Uz / Ўз Ru En

Toshkent

29/Июль/2021   Долзарб

Деҳлида Тошкент конференцияси якунлари ва Ўзбекистон-Ҳиндистон муносабатларининг истиқболлари муҳокама қилинди


ДЕҲЛИ, 29 июль. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Деҳлидаги элчихонаси томонидан Ҳиндистоннинг «Ananta-Aspen» маркази ва Глобал тадқиқотлар институти билан ҳамкорликда «Ўзбекистон-Ҳиндистон муносабатлари: изчиллик ва уйғунлик» мавзусига бағишланган вебинар ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Унда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги икки томонлама алоқаларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболли йўналишлари билан биргаликда 2021 йил 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик: Таҳдидлар ва имкониятлар» халқаро конференцияси якунлари ва унинг аҳамияти муҳокама қилинди.

Онлайн-тадбирда Глобал тадқиқотлар институти президенти, Ҳиндистоннинг Қозоғистон, Швеция ва Латвиядаги собиқ элчиси Ашок Сажжанхар, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Маниш Прабҳат, Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Ахатов, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтининг бўлим бошлиғи Алишер Қодиров маъруза билан қатнашдилар.

«Zoom» платформаси орқали 130 нафардан ортиқ ҳинд эксперти, ишбилармон доиралар ва ОАВ вакиллари тадбирда иштирок этди. Бундан ташқари, тадбир «Ananta-Aspen» марказининг «Facebook»даги саҳифаси ва «Youtube» канали орқали жонли эфирга узатилди.

Глобал тадқиқотлар институти президенти Ашок Сажжанхар ўз чиқишида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги кўп асрлик тарихий алоқалар мавжуд эканлигини қайд этар экан, ўзаро алоқалар савдо-сотиқ муносабатлари, маданий-маънавий ришталарнинг ривожланишида, хусусан меъморчилик, адабиёт, мусиқа ва рақс санъати каби кўплаб соҳаларда чуқур акс этганини таъкидлади.

Ашок Сажжанхар замонавий босқичда Ҳиндистон-Ўзбекистон алоқаларининг кўлами кенгайиб бораётганлиги хусусида тўхталар экан, унинг замирида икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мавжуд самимий ва дўстона муносабатлар ҳамда мунтазам мулоқотлар ётганлигини қайд этди. Шу ўринда у 2020 йил декабрь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ўртасида бўлиб ўтган «виртуал саммит» аҳамиятига алоҳида урғу берилди. Мазкур форматдаги мулоқот икки томонлама муносабатлар тарихида биринчи марта ташкил этилганлиги тадбир иштирокчиларининг эътиборини тортди.

Ҳинд эксперти «Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатда барча соҳаларда олиб борилаётган фаол ва кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Ўзбекистоннинг нафақат хорижий сармоядорлар учун жозибадорлиги ошди, балки у минтақадаги муҳим жараёнларни ҳал қилишдаги асосий ва етакчи давлатга айланди», - деди А.Сажжанхар.

Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Маниш Прабҳат ўзбек-ҳинд муносабатларининг бугунги кундаги ривожи учун муҳим бўлган тўрт асосий омилга тўхталди.

Биринчидан, давлат раҳбарлари ўртасида мунтазам мулоқотларнинг йўлга қўйилганлиги икки томонлама алоқаларнинг янги босқичга кўтарилишида муҳим аҳамият касб этди.

Иккинчидан, олий даражадаги мунтазам мулоқотлар натижасида қатор соҳаларда ҳамкорлик учун янги имкониятлар очилди. Бунга олий даражадаги ташрифлар ва “виртуал саммит” доирасида имзоланган келишувлар мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

Учинчидан, ўзаро боғлиқлик, яъни транспорт йўлакларини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш икки томонлама алоқалар кўламини кенгайтиришда ҳал қилувчи роль ўйнайди.

Тўртинчидан, Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида шаклланган яқин дўстлик алоқалари икки мамлакатнинг минтақавий ва глобал муаммоларга ечим топиш доирасидаги фаол ҳамкорлиги учун замин яратмоқда.

Маниш Прабхат Европа Иттифоқи томонидан Ўзбекистонга GSP+ бенефициар мамлакат мақомини берилгани, унинг Марказий Осиёдаги улкан иқтисодий салоҳияти ва йирик истеъмол бозорига эга эканини таъкидлар экан, ҳиндистонлик сармоядорлар ва ишбилармонларни мавжуд имкониятлардан фаол фойдаланишга даъват этди.

Ҳиндистон элчиси ўз маърузасида икки томонлама алоқалар кўламини кенгайтиришда ўзаро транспорт йўлакларини ривожлантириш муҳим эканлигини алоҳида таъкидлаб, 2021 йил 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик: Таҳдидлар ва имкониятлар” халқаро конференцияси якунлари томонлар учун амалий аҳамият касб этганлигига эътибор қаратди. Ҳинд дипломати «мавжуд транспорт коридорлари ва улар таркибига кирувчи йирик лойиҳалар, хусусан Эроннинг «Чабахар» портидан биргаликда кенг фойдаланиш нафақат икки томонлама алоқалар, балки Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги муносабатлар ривожига улкан амалий ҳисса қўшишини» билдирди.

Тадбирда мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Аҳатов томонидан сўнгги йиллардаги Ўзбекистон-Ҳиндистон алоқалари ривожи ва ўзаро ҳамкорлик истиқболлари, шунингдек, жорий йил 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик: Таҳдидлар ва имкониятлар» халқаро конференциясида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан минтақалар давлатлари ўртасида ўзаро боғлиқликни янада ривожлантириш бўйича илгари сурилган ташаббус ва таклифлар хусусида батафсил маълумот берилди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтининг бўлим бошлиғи Алишер Қодиров Тошкент конференциясида эришилган асосий натижалар хусусида батафсил тўхталиб, уларнинг Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ривожидаги улкан аҳамиятини таъкидлади.

Конференция минтақалараро муносабатлар ривожидаги тўсиқларни ҳал қилиш, келиб чиқиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш, хусусан, Афғонистондаги ҳозирги вазиятни барқарорлаштиришда томонлар ўртасида фикр алмашиш учун қулай ва долзарб платформа вазифасини ўтаганлиги алоҳида эътироф этилди.

Вебинарда иштирок этган кузатувчи ва етакчи экспертлар тегишли йўналишлар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олганлари баробарида муҳокама қилинган мавзулар бўйича ўзларининг таклиф ва мулоҳазаларини ҳам  билдирди.

Хусусан, «Амити» мактаблар тармоғи вакили, «Амити» таълим ресурс маркази директори Жйоти Арора икки томонлама муносабатларда ёшлар ўртасидаги, яъни мактаб ўқувчилари орасида алмашувлар йўлга қўйилиши муҳим эканлигини таъкидлади. Бу борада у «Амити» мактаблар тармоғи ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари билан маданий ва таълим алмашувларини йўлга қўйишга тайёр эканини маълум қилди.

«Tillotoma Foundation» ташкилоти илмий ходими Мина Сингх Рой Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳунармандчилиги маҳсулотлари онлайн кўргазмасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. У мазкур соҳада фаолият олиб бораётган хотин-қизларга алоҳида эътибор ва имтиёзлар бериш, маҳсулотларни сотиб олиш имконини берувчи доимий платформа яратилиши иқтисодий ва маданий алоқалар ривожига ҳисса қўшишига умид билдирди.

Мавзуга оид

ТИВ ва хориждаги дипломатик ваколатхонал...

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида ташқи сиёсат маҳкамаси ва хор...

Ўзбекистон Бош вазири Мирзаобод, Оқолтин...

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Мирзаобод, Оқолтин ва Сардоба туманларид...

Жанубий Кореядан муносабат: Ўзбекистон Т...

“Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг (Туркий кенгаш) видеоанжуман шаклида бўлиб ў...

Сўнгги янгиликлар