун берилаётган имтиёзлар алоҳида таҳсинга сазовор.

Бугунги тақдимот давомида 5-6 март куни ўтказилиши режалаштирилган Тошкент халқаро инвестиция форуми хусусида батафсил маълумот олдик. Ўйлайманки, мазкур форум турли йўналишларда фаолият олиб борувчи етакчи компаниялар вакилларининг ўзаро фойдали мулоқоти учун қулай платформа вазифасини ўтайди. Ўз навбатида мен ҳам қатор ҳамкорларим билан биргаликда Тошкент инвестиция форумида иштирок этиш ва истиқболли қўшма лойиҳаларни муҳокама қилишни режалаштирганман.

Мохан Кумар, Ривожланаётган мамлакатлар учун тадқиқот ва информацион тизимлар институти раиси:

- Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда бугунги тадбирни ташкил этишдан хурсандмиз.        Бизнинг муассаса халқаро иқтисодий тараққиёт, савдо, инвестиция ва технологиялар йўналишларида изланишлар олиб боришга ихтисослашган мустақил сиёсий тадқиқотлар институти ҳисобланади.

Бугунги тадбир давомида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги мавжуд савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг турли жиҳатларига тўхталиб ўтилди. Бу борада нафақат тадқиқотчилар, балки бевосита шу йўналишларда амалий фаолият олиб бораётган ҳинд компаниялари, ишбилармонлари фикрлари тингланди. Шу боис ҳам бундай форматда ташкил этиладиган мулоқотларнинг амалий аҳамияти юқори, деб ҳисоблайман.

5-6 март кунлари ўтказиладиган Биринчи Тошкент халқаро инвестиция форумига Ҳиндистон бизнес доиралари томонидан юқори даражада қизиқиш билдирилмоқда. Ўйлайманки, Тошкент форуми Ўзбекистон ва Ҳиндистон бизнес доиралари учун ҳамкорликнинг янги қирраларини кашф этишга имкон беради. Фурсатдан фойдаланиб, форум ташкилотчилари ва иштирокчиларига муаффақият тилайман.

Мавзуга оид

Расмий: Тошкент халқаро инвестиция форум...

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Тошк...

Малайзияда Тошкент халқаро инвестиция фо...

Малайзия пойтахтида I Тошкент халқаро инвестиция форумига бағишланган брифинг бўлиб ўтди....

Италиялик тадбиркорлар Тошкент халқаро и...

Милан шаҳри, Лоди, Монза ва Брианза (Ломбардия минтақаси) провинцияларида фаолият юритаётг...

Сўнгги янгиликлар